Google Earth’да катта янгиланиш: виртуал саёҳатлар ва сифатли уч ўлчамли хариталар

  •   DiMaX
  •  2296
  •  20.04.2017 10:36

Google Earth’да катта янгиланиш: виртуал саёҳатлар ва сифатли уч ўлчамли хариталар

22 апрелда нишонланадиган бутунжаҳон Ер куни арафасида Google ўзининг Google Earth сервиси учун кенг кўламли янгиланишни тақдим этди. Янги версия турли жойларнинг уч ўлчамли хариталарини томоша қилишга имкон беради. Интерфаол саёҳатлар туфайли эса, сайёрамиз ҳақида янада кўпроқ маълумот олиш мумкин.

Интерфаол экскурсиялар олимлар, ҳужжатшунослар ва тегишли соҳалар мутахассислари томонидан тузилган. Google’дан таъкидлашларича, дастурда аллақачон элликдан ошиқ шундай саёҳатлар мавжуд. Уларни янги – Voyager бўлимидан топасиз.

Улар орасида, масалан, Танзаниядаги Гомбе-Стрим миллий хиёбонига саёҳат уюштириш имкони мавжуд. Бу интерфаол экскурсия давомида сизга приматлар бўйича мутахассис ва БМТ тинчлик элчиси Жейн Гудолл (Jane Goodall) гид сифатида «хизмат кўрсатади». Шунингдек, янгиланган иловага BBC Earth тақдим этган видео форматидаги олтита саргузашт ҳам киритилган. Рўйхатда болалар учун майя цивилизацияси қолдиқлари бўйлаб саёҳат ҳам бор. Унда «Сезам кўчаси» маърифий дастуридаги персонаж йўлбошловчилик қилади.

Google Earth янгиланган версиясида I’m Feeling Lucky тугмачаси – Google қидирув хизматидаги «Омадим борга ўхшайди» («Мне повезёт») функциясининг аналоги ҳам тақдим этилган. Уни боссангиз, сервис сизни тасодифий олинган бирор жойга саёҳатга «юборади». Бу Италиядаги опера театри ҳам, Япония қайноқ булоқлари ҳам бўлиши мумкин. Бу ерда яна сиз «ташриф буюрган» жой ҳақидаги қизиқарли фактлар битилган карточкаларни варақлашнинг ҳам иложи бор.

Бундан ташқари, диққатга сазовор жойлар ва уларнинг атрофларини энди уч ўлчамли кўринишда томоша қилиш имкони мавжуд. Бунинг учун экраннинг юқори ўнг бурчагидаги 3D тугмачасини босиш кифоя. Google объектларнинг уч ўлчамли моделлари устида жуда яхши ишлаган ва уларни етарлича аниқ чиқарган.

Ишлаб чиқувчиларнинг таъкидлашларича, янгиланган сервиснинг яратилишига икки йил вақт сарфланган. Ҳозирда янгиланган версияни Chrome браузерида мана бу ҳавола орқали ўтиб ҳамда Android учун чиқарилган Google Earth иловаси ёрдамида синаб кўриш имкони мавжуд. Кейинроқ бу имкониятлар iOS тизими ва бошқа браузерлар учун ҳам тақдим этилади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!