Google ўзининг узоқ кутилган Pixel 7а смартфонини тақдим қилди!

Google ўзининг узоқ кутилган Pixel 7а смартфонини тақдим қилди!

Ўзининг Google I/О 2023 тақдимотида Google анчадан бери миш-миш қилиб келинаётган Pixel 7а ўрта синф смартфонини расман намойиш қилди. Ўтган йилги Pixel 6а давомчиси бу йил яхшигина янги хусусиятларни ўзлаштирган ва улар билан батафсил қуйида танишишингиз мумкин.

Бир қарашда Pixel 7а смартфонини ўтган йили чиқарилган Pixel 7 флагманидан ажратиб бўлмайди ёхуд дизайн борасида иккала смартфонлар ҳам бир хил: смартфон орқа томонида алюминий камера панели, атрофида метал рамкага эга ва унинг орқа томони пластик билан ёпилган. У бўйига 152 мм, энига 72.9 мм ўлчамда ва 9 мм қалинликда бўлиб, унинг оғирлиги 192 граммни ташкил қилади. Смартфон IP67 билан чанг ва сувга бардошли деб топилган.

Pixel 7а смартфони 6.1 дюймли FHD+ (1080×2400) резолюциясидаги OLED дисплей билан жиҳозланган ва у Corning Gorilla Glass 3 ҳимоя ойнаси остида. Унинг янгиланиш тезлиги 90 герц бўлиб, буни ўтган йилги Pixel 6а моделининг 60 герц янгиланиш тезлигидан яхши ўсиш дейиш мумкин.

Тасвирга олиш борасида ҳам смартфон бир қанча янгиликларга эга: унинг асосий камераси 12 MP дан 64 MP (f/1.89) га янгиланган. Тасвирни ҳам оптик, ҳам электроник барқарорлаштириш хусусиятларига эга ушбу камера билан 60 кадр/секунд тезликда 4К форматидаги видеолар олишингиз мумкин.

Унинг ёнида эса 120 градус кўриш майдонига эга иккинчи камера – 13 MP (f/2.2) ултра-кенг сенсор жойлашган. Селфилар ёки юзни аниқлаш билан смартфонни қулфдан чиқариш имкониятларидан фойдаланиш учун смартфон олд томонида 13 MP (аввалгисида 8 MP эди) камера билан таъминланган. Камераларга қўшимча тарзда сиз смартфонда Google'нинг Photo Unblur, Magic Eraser ва Real Tone каби функцияларидан ҳам фойдаланишингиз мумкин.

Pixel 7а капот остида ҳам бир қанча яхши ўзгаришлар билан келади: қурилма худди ўзининг юқори моделлари каби Tensor G2 чипсетида ишлайди ва унга Titan М2 хавфсизлик процессори ҳамроҳлик қилади. Смартфон 8 GB (LPDDR5) оператив ва 128 GB (UFS 3.1) хотирага эга. Таққослаш учун Pixel 6а биринчи авлод Tensor чипсетида 6 GB оператив хотира билан ишлар эди.

Қурилманинг 4300 мА/соат батареясини 18 Вт тезликда USB Type-C (3.2 Gen 2) сим орқали ёки Pixel Stand'га қўйиш билан 7.5 Вт тезликда симсиз қувватлаш мумкин ва бу ҳам бюджет Pixel смартфони линияси учун янгилик ҳисобланади. Албатта, смартфон Google'нинг энг сўнгги версиядаги операцион тизими, "тоза" Android 13 да ишлайди. Компания смартфон учун камида 5 йиллик хавфсизлик янгиланишларини ваъда қилади.

Алоқа ва уланиш томонда смартфон 5G, Wi-Fi 6E ва Bluetooth 5.3 технологияларини қўллаб-қувватлайди. Қўшимчасига, смартфонда бармоқ изи сканери (экран остида), стерео динамиклар, икки микрофонлар ва NFC мавжуд.

Pixel 7а смартфони "кўмир", "денгиз", "қор" ва "маржон (қизил)" рангларда таклиф қилинади. Унинг нархи 499 доллар ва у АҚШ, Канада, Австралия, Ҳиндистон, Япония, Сингапур, Тайван ва бошқа Европа мамлакатларида сотувга чиқарилади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!