Google’дан ажойиб бешлик: Google Home ассистенти (Видео)

Google’дан ажойиб бешлик: Google Home ассистенти (Видео)

Pixel смартфонлари билан бир қаторда кеча қидирув гиганти Google Home номли қурилмани ҳам намойиш этди. Мазкур гаджет Google сервисларига киришда ва бир қатор бошқа фойдали функциялардан фойдаланишда кўмаклашади. Қурилма Amazon Echo адаптерига бозорда тўғридан-тўғри рақобатчи бўлиши айтилмоқда. Google Home кўпчилик мурожаат қиладиган бир қанча функцияларни (будилник, таймер, медиаплеер, ақлли уйни бошқариш маркази ва бошқ.) ўз ичига олади. Шунингдек, у интернетдан турли маълумотларни қидириши, ҳар хил сервисларга буюртма бериши ҳам мумкин. Энг қизиғи, буларнинг барчасини овозли буйруқлар ёрдамида амалга ошириш мумкин.

Google Home уйдаги динамиклар ва Android TV телевизорларига осонлик билан улана олади. Фойдаланувчи овозли буйруқ ёрдамида гаджетдан плейлистдаги мусиқаларни қўйишни, календардаги режа ва ҳодисаларни текширишни сўраши мумкин. Ҳозирда YouTube Music, Google Play Music, Spotify, Pandora, iHeartRadio ва TuneIn каби сервислар Google Home томонидан қўллаб-қувватланади.

Оддийроқ қилиб тушунтирганда, Google Home овозли буйруқлар ёрдамида фойдаланувчига кўмаклашадиган гаджет бўлиб, у созланган уланиш нуқтаси орқали компания серверларига уланади ва керакли маълумотларни ўз эгасига тақдим қилади.

Google Home қурилмасини бошқаришда Google Assistant платформасидан фойдаланилади. Қурилманинг остки қисмини алмаштириш мумкин бўлади. У интерьер дизайнига мос тушиши учун бир неча ранг вариацияларида тайёрланади.

Google Home ноябрь ойида 129 доллар нархида сотувга чиқарилади.

 

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!