Google Earth иккита ажойиб функция билан кучайтирилди

  •   DiMaX
  •  3029
  •  26.06.2018 10:37

Google Earth иккита ажойиб функция билан кучайтирилди

«Қидирув гиганти» тақдим этган зўр лойиҳалардан бири – Google Earth сервисидир. У фойдаланувчиларга Ер сайёрасининг деярли исталган бурчагини «юқоридан» кўриш имконини беради. Шунингдек, бу сервисда сайёрамиздаги керакли ҳудудлар ва объектлар ҳақида маълумот олиш, уларнинг суратларини томоша қилиш каби бир қатор қўшимча функциялар мавжуд.

ЎҚИНГ: Google Earth’да катта янгиланиш: виртуал саёҳатлар ва сифатли уч ўлчамли хариталар

Куни кеча – 2018 йилнинг 25 июнида Google Earth сервисига иккита янги жиҳоз қўшилди. Улардан биринчисининг ёрдамида энди Ер юзидаги муайян объектлар орасидаги масофани ўлчаш мумкин. Бунинг учун сайёрамиз харитасидаги иккита нуқтани белгилаш кифоя. Масалан, қуйидаги скриншотда Тошкент шаҳри маркази ва Чирчиқ шаҳри орасидаги масофа кўрсатилган:

Лойиҳага жорий этилган иккинчи янгилик эса Ер юзасидаги майдонлар билан боғлиқ. Яъни, энди ўзингизни қизиқтирган бирор объект ёки ҳудуд майдонини Google Earth орқали ўлчаш имкони бор. Бунда истасангиз харита юзасида стандарт шаклдаги ҳудудни, хоҳласангиз – ўзингиз белгилаб олган қинғир-қийшиқ чегара орасидаги майдонни ўлчашингиз мумкин. Шу тариқа, ноодатий шаклда қурилган меъморий обиданинг, хиёбон, кўл, шаҳар ёки ҳатто мамлакатнинг майдонини ўлчамини олиш имкони мавжуд.

Google Earth’даги янги жиҳоз аллақачон унинг Android-қурилмалар учун тақдим этилган иловасига қўшилган, уни мана бу ҳавола орқали юклаб олишингиз мумкин. Мазкур дастурнинг iOS-версияси учун бу янгилик яқин орада татбиқ этилиши кутилаётир. Компьютерда эса Google Earth’нинг янги функцияларидан Google Chrome браузери орқали фойдаланиш имкони бор – бунинг учун https://earth.google.com/web манзилига кирсангиз етарли.

ЎҚИНГ: Maps.Me хариталарига интернетсиз ишловчи тайёр йўналишлар киритилди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!