Google таъқибидан қандай қутулиш мумкин?

  •   DiMaX
  •  2045
  •  28.02.2017 15:01

Google таъқибидан қандай қутулиш мумкин?

Google аккаунти деярли ҳар биримизда бор – турли дастурларни олишда, почта ва бошқа сервислар учун ундан фойдаланамиз. Аммо бир қарашда беминнат кўмакчидек кўринган Google аслида бизнинг ҳар бир ҳаракатимизни – харид ва қидирувлар тарихи, нималарга қизиқишимизни мунтазам кузатиб, шахсий маълумотларимизни тўплаб боришини кўпчилигимиз ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Кимдир бунга аҳамият бериб ўтирмайди, аммо яна бировларга Google’нинг шахсий ҳаётини бунчалик кавлаштиравериши маъқул келмайди. Шу боис, истовчиларга мазкур тизимнинг кузатувларидан имкон қадар холи бўлиш сирларини ўргатмоқчимиз.

Назорат остида

Шундай қилиб, Google сиз ҳақингизда айнан нималарни билади? Буни аниқлаш осон: аккаунтингиз созламаларидаги ўз ҳаракатларингизни кўрсатувчи махсус саҳифага («Мои действия») кирасиз. У ердаги вақт шкаласида ўзингиз кирган сайтлар, қидирув сўровлари, YouTube’да кўрган видеоларингиз ва ҳатто ишлатган Android-иловаларингиз ҳам акс этади. Масалан, қуйидаги расмда юзернинг 300 дан ошиқ ҳаракатини Google қайд этиб қўйганини кўришимиз мумкин:

Google’да яна бир шунга ўхшаш сервис ҳам бор, бу – Google Maps бўлиб,  у геолокацияни кузатади. Унда рўйхатдан ўтгач, бутун дунё бўйлаб қаерларга борганингизни кўришингиз мумкин. Бу каби маълумотларни компания қанча вақтга бўлсаям сақлаб қўяверади, унинг серверлари катта, имкониятлари кенг. Аммо ўзингиз борган жойлар тарихини тозалашингиз осон – хаританинг пастки қисмидаги «Отключить историю» тугмачасини боссангиз бас.

Нега кузатади?

Хўш, Google қандай қилиб ва, асосийси – нега биз ҳақимизда шунча маълумотни тўплаб боради? Аксарият web-сервислар учун битта аксиома амал қилади: агар сиз хизмат учун ҳақ тўламасангиз, ўзингиз товарга айланасиз. Фойдаланувчиларни турли йўллар билан «сотиш» мумкин, аммо Google масаласига келганда, унинг усули ўта сийқа. Бу компания сизнинг таъбингиз, борадиган жойларингиз, қизиқишларингизга кўра шахсга йўналтирилган реклама жойлаштирувчилардан ҳақ олади. Шу тариқа, Google сиз ҳақингизда қанча кўп маълумот тўпласа, сизни қизиқтирувчи рекламаларни шунча аниқлик билан танлаб жойлаштиради ва шу рекламани берувчилардан шунча кўп пул олади.

Сиз ҳақингиздаги маълумотлар компанияга турли йўллар билан келади, аммо энг катта қисми Android-қурилмалар ва Chrome браузери орқали тўпланади. (Смартфонингизни биринчи ёққанингиздаги ва Chrome’ни ўрнатганингиздаги кўрсатилган лицензия битимини ўқиганмидингиз ўзи?)

Аммо, ҳатто сиз бу маҳсулотлардан фойдаланмаган тақдирда ҳам, сиз ҳақингизда маълумот йиғишнинг яна кўплаб усуллари бор. Энг кенг тарқалганлардан бири – cookie файллар; улар одатда браузердаги сессияларни бошқариш ва web-ресурсларда авторизация – қайддан ўтиш учун ишлатилади. Google’нинг исталган бир сервиси саҳифасини бир мартагина очсангиз бас – компьютерингизда cookie-файл сақланиб қолади. Унинг ёрдамида компания, ўзининг сервисларидаги барча ҳаракатларингиз айнан мана шу компьютерингиздан амалга оширилганини билиб олади. Ҳа, ишонаверинг, то сиз браузерингиздаги cookie-файлларни тозалагунингизча у маълумотни олиб улгуради. Бунақа кузатувдан сизни инкогнито режими ҳам, махсус браузерлар ҳам қутқара олмайди. Чунки ҳар қандай браузер ҳам исталган сайтга мурожаат этганида, ўша сайтга ўзининг ядроси (движок), қурилманинг операцион тизими ва бошқа маълумотларни узатади. Бу маълумотлар жамланиб, ўзига хос «бармоқ изи»ни ҳосил қиладики, ҳар бир фойдаланувчининг шунақа «из»и ўзига хос бўлади.

Фойдаланувчилар ҳаракатларини кузатишнинг бошқа, янада айёрона усуллари ҳам бор. Тармоқда буткул аноним бўлиб қолиш ва «кўзи ўткир» Google назарига тушмаслик – ўта қийин, аммо сиз ўзингизни таъқиб қилишларини имкон қадар камайтиришингиз мумкин.

Қулайлик афзалми ёки махфийлик?

Дунё фақат оқ ва қора ранглардан иборат бўлмаганидек, йирик компаниялар томонидан сизнинг шахсий маълумотларингиз тўплаб борилиши ҳам буткул салбий ҳолат эмас.

Кишилар ҳақидаги маълумотлар Google’га ўз сервисларини мунтазам яхшилаб бориши учун керак бўлади. Нафақат умуман ҳамма учун, балки бирор ҳудуддаги, ёшдаги фойдаланувчилар учун, ҳатто ҳар бир шахс учун (жумладан, айнан сиз учун ҳам) Google ўз хизматларини мослаштириб, яхшилаб боради. Бу ҳақда компаниянинг ўзи «Махфийлик» («Конфиденциальность») саҳифасида батафсил маълумот берган. Масалан, сизнинг навигацияда жойлашувингиз ва йўлдаги ҳаракат тезлигингиз ҳақидаги кўрсаткичларни олиши туфайли Google йўллардаги тирбандликни аниқроқ баҳолай олади. Қидирув сўровларингиз хусусидаги маълумотлар эса қидирув тизимининг янада «ақлли»роқ бўлишига ва сўровларни автоматик якунлаш учун янада мосроқ вариантларни таклиф этишига хизмат қилади. YouTube’даги фаоллигингиз бўлса компанияга айнан сизга мос тавсиялар беришда кўмаклашади.

Шу ерда Google сиз ҳақингиздаги маълумотлар ҳимояси ҳақида сўз юритади: компаниянинг таъкидлашича, барча маълумотлар ишончли тарзда шифрланади ва хавфсиз жойда сақланади. Бунга ишонмасликка асосимиз ҳам йўқ; зеро, фойдаланувчилар маълумотларининг йирик миқдорда сизиб чиқиши корпорациянинг бизнесига катта зарба бўлар эди.

Яна бир жиҳатига эътибор қаратамиз: гарчи бирор мамлакатнинг ҳукумати ёки махсус хизматлари Google базасидаги шахсий маълумотларга бемалол кира олмаса-да, корпорация барибир суд қарорлари ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларнинг расмий сўровлари олдида ожиз.

Масалан, 2016 йилнинг биринчи ярмида Россия ҳукумати фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини беришни талаб қилиб Google’га 237 та сўров юборган. Компания улардан атиги етти фоизини бажарган бўлса-да, бу каби талабномалар сони ўсишда давом этаётир. Ўз-ўзидан аёнки, бошқа йирик компаниялар, жумладан, Facebook ва Microsoft ҳам шунақа сўровлар олади ва улардаги талабларни қисман бажаради.

Хўш, маълумотларимизни яширамизми энди?

Демак, таъқибдан хавфсирашингизга асос бор-йўқлигидан қатъи назар, ўз аккаунтингиздаги махфийлик созламаларини текшириб кўрсангиз зарар қилмайди. Албатта, сиз тақдим этаётган маълумотдан воз кечишдан Google манфаатдор эмас, шу боис ҳам таъқибни ўчирувчи барча тугмачалар аккаунт созламаларининг энг «кучук топмас» бурчакларига яшириб қўйилган.

Ҳаракатлар тарихини ўчириш. Ишни, албатта, «Ҳаракатларни кузатиб бориш», яъни «Отслеживание действий» саҳифасидан бошлаган маъқул. Бу ерда сиз иловалардаги ҳаракатларингизни ҳамда web-қидирувлар, YouTube’даги сўровлар, овозли қидирув, шунингдек жойлашувлар тарихини ёзиб бориш функциясини ўчириб қўйишингиз мумкин. Буларнинг ҳар бирини ўчиришга уринганингизда, Google сизни бу ниятингиздан қайтаришга уринади; аммо сиз унга қулоқ солиб ўтирмасдан, ҳаммасини ўчириб чиқаверинг.

Махфийлик параметрларини созланг. Олдинги созламаларни бирёқли қилиб олгач, «Махфийлик созламаларини текшириш» («Проверка настроек конфиденциальности») ёрдамчисини ишга туширсангиз бўлади. Муайян кетма-кетликдаги бир неча қадамни босиб ўтиб, ўзингиз ҳақингиздаги қанақа маълумотлар интернетда қидирувда чиқиши, қайсилари эса чиқмаслигини танлай оласиз. Масалан, сиз YouTube’даги ҳаракатларингиз бошқа фойдаланувчиларга кўриниш-кўринмаслигини созлашингиз ёки Google аккаунтингизни унга боғланган телефон рақамингиз орқали излаш имкониятини ўчириб қўйишингиз мумкин.

Шахсга йўналтирилган рекламани ўчиринг. Мана, ниҳоят, энг муҳимига ҳам етиб келдик – Google рекламаси созламалари! Шу ҳавола орқали ўтиб, ўзингизга қайси мавзулардаги рекламалар йўналтирилаётганлигини кўрасиз. Улар рўйхати автоматик тарзда, Google аккаунтингиздаги ҳаракатларингиз асосида тузилган. Тўғри, ортиқча рекламалар бошингизни қотирмаслиги учун, сиз бу рўйхатдан кераксизларини ўчиришингиз, янгиларини қўшишингиз мумкин. Лекин, агарда рекламани танлашда шахсий маълумотларингиздан фойдаланишларини истамасангиз, персонализацияни умуман ўчириб қўйганингиз ҳам яхши. Кўриниб турибдики, бунда реклама барибир буткул даф бўлмайди, фақат уни саралашда энди Google сизнинг яшаш жойингизгагина қарайди.

 

Саҳифани энг пастигача варақлаб, «Настроить рекламу, которая видна после выхода из аккаунта» деган тугмачани топасиз. Уни босганингиздан кейин шунга ўхшаш созламалар акс эттирилган саҳифа очилади, аммо булар энди сал бошқачароқ: инкогнито режимида ишлаганингиз, бошқа сайтларга киришингиз, авторизациядан ўтмаган ҳолда Google сервисларидан фойдаланишингиз каби ҳолатлардаги реклама созламалари. Ҳа, нотўғри тушунмадингиз – ҳатто  Google сервисларидан умуман фойдаланмасангиз ҳам, барибир у сизни таъқиб этаверади! Бунинг учун унинг рекламаси мавжуд бўлган миллионлаб сайтлардан бирортасига биттагина «бош суқиб» қўйишингиз кифоя.

Бўлдими энди?

Аллақачон англаб етган бўлсангиз керак – ҳали бу билан тугагани йўқ. Ҳаммаси сизнинг мақсадингизга боғлиқ. Агарда сиз шахсга йўналтирилган рекламага қарши бўлмасангиз, шунчаки ўзингиз ҳақингизда бошқалар кўп маълумот билишларини истамасангиз, у ҳолда юқорида келтирилган тавсиялар етарли.

Аммо янада кўпроқ анонимликни таъминлаш учун янги Google аккаунти очишингиз ёки ундан буткул воз кечиб, махсус ҳимоя воситаларидан фойдалана бошлашингиз лозим. Гап VPN-сервислар, анонимайзерлар ва Tor сингари махсус браузерлар хусусида кетяпти. Масалан, Disconnected компанияси номига яраша иш қилиб, Android тизими учун шу номдаги иловани таклиф этади. Бу дастур таъқибдан хавфсирамасдан интернетдан маълумот қидириш имконини беради. Яна, у сайтларда сизнинг қизиқишларингизни таҳлил қилиб борувчи модуллар бор-йўқлигини ҳам текширади. Албатта, бу иловадан смартфонингиздаги исталган браузер билан қулай фойдалана олишингиз учун ҳақ тўлашингизга тўғри келади.

Ўзингиз тушуниб олганингиздек, замонавий интернетда аноним қолиш тобора қийинлашиб бораётир. Ҳар бир сайт, ўзи ёки воситачилар орқали, сиз ҳақингизда имкон қадар кўпроқ маълумот олишга уринади. Шундай экан, қадамингизни ўйлаб босаверинг!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!