Google ҳаваскор дастурчиларга мўлжалланган сервисининг ҳам «жанозасини ўқияпти»

  •   DiMaX
  •  810
  •  30.01.2020 11:13

Google ҳаваскор дастурчиларга мўлжалланган сервисининг ҳам «жанозасини ўқияпти»

Қидирув гигантининг муваффақиятли чиқмаган, ўз умрини ўтаб бўлган ҳамда «туғилмасдан бўғилган» маҳсулотларини акс эттирувчи Killed By Google сайти мавжуд. Унга «дафн этилган» бир қатор сервислар, иловалар ва гаджетлар ҳақида бир қатор хабарлар эълон қилганмиз.

ЎҚИНГ: Google маҳсулотларининг ҳақиқий қабристони очилди – қабртошлари ҳам бор!

Куни кеча Google ўзининг яна бир сервисини ёпиш режасини эълон қилди. Гап иловалар конструктори – 2016 йили тақдим этилган App Maker ҳақида кетмоқда.

Google App Maker сервиси дастурлаш бўйича малакага эга бўлмаган ҳаваскорларга ҳам осонгина илова ясаш имконини беради. 2016 йили бета-версияда чиққан бу маҳсулотнинг тўлақонли релизи 2018 йилда бўлиб ўтган. Аммо шу кунгача у етарлича оммалашмаган ва шу боисдан компания уни «Google қабристони»га жўнатмоқда.

Шундай қилиб, жорий йилнинг 15 апрелидан фойдаланувчилар учун App Maker’да янги илова яратиш имкони тўхтатилади. Бироқ улар ҳали унда аввалроқ ясаган дастурларини таҳрирлашлари ва фойдаланишга жорий этишлари мумкин бўлади. 2021 йилнинг 19 апрелидан эса App Maker буткул тўхтатилади: ундаги иловалар ишламай қолади, фойдаланувчилар унга кира олишмайди.

ЎҚИНГ: 2019 йили «раҳматли» бўлган саккизта технология (+видео)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!