Google фойдаланувчиларини ҳукумат хакерларидан огоҳ бўлишга чақиради

Google фойдаланувчиларини ҳукумат хакерларидан огоҳ бўлишга чақиради

Google раҳбарияти сўзларига кўра, компания бир ойда ўртача 4 минг фойдаланувчини  ҳукумат киберҳужумларидан огоҳлантиради. Мазкур маълумотни компаниянинг директорлар кенгаши аъзоси Дайан Грин (Diane Greene) 11 июль куни Аспен (Колорадо, АҚШ) шаҳрида бўлиб ўтган Fortune технологик анжуманида тақдим этган.
Ушбу  технологик гигант биринчи бўлиб ҳукуматлар томонидан ёлланган хакерлар уларнинг ҳисоб маълумотларини ўғирлашга интилишларидан фойдаланувчиларни хабардор қилган эди. Кейинчалик Google ортидан бошқа компаниялар ҳам бу ишни давом эттирди. Microsoft компанияси бунга мисол бўла олади. Ҳар бир неча ойда Google компанияси фойдаланувчиларига ўн минглаб шу каби мазмундаги билдиришномаларни юборади ва бунга жавоб тариқасида фойдаланувчилар ўз маълумотларининг хавфсизлигини кучайтириш борасида чора-тадбирларни амалга оширадилар.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида мазкур техногигант ҳукуматлар томонидан молиялаштирилган ва Gmail фойдаланувчиларининг 1 миллион ҳисоб қайдномаларига уюштириладиган киберҳужумлар тўғрисида хабар тарқатган эди. Маълум қилинишича, бузғунчилар учун бутун дунё бўйлаб журналистлар ва сиёсатчиларнинг аккаунтлари катта қизиқиш уйғотар экан.

Профил ва интернет саҳифанинг хавфсизлигини таъминлаш учун қуйидаги фойдали маслаҳатларга амал қилинг.

  1. Ҳар саҳифа ва почта хизмати учун алоҳида махфий калит сўзни ишлатинг.
  2. Ҳар 3-6 ойда махфий калит сўзни алмаштириб туринг.
  3. Махфий калит сўзни катта ва кичик ҳарфлар, махсус белгилар, рақамлар иштирокида шакллантиринг.
  4. Туғилган кун, севимли овқат, кино номлари билан боғлиқ сўзлардан калит сўз танламанг.
  5. Турли манбаалардан маълумот олиш, қизиқарли акция ёки сўровномаларда иштирок этишда махфий калит сўз ва профил маълумотлари сўралганида, уларни рад этинг.
Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!