Google энг арзон смартфонлар учун ҳам Android 11 тақдим этди!

  •   DiMaX
  •  706
  •  11.09.2020 09:45

Google энг арзон смартфонлар учун ҳам Android 11 тақдим этди!

Қидирув гиганти куни кеча ўн биринчи авлод мобил операцион тизимининг якуний талқинини намойиш қилган эди. Аллақачон Android 11’гача янгиланиши аниқ бўлган Samsung, OnePlus, Xiaomi, Oppo, Realme, Huawei, Motorola, LG ва Nokia смартфонлари рўйхати ҳам чиққан.

ЎҚИНГ: Xiaomi, Redmi, Poco ва Black Shark смартфонларидан қайсилари ва қачон барқарор Android 11’гача янгиланади?

Стандарт версиядаги Android 11 тизимидан сўнг, Google компанияси унинг тезкор хотираси кичик бўлган арзон смартфонларга мўлжалланган Android 11 Go Edition талқинини ҳам тақдим қилди.

Айтиш керакки, «қиртишланган» биринчи Android Go Edition операцион тизими 2018 йили намойиш қилинган. Android 11 Go Edition эса унинг учинчи авлоди бўлиб, иловаларни ўтган йилги Android 10 Go Edition талқинига нисбатан 20 фоизга тезкор ишга тушира олади.

Android 11 операцион тизимининг стандарт талқинида бўлгани каби, унинг арзон смартфонларга мўлжалланган версиясида ҳам чатларни бошқариш учун билдиришномалар марказида ягона бўлим ташкил этилган.

Янги авлод – Android 11 Go Edition операцион тизимида ҳам хавфсизликнинг янги функциялари жорий этилган; қурилмадан маълумот узатаётганда фойдаланувчи уларни назорат қилиши осонлаштирилган. Махфийликнинг янгиланган созламалари эса иловаларга смартфон микрофони, камераси, GPS ва бошқа датчикларидан фойдаланиш учун бир марталик рухсат бериш имконини яратган. Илова узоқ муддат ишлатилмай турса, унга берилган рухсатларни автоматик бекор қилиш функцияси жорий этилган. Булардан ташқари, Android 11 Go Edition имо-ишоралар орқали бошқаришни ҳам қўллаб-қувватлайди.

 

Google’нинг таъкидлашича, кейинги ойдан Android 11 Go Edition платформаси тезкор хотира ҳажми 2 гигабайт ва ундан кам бўлган барча янги смартфонларда пайдо бўлади. Олдинги авлод Android Go тизимлари эса бу кўрсаткич 1,5 ГБ ва ундан кичик бўлар эди.

Дастурчиларнинг сўзларига кўра, Android 11 Go Edition тизимли смартфонлар фон режимида бир вақтнинг ўзида уч-тўрт иловани ишга тушира олади. Ишлаб чиқарувчилар ўзларининг кам хотирали смартфонларига Android 11 Go Edition тизимини ўрнатишлари мажбурий қилиб қўйилмайди, лекин тизим уларни қўллаб-қувватлайди.

ЎҚИНГ: Android 11 сизни яна битта эркинликдан маҳрум этади!