Google инсоният тарихидаги энг йирик жаримага тортилди

Google инсоният тарихидаги энг йирик жаримага тортилди

Европа Иттифоқи Yelp, TripAdvisor каби йирик онлайн савдо билан шуғулланувчи компанияларнинг Google устидан қилган шикоятларидан сўнг текширув ўтказиб, Google’нинг “она компанияси” бўлган Alphabet’ни рекорд даражадаги — $2.7 миллиард долларлик жарима билан жазолади.

Бу тўғрида Еврокоммиссиянинг сайтида маълум қилинган: «Европа комиссияси ЕИнинг антимонополия бўйича қонунларини бузгани учун Google’га €2,42 млрд евро жарима солди», — дейилади пресс-релизда.

Антимонополияга оид қонунчилик бўйича жазоланган Google’га онлайн қидирув тизимида ўзининг устунлигидан фойдаланиб, уни суиистеъмол қилганлик айблови қўйилган.

Суриштирув жараёнларида компаниянинг сўнгги 7 йилликдаги онлайн савдо бўйича хатти-ҳаракатлари текшириб кўрилганида, унинг сунъий усулда Google Shopping онлайн савдо хизматларини оммалаштиришга урингани аниқланган. Яъни, модомики мижоз Google тизимига бирор маҳсулотни сотиб олиш учун қидирувга берса, тизим аввало Google Shopping хизматининг маҳсулотларини “ўтказиш”га ҳаракат қилган ва нарх-наволарни рақибларникидан арзонроқ кўрсатишга уринган.

Агар америкалик компания 90 кун ичида ўзининг ноқонуний хатти-ҳаракатларини бартараф қилмаса, Alphabet холдингига нисбатан санкциялар янада кучайтирилади. Alphabet ҳозирча бу айбловларни тан олмаяпти.

$2.7 миллиард доллар — бу муайян компания учун тарихдаги йирик жарима ҳисобланади. Шу вақтга қадар Intel компаниясига 2009 йилда 1.06 миллиард евро жарима солинган эди. Аммо, экспертларнинг фикрича, бу жарима миқдори Google учун “дарёдан томчи”. Бу жариманинг хавфли жиҳати — компаниянинг Google Search тизимидаги реклама ва онлайн савдодан оладиган даромади кескин тушиб кетиши мумкин.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!