Google Play Market ишламай қолса…

  •   DiMaX
  •  20143
  •  13.03.2017 15:51

Google Play Market ишламай қолса…

Бу муаммо кўп учраб туради, агарда сиз дуч келмаган бўлсангиз – омадли экансиз. Android тизимидаги қурилмаларда Google Play Market хатоликлар билан ишлаши ёки умуман ишламай қолиши ҳолатларидан шикоят қиладиганлар кўп.

Хўш, бундай вазиятларда нима қилиш керак?

Аввало аниқлик киритсак: Google Play Market’нинг ишламай қолиши турлича кўринишда бўлиши мумкин – сервисдаги техник муаммолар, доимий учрайдиган хатоликлар, илованинг ўчиб қолиши ва буткул ишламай қолиши. Қуйида буларни қандай тузатиш борасида бир неча маслаҳатлар келтирилган.

1. Android’ни ўчириб-ёқинг

Биринчи қилинадиган иш – қурилмангизни ўчириб-ёқиш бўлиши лозим. Одатда бу Google Play билан боғлиқ кўплаб муаммоларга барҳам беради. Агарда бу ёрдам бермаса, кейинги усулларга ўтамиз.

2. Google Play Market созламаларини бошланғич ҳолатига қайтаринг

Бунинг учун:

  1. Қурилма созламалари – «Настройки»га киринг.
  2. Иловалар созламалари акс эттирилган «Приложения» ёки «Диспетчер приложений» бандини танланг.
  3. Рўйхатдан Google Play Market’ни топиб, устига босинг.
  4. Илова созламалари ойнасида маълумотларни ўчирувчи «Стереть данные» ҳамда кэшни тозаловчи «Очистить кэш»ни бирин-кетин босинг.

Кўпчилик ҳолларда шу йўл билан муаммодан қутулса бўлади. Тўғри келмаса – кейинги тавсиямизга қаранг.

3. Google Play Market янгиланишларини ўчиринг

Худди олдинги – 2-маслаҳатдаги каби, илова созламаларига кирасиз, фақат бу гал «Стереть данные» ва «Очистить кэш» ўрнига «Удалить обновления» бандини танланг.

Бу билан Play Market иловаси қурилмангизга илк ўрнатилган пайтдаги ҳолати – заводдаги созламаларига қайтади.

4. «Сервисы Google Play» иловаси созламаларини асл ҳолига қайтаринг

Яна созламаларни очасиз, «Приложения», яъни иловалар созламаларига ўтиб, рўйхатдан «Сервисы Google Play»ни топасиз. Уни очиб, худди 2-маслаҳатдаги сингари маълумотларини ўчириб, кэшини тозалайсиз.

5. «Google Services Framework» кэши ва маълумотларини тозаланг

Қуйидаги тартибда очасиз: «Настройки» → «Приложения» → «Все» варақаси. Шу ердан «Google Services Framework»ни танланг, ундан «Стереть данные» ва «Очистить кеш» бандларини босинг.

6. Google аккаунтлари ўчиқ бўлса, ёқиб қўйинг

Худди юқоридаги 5-маслаҳатдаги сингари, иловалар созламаларидаги «Все» варақасини очинг. Ундаги «Аккаунты Google» иловаси ўчирилган бўлса, уни ёқиб қўйинг.

7. Юклаш диспетчерини ёқиб қўйинг

Иловалар бўлимида силаш орқали «Все» варақасига ўтинг ҳамда у ердан «Диспетчер загрузки»ни топинг. Агар у ўчиқ бўлса, «Включить» тугмасини босиб, ёқиб қўйинг.

Бордию у ҳам ёқилган бўлиб, юқоридаги маслаҳатлардан бирортаси иш бермаётган бўлса, кейинги чорани қўллаймиз:

8. Google-аккаунтингизни ўчириб, қайта тикланг

Буни қандай амалга ошириш «Android-смартфонни сотишга тайёрлаймиз« мақоламизда кўрсатилган. Ундаги 1-қадам бўйича девайсингиздаги дастурларнинг ва улар маълумотларининг захира нусхаларини яратинг. Кейин эса 3-қадамда кўрсатилган амалларни бажариб, аккаунтингизни ўчирасиз.

Бунда гаджетингиз худди заводдан янги чиққан пайтидаги каби ҳолатга қайтади. Сўнг эса қурилмангизни ўчириб-ёққач, унга қайтадан ўша эски Google-аккаунтингизни ўрнатасиз ва маълумотларни синхронлайсиз.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!