Google тизимида сақланиб қолган шахсий маълумотларни қандай ўчириш мумкин?

Google тизимида сақланиб қолган шахсий маълумотларни қандай ўчириш мумкин?

Google компанияси ҳеч қачон фойдаланувчилар ҳақидаги ҳар қандай очиқ маълумотни тўплаши ва уни сақлашини яширмаган, деб ёзади «Лайфхакер». Янги «Ҳаракатларни кузатиш» сервиси ёрдамида сиз бунга ўзингиз ишонч ҳосил қилишингиз, шунингдек, ўзингиз ҳақингиздаги маълумотларни кўриб чиқишингиз ва зарур бўлса, иснод келтирувчи ёзувларни ўчириб ташлашингиз мумкин.

Яқинда Google дастурчилари навбатдаги марта «Менинг аккаунтим» сервисини янгилади, натижада у анча қулайлашди. Энди фойдаланувчилар ўзлари ҳақида йиғилган ахборотни нафақат кўриши, балки алоҳида ёзувларни ўчириши ҳам мумкин бўлди. Бундан ташқари, овозли сўровлар тарихига бағишланган янги бўлим пайдо бўлди.

Ўз досьенгизга кириш учун «Менинг аккаунтим»га киринг, сўнг «Ҳаракатларни кузатиш» бўлимига ўтинг. Шунда ҳар бири тўпланадиган ахборотнинг маълум тоифасига бағишланган бир нечта секцияни кўришингиз мумкин:

  • қидирув сўровлари ва кўрилган саҳифалар;
  • сиз ташриф буюрган жойлар;
  • қурилмалардан олинган маълумотлар;
  • овозли сўровлар ва буйруқлар;
  • сиз YouTube’да қидирган видеолар;
  • сиз YouTube’да кўрган видеолар.

Google компанияси сиз ҳақингизда йиғган досьени кўриб, улардан қайсисинидир ўчиришни исташингиз мумкин. Буни амалга ошириш жуда оддий: «ноқулай» маълумотларнинг барчасини байроқчалар билан белгиланг ва «Ўчириш» тугмасини босинг. Агар бир неча кун ёки бутун давр мобайнидаги маълумотларни ўчирмоқчи бўлсангиз, юқоридаги асбоблар панелидаги махсус буйруқдан фойдаланиш мумкин. Бундан ташқари, «Менинг аккаунтим» сервиси созламаларида сиз ҳақингизда ҳар қандай тоифа бўйича маълумот йиғишни тақиқлаш имконияти ҳам бор.

Манба: Daryo.Uz