Google тайёрлаган «камбағалбоп» Pixel 3 Lite тақдимотдан аввал фош этилди

  •   DiMaX
  •  1209
  •  17.11.2018 17:20

Google тайёрлаган «камбағалбоп» Pixel 3 Lite тақдимотдан аввал фош этилди

«Қидирув гиганти» ўзининг Pixel 3 ва 3 XL флагманларини жорий йилнинг октябрида намойиш қилганди. Аммо сотувга чиққач, уларнинг «ишкал»лари ҳам сезила бошлаган.

ЎҚИНГ: Динамикда ҳам, камерада ҳам, хотира ва батареяда ҳам муаммо: фойдаланувчилар Google Pixel 3 ва 3 XL смартфонларидан шикоят қилмоқда

Google компанияси ушбу туркумда яна битта смартфон тайёрлагани шу кунларда маълум бўлиб қолди – Rozetked нашри журналистлари унинг суратларигача эълон қилишди. Pixel 3 Lite деб номланган ушбу қурилма ташқи кўриниши компаниянинг флагмани билан бир хил, аммо хусусиятлари бўйича фарқ қилади.

Pixel 3 Lite корпуси бутунлай пластикдан ишланган. Унинг диагоналига 5,56 дюймлик IPS-дисплейи 2220х1080 пикселлик тасвир аниқлигига эга. Томонлари ўзаро 18:9 нисбатда бўлган, «кемтик»сиз экранининг ромлари Pixel 3 флагманидагига кўра энлироқ. Флагман моделларда олиб ташланган 3,5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши Lite-версияда бор.

«Ички дунёси»га келсак, Pixel 3 Lite модели саккиз ядроли Snapdragon 670 процессори базасида ишлайди. Стандарт Pixel 3 моделидаги каби, у ҳам 4 гигабайтлик тезкор хотирага эга. Аммо доимий хотираси ҳажми атиги 32 гигабайтлик бўлиб, унга microSD-карта ҳам ўрнатиб бўлмайди. Аккумуляторининг ток сиғими 2915 мА/соатга тенг. Ушбу смартфонга 12 мегапикселлик асосий ва 8 мегапикселлик олд камералар ўрнатилган. Манбага кўра, улардаги модуллар стандарт Pixel 3 флагманидаги билан бир хил.

Гап-сўзларга қараганда, Google Pixel 3 Lite яқин ойлар ичида тақдим этилади ва 400–500 доллар атрофида баҳоланади. У билан бирга Pixel 3 XL’нинг ҳам арзонроқ, Snapdragon 710 процессорли версияси намойиш қилиниши мумкин.

ЎҚИНГ: Google бепул такси хизматини ишга туширади