Google’га эгалик қилувчи Alphabet дунёнинг энг сердаромад холдингига айланди

Google’га эгалик қилувчи Alphabet дунёнинг энг сердаромад холдингига айланди

Бир қанча компаниялар, жумладан Google’нинг ҳам “она компанияси” ҳисобланган Alphabet холдинги 1 февраль куни 2015 йилнинг сўнгги чораги ва шу йилда олинган даромадлар тўғрисида ҳисоботни эълон қилди. Бу Google’нинг Alphabet таркибига кирганидан сўнг даромадлари ҳақида берган илк молиявий ҳисоботи.

Унга кўра, компаниянинг йиллик даромади $21.32 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган. Ўсиш аввалги йилнинг шу даврига нисбатан 17.8 фоиз. Бу кўрсаткич Alphabet’ни жаҳоннинг энг сердаромад холдингига айлантирди.

2015 йилда компаниянинг ҳар бир акциясидан кўрган фойдаси $8.67 ни ташкил қилган. Таҳлилчи ва экспертлар компаниянинг $20.77 миқдорида даромад кўриши, акцияларнинг эса $8.09 дан сотилишини тахмин қилишган эди.

Alphabet’нинг $21.178 миқдоридаги  даромади Google ҳиссасига тўғри келмоқда. Яъни, даромаднинг 99 фоизи Google’нинг асосий лойиҳаларидан келиб тушган.

Search қидирув тизими, Ads реклама тармоғи, Commerce тижорат тармоғи, Maps электрон харита, YouTube видеопортали, Apps виртуал хизматлар жамланмаси ва иловаси, Cloud виртуал платформаси, Android операцион тизими, Chrome браузери, Google Play интернет дўкони каби лойиҳалар холдингнинг асосий даромад манбаалари ҳисобланади.

Бугун компания икки йўналишда фаолият олиб боради – Google томонидан олиб борилаётган асосий лойиҳалар ва Alphabet’га тегишли “бошқа лойиҳалар”.

Жумладан, аппарат қурилмалари, яъни Chromecast, Chromebooks ва Nexus каби қурилмалар савдосидан тушадиган маблағлар қўшимча даромад ҳисобланади.

Alphabet 2015 йилда ўз-ўзини бошқарувчи машина, ривожланиши паст ҳудудларни ҳаво шарлари ёрдамида интернет билан таъминлашга хизмат қилиш мўлжалланган  Лун лойиҳаси, электрон контакт линзалари ва бошқа тадқиқот-ривожлантириш лойиҳалари учун пул тикиб, 3.56 миллиард АҚШ доллари миқдорида жорий зарар кўрган.