Google’ни забт этган камтар ҳинд йигити

Google’ни забт этган камтар ҳинд йигити

Университетда ўқиб юрган кезларим, социология фанидан дарс берган домламиз келажакка сармоя ҳақида гапира туриб, фарзанд таълим-тарбияси йўлида сарфланган мол-давлат, шахс ва жамият истиқболи учун қилинадиган энг афзал сармоя эканлигини айтиб ўтган эдилар. Қаҳрамонимиз Сундар Пичаининг ҳаёт йўли мана шу ўгитга бағоят мос келади. Сабаби унинг отаси ўз вақтида оила бисотидаги 1000 АҚШ долларини сарфлаб, ўғлини Америкага ўқишга жўнатади. Кун келиб ўғил жаҳондаги энг йирик компанияга бош бўлишини ким ўйлабди дейсиз ўшанда.

2015 йил… Google маҳсулотларининг ривожига катта ҳисса қўшган 43 ёшли ҳинд йигити Сундар Пичаи Google’нинг ижрочи директори лавозимига тайинланади. Google таъсисчилари Ларри Пейдж ва Сергей Брин унинг садоқати ва меҳнатини юксак баҳолайдилар. Шундай қилиб Пичаи АҚШда йирик компанияга бош бўлган иккинчи ҳинд миллатига мансуб шахсга айланади (ундан олдин 46 ёшли Сатья Наделла Microsoft корпорациясига бошлиқ этиб тайинланган эди).

Пичаининг таржимаи ҳоли билим ва тинимсиз меҳнат орқали инсон юқори даражаларга эришиши мумкинлигига муносиб мисол бўла олади. Сундар Пичаи Ҳиндистоннинг Ченнаи шаҳрида туғилган ва шу ерда улғайган. Унинг онаси стенограф, отаси эса муҳандис-электрик вазифасида ишлашган. Оила 2 хонали квартирада камтарона ҳаёт кечирган, на машинаси ва на телевизори бўлган. Пичаининг эслашича, у ва укаси хонадондаги меҳмонхонада ухлашган. Сундар мактабда яхши ўқийдиган ўқувчилардан ҳисобланган.

Сундар 1993 йилда Харагпур университетини тамомлаб, муҳандис-металлург дипломини қўлга киритади. Шундан кейин таҳсилни АҚШдаги машҳур Стэнфорд университетида ва Уортон бизнес мактабида давом эттиради.

Унинг АҚШга келиши осон кечмайди. Пичаининг отаси оила бисотидан 1000 АҚШ доллари атрофида пул ажратиб, ўғлини Америкага юборади (ўша пайт ва, айниқса, Ҳиндистон учун бу катта маблағ ҳисобланган). Кейинчалик Сундар “Менинг ота-онам ўша пайтларда кўплаб ота-оналар қилган ишни амалга оширдилар. Улар ўзларининг йиллар давомида оғир меҳнат ва машаққат билан йиққан бисотларини ўғилларининг ўқиши учун сарфладилар”,- деб уларнинг жасоратларини таъкидлаб ўтади.

2002 йилда Пичаи McKinsey компаниясига консультант вазифасига ишга олинади. 2004 йилда эса у Google жамоасига қўшилади. Пичаи Chrome OS операцион тизими, Google Drive  хизмати ва Android мобил платформаси каби машҳур маҳсулотларни ишлаб чиқишда бош-қош бўлади.

2011 йилда Google таъсисчилари 50 млн АҚШ долларига тенг компаниянинг акцияларини Пичаига ажратиб, уни самимий мукофотлашади. Миш-мишларга кўра, Сундарни Twitter ва Microsoft компаниялари ҳам ишга таклиф этган.

Пичаи 2014 йилда Google’нинг маҳсулотларни ривожлантириш бўйича раҳбари этиб тайинланади ва Google+Google Wallet, Android Pay каби сервисларнинг юксалишига жавоб беради.

Ўтган йили эса у корпорациянинг бош ижрочи директори лавозимини эгаллади.

Пичаи, мана бир неча йилдан бери кўпчилик томонидан интиқиб кутиладиган Google I/O конференциясини олиб боради. Бундан ташқари, у компаниянинг янги маҳсулот ва сервисларини тақдим этишда ҳам катта жонбозлик кўрсатади.

Шубҳасиз, Пичаи дастурлашда моҳир бўлган миллионлаб ҳинд ёшлари учун ёрқин маёқ. У барчани илҳомлантира оладиган муваффақият намунаси…

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.