Google Pixel 4 ҳамда Pixel 4 XL: Бетакрор функциялар ва янги дизайн, лекин нархи... (+видео)

  •   DiMaX
  •  1883
  •  16.10.2019 14:06

Google Pixel 4 ҳамда Pixel 4 XL: Бетакрор функциялар ва янги дизайн, лекин нархи... (+видео)

Қидирув гиганти йиллик Made by Google тадбирида ўзининг янги маҳсулотларини намойиш этди. Улар орасида энг кутилганлари, табиийки, Google Pixel 4 ва Pixel 4 XL смартфонлари бўлди.

ЎҚИНГ: iPhone 11 Pro ҳамда Google Pixel 4 «чатишма»си – атиги 140 доллар! (+«жонли» расм)

Бу икки смартфоннинг ташқи кўриниши Apple яқинда намойиш қилган iPhone 11 Pro ҳамда iPhone 11 Pro Max флагманларига ўхшаб кетади, фақат орқа панели улар каби қўпол эмас. Шунингдек, Google илк бор ўз смартфонларида уч модулли бош камера қўллаган. Квадрат блокка жойланган камера 12 мегапикселлик (Dual-Pixel технологияли) асосий модул, 16 мегапикселлик (оптик ва рақамли барқарорлаштириш тизимига эга) телефото-датчик, шунингдек саҳна чуқурлиги сеноридан иборат.

Google Pixel 4’лар камераси икки карра оптик зумга эга, сониясига 30 кадр тезлигида 4K сифатида видео суратга ола билади. Шунингдек, секинлаштирилган режимида сониясига 120 кадр тезлигида 1080p сифатида видеога олиш мумкин! Олд камера эса 8 мегапикселлик якка датчикка эга.

Ушбу флагманлар Pixel Neural Core нейрон процессори билан жиҳозланган – у камераларга тасвирни реал вақт режимида HDR+ сифатида қайта ишлаш имконини берган.

Google Pixel 4 ҳамда Google Pixel 4 XL янгиланиш частотаси 90 герцлик OLED панеллар билан таъминланган. Ҳар иккаласида ҳам экраннинг томонлари ўзаро 19:9 нисбатда, лекин уларнинг ўлчами ва тасвир узатиш сифати турлича. Базавий моделга 5,7 дюймлик, Full HD+ форматли (1920х1080 пикселлик) матрица ўрнатилган. Катта модел эса 6,3 дюймлик, 3040х1440 пикселлик экранга эга. Матрица HDR, Always On ҳамда Ambient EQ режимларини қўллаб-қувватлайди. Булардан охиргиси атрофнинг ёритилганлик даражасига кўра экран ёрқинлигини ва ранглар узатилишини автоматик тарзда созлайди.

Қолган смартфонсозлар ромсиз экран дизайни бўйича пойгалашаётган бир паллада Google бунга умуман интилмаган. Янги «Пиксел»лар дисплейлари сезиларли ромларга эга, айниқса юқори қисмида. Айни шу жойга бетакрор функция учун Google Soli чипи ўрнатилган, у ҳаводаги ишоралар орқали смартфонни бошқариш имконини беради!

Фойдаланувчи смартфонга умуман тегинмасдан, кафтини ҳавода харакатлантирган ҳолда мусиқани алмаштириши, овозни баландлатиши мумкин ва ҳоказо. Келажакда мазкур чипнинг функционали янада кенгайтирилиши кутилмоқда. Google Pixel 4’ларда динамик ҳамда юзни таниш датчиги ҳам экраннинг тепасидаги энли ҳошияга ўрнатилган.

ЎҚИНГ: Ким қўнғироқ қилаётганини iPhone’ни қўлингизга олмай туриб аниқлаш йўли бор!

Смартфонларнинг афзалликлари қаторида яна IP68 даражасида сув ва чангдан ҳимояланганлиги, NFC чипи, Titan M хавфсизлик модули ҳамда Pixel Stand симсиз қувватлаш технологиясини санаб ўтиш мумкин.

Google флагманлари тезкор хотираси фақат бир хил – 6 гигабайтлик, доимийси эса 64 ва 128 гигабайтлик вариантларда таклиф этилади. Лекин уларнинг «электрон юраги» сифатида Qualcomm Snapdragon 855 чипсети танлангани ғалати. Ахир, ҳатто Realme, Redmi сингари арзончи брендлар ҳам ўз смартфонларида энг зўр Android-процессор – Snapdragon 855 Plus қўллай бошлашган-ку!

Pixel 4 моделининг аккумулятори ток сиғими 2800 мА/соатлик, Pixel 4 XL батареяси эса – 3700 мА/соатлик. Ҳар иккаласида 18 ваттлик тезкор қувватлаш технологияси жорий этилган. Смартфонларга қадоқданоқ энг янги – Android 10 операцион тизим талқини ўрнатилган.

ЎҚИНГ: Android 10'нинг халқаро прошивкаси келишни бошлади

Қуйида Google мазкур флагманларга бағишлаб тайёрлаган расмий видеолавҳани томоша қиламиз:

Юқоридаги хусусиятларини ҳисобга олсак, Pixel 4 ва Pixel 4 XL учун нарх белгилашда Google унчалик ҳам инсоф қилмаган. Pixel 4 моделининг бошланғич – 64 гигабайтлик ички хотирага эга модификацияси учун 799 доллар, 128 гигабайтлиги учун эса 899 доллар нарх белгиланган. Google Pixel 4 XL флагманининг бўлса 64 ГБлиги учун 899 доллар, 128 ГБлиги учун 999 доллар сўраяпти. Смартфонлар харидорларга қизил, оқ ва апельсин рангли корпусларда таклиф этилади.

ЎҚИНГ: 1 ноябргача смартфон олишга улгуринг, кейин IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш пулли бўлиб, нархлар ҳам ошади!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!