Google Photos барча Аndroid-смартфонларни «қўш камерали» қилади!

  •   DiMaX
  •  1223
  •  24.09.2018 10:37

Google Photos барча Аndroid-смартфонларни «қўш камерали» қилади!

Смартфонларнинг асосий камерасини жуфт объективли қилиб чиқариш кейинги пайтларда урфга кираётир. Қўшалоқ камеранинг суратга олиш имкониятлари катта, жумладан, унда боке эффекти билан чиройли портретлар олиш мумкин.

ЎҚИНГ: MDC Grand Pro – Ўзбекистондаги энг арзон қўш камерали 4G-смартфон

Боке эффекти – суратга олинаётган асосий объектни аниқ-тиниқ қилиб, орқа фонни эса хиралаштириб расмга олиш, демакдир. Қўшалоқ камерали смартфонларнинг иккинчи объективи асосан айни шу функция учун қўлланади. Кўпинча портретлар шундай усулда олингани учун, уни «портрет режими» деб ҳам аташади.

Аммо яқин орада асосий камераси битта модулли смартфонлар эгалари ҳам ушбу имкониятдан фойдалана оладиган бўлишади. Google Photos (ёки Google Фото) сервисида ҳозирда синаб кўрилаётган янги функция шундан далолат бераётир. Бунда фойдаланувчи суратнинг созламаларига кириб, боке эффектини жорий этиши – асосий объектдан бошқасини ғира-шира кўринадиган қилиши мумкин бўлади.

ЎҚИНГ: Смартфон камераларининг сиз билмаган 13 та функцияси

Шунингдек, Google Photos жуфт модулли камерага эга бўлган яна битта – Color Pop режимини ҳам синовдан ўтказмоқда. Бунда тасвирдаги орқа фон – асосий объектдан бошқаси оқ-қора кўриниш олади. Фойдаланувчилар бу режимни ҳам қўлда созлашлари мумкин бўлади.

Дарвоқе, Color Pop режими аввал ҳам мавжуд бўлиб, фақат ўзига жойланган ассистент орқали автоматик режимдагина ишлар эди. Энди эса Google Photos сервисида Color Pop алоҳида фильтр тарзида ишга туширилмоқда.

Шу тариқа, Google компанияси ўз операцион тизими бошқаруви остидаги якка камерали смартфонларга ҳам қўш камерали гаджетлар имкониятларини бахш этмоқчи. Фақат айни дамда ушбу янги имкониятлар тест режимида, айрим фойдаланувчилардагина синаб кўрилмоқда. Агарда синовлар яхши ўтса, Google Фото иловасининг навбатдаги янгиланишлари орқали бу имкониятлар барча смартфон фойдаланувчиларга тақдим этилади.

ЎҚИНГ: Android-смартфон камерасидан 100 фоиз фойдаланишнинг 10 та усули

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.