Google расман Pixel 2 ва Pixel 2 XL'ни тақдим қилди

Google расман Pixel 2 ва Pixel 2 XL'ни тақдим қилди

4 октябр куни Google компанияси АҚШ нинг Калифорния штатида ўзининг янги авлод Pixel смартфонлари бўлмиш — Pixel 2 ва Pixel 2 XL мобил алоқа воситаларини тақдим қилди.

Google Pixel 2 смартфонининг дизайни аввалги авлод Pixel гаджетларига тортиб кетган. Google Pixel 2 смартфони стандарт формадаги 5 дюймли ҳамда Full HD (1920 х 1080 пикселли) сиғимли OLED-дисплейга эга бўлган. Экран Gorilla Glass 5, 2.5D шишалари билан қопланган.

Дизайнда нисбатан илғор флагман бўлмиш Pixel 2 XL эса 6 дюймли, pOLED-экранли, томонлар нисбати 18:9 бўлган ва юпқа ромли дисплей билан таъминланган. Унинг пикселлар сиғими юқори -- QHD (2880 x 1440 белгига тенг). Экран 3D шаклидаги Gorilla Glass 5 шишаси билан ҳимояланган.

Pixel 2 XL олд панели деярли дисплейдан иборат. Бироқ, уни тўлиқ ромсиз деб бўлмайди. Pixel 2 XL'нинг "истараси" LG G6'га ўхшаб кетиши ҳисобга олинса, бу панелни LG ишлаб чиқарганини пайқаш қийин эмас.

Гаджетлардаги ўчириб-ёқиш тугмаси қизил ёки сариқ тусда рангдор қилиб ишланган. Google ҳам Apple бошлаб берган анъанага эргашиб, 3,5 мм.ли аудио туйнукдан воз кечган ва энди аудиони USB Type-C порти орқали махсус переходникда тинглаш мумкин бўлади.

Смартфонлар дисплейидаги мунтазам фаол (Always-On) режими қувватни тежайдиган OLED-дисплей учун муаммо эмас. Экран блокировкада турганида унда вақт, турли хабарномалар ва бошқа маълумотлар кўриниб туради.

Смартфонлар HTC U11 каби, Active Edge, яъни сезгир синчларга эга бўлишган. Дисплей атрофидаги металл рамкани эзиб туриб, смартфонларга турли буйруқлар бериш мумкин.

Гаджетларнинг Google Assistant ақлли тизимини қўллаб-қувватлаши ҳам яна бир ўзига хослик. Қолаверса, Pixel 2 XL'да 3 та микрофон шовқинни камайтиришга хизмат қилади.



Уларга хос яна бир қизиқарли жиҳат — улардаги микрофон доимо фаол ҳолатда бўлади. Яъни, смартфонлардаги микрофон ён-атрофдаги мусиқага қулоқ тутади ва фойдаланувчига унга яқин ерда қандай мусиқа янграётгани, унинг ижрочиси тўғрисида маълумот беради.

Техник имкониятларга ўтамиз: гаджетларнинг бош камералари 12 мегапикселли, олд камера эса 8 мегапикселли. Уларга ҳозирча андроид смартфонлар орасида нг илғор Qualcomm Snapdragon 835 процессори, Adreno 540 видео-картаси ҳамда 4 ГБ оператив хотира ва 64 ёки 128 ГБ доимий хотира ўрнатилган. microSD учун бўлмача мавжуд эмас.

Pixel 2 ва Pixel 2 XL олд панелда стереодинамикларга эга бўлган. Pixel 2 девайси 2700, Pixel 2 XL эса 3520 мА соат ток сиғимига эга аккумуляторлар билан таъминланган. Батареяда тезкор қувват олиш тизими мавжуд.

Смартфонларнинг корпуслари IP67 гувоҳномасини олган ва сув ва чангдан ҳимояланган. Уларнинг алоқа имкониятлари ҳам кенг. Жумладан, смартфонларда  Bluetooth 5.0 стандарти татбиқ қилинган.

Кутилганидек, Pixel 2 ва Pixel 2 XL энг сўнгги мобил тизим бўлган Android 8.0 Oreo'да ишлашади.

Тақдимотда компания вакиллари смартфонларга ўрнатилган камералар хусусида узоқ гапиришди. Dual-pixel сенсорларга эга модуллар ҳисобига орқа фонни ғира-шира қилиш мумкин.

Камера бир вақтнинг ўзида ҳам электрон, ҳам оптик барқарорлаштириш тизимларига эга бўлган. Бу эса ҳар қандай шароитда қўлда яхши тасвирлар олиш имконини беради. Мазкур технологик хусусият ҳозирча бозордаги бирор смартфонда йўқ.

Камерадаги Motion Photos функцияси Apple'нинг Live Photos функциясига ўхшайди ва унда "жонли" суратлар олиш мумкин. Смартфон бунда 3 секундли қисқа роликлар ҳам ёзиб, кейин энг яхши кадрларни танлайди ва сифатли сурат тайёрлайди.

Шунингдек, Pixel 2 камерасининг DxOMark тестида 98 балл олгани, бу борада етакчи бўлган ва яқинда энг яхши камерафон бўлган iPhone 8 Plus (94 балл)ни ортда қолдиргани ҳам тақдимотда маълум қилинди.

Энди "Портрет" режими ҳам олд, ҳам бош камерада жорий қилинган. Аҳамиятли жиҳати шундаки, энди бу режимда нафақат одамларни, балки биноларни ҳам орқа фонини хиралаштириб суратга олиш мумкин.

Pixel 2 ва Pixel XL 2'да ўрнатилган Google Lens функцияси ёрдамида камера қаршисидаги объект тўғрисида автоматик тарзда маълумот беради. Мисол учун, бирор таниқли санъат асари ёки маданий ёдгорлик ҳақида. Яна бир ўзига хос хизмат -- AR-стикер (augmented reality — «қўшимча воқелик») бўлиб, бу смартфон экранида реал объектларни виртуал объектлар билан аралаш суратга олиш имконини беради.

Смартфонлар кўк, қора, оқ корпусларда ишлаб чиқарилади. Google Pixel 2 649 доллар, Pixel 2 XL 849 доллардан бошлаб (64 ГБ учун) сотилади. Тақдим қилинган кунданоқ Австралия, Канада, Германия, Ҳиндистон, Буюк Британия ва АҚШ да смартфонларга олдиндан буюртмалар олинади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!