Google Maps’нинг енгил талқини – Maps Go’ни исталган Android-қурилмага ўрнатамиз

  •   DiMaX
  •  1705
  •  18.12.2017 15:51

Google Maps’нинг енгил талқини – Maps Go’ни исталган Android-қурилмага ўрнатамиз

Google компанияси кучсиз смартфонлар учун яқинда Android Oreo’нинг енгиллаштирилган талқини – Android Go операцион тизимини талқин этган эди. Бу тизим учун иловаларнинг ҳам енгил версиялари ишлаб чиқила бошлади; улар тизим ресурсларини кам талаб қилиши, интернет тезлиги паст бўлганида ҳам ишлай олиши ва тезроқ ишлаши билан ажралиб туради.

ЎҚИНГ: Google Calendar ҳодисаларини энди Google Maps билан интеграция қилиш мумкин

Шулардан бири – Maps Go харита иловаси бўлиб, у аллақачон Google Play дўконига чиқарилган ва мана бу ҳавола орқали уни юклаб олиш мумкин. Бироқ тўлақонли Android операцион тизимига эга бўлган смартфонингизга аслида уни ўрнатиб бўлмайди, чунки бу талқин Android Go тизимидаги қурилмалар учун ишлаб чиқилган.

Шундай бўлса-да, Android Police сайти ходимлари мана шу чекловни айланиб ўтиб, исталган Android-қурилмага енгил Maps Go харитасини ўрнатиш имконини топишди. Гап шундаки, бу янги илова Progressive Web App технологияси бўйича ишлаб чиқилган, яъни, у махсус мобил қурилмалар учун мосланган веб-илова шаклидадир.

Хуллас, енгил харита иловаси – Maps Go’ни ўз гаджетингизга ўрнатиш учун, аввал мана бу (https://www.google.com/maps?force=qVTs2FOxxTmHHo79-pwa&source=mlapk) иловани нусхалаб оласиз, кейин эса уни қурилмангиздаги Google Chrome браузерингизда очасиз. Шундан кейин браузернинг бош менюсини очиб, «Асосий экранга қўшиш» («Добавить на главный экран») бандини танлайсиз. Натижада девайсингизнинг иш столида Maps Go белгичаси пайдо бўлади.

Maps Go иловаси ҳам имкониятларига кўра тўлақонли версиядан унча фарқ қилмайди. Унда ҳам хариталарни кўриш, объектларни излаш, йўналишларни белгилаш, ўз жойлашув ўрнингиз координатларини дўстларга улашиш мумкин. Ҳатто унинг устунлиги мавжуд – оддий версиядан кўра тезроқ ишлайди, аммо бунинг учун етарли тезликдаги интернетга уланишингиз лозим.

Енгиллаштирилган Maps Go иловаси барча фойдаланувчиларга, жумладан, хотираси кичик, ҳар бир мегабайт хотираси ҳисобли бўлган смартфонлар эгаларига ҳам қўл келади. Ҳатто унинг созламалари орқали ўзбек тилини ҳам белгилаб олиш мумкин.

ЎҚИНГ: Исталган сайтдан ўзингиз веб-илова ясашингиз мумкин!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.