Google ва Инҳа университети АТ-мутахассисларини тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди

  •   DiMaX
  •  717
  •  12.03.2018 17:10

Google ва Инҳа университети АТ-мутахассисларини тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) ва Google корпорацияси қўшма ўқув дастурлари ва стартапларни қўллаб-қувватлаш орқали АТ-мутахассисларни тайёрлаш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш масалалари муҳокама қилишди. Бу хусусда университет сайти хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: “Women Techmakers 2018 International Women’s Day Celebration (IWD)”да 110 нафарга яқин қизлар қатнашди

IUT ректори Сарвар Бабаходжаев Google’нинг Туркия, Кавказ ва Марказий Осиёдаги ишлаб чиқувчилари билан ишлаш бўйича раҳбари Бариш Йесугей билан музокаралар ўтказди.

2018 йилнинг 11 март куни Бариш Есугей Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ташриф буюрди ҳамда «Women Techmakers 2018 International Women’s Day Celebration (IWD)» тадбирида иштирок этди. «Women Techmakers» – бу Google’нинг бренди бўлиб, юқори технологиялар соҳасидаги аёллар учун глобал дастур ҳисобланади. «Women Techmakers» инновацияларни рағбатлантириш ҳамда аёлларни жалб этишга мўлжалланган ресурс ва ҳамжамиятдир.

Google вакили Ўзбекистондаги энг ёш университетлардан бирида талабалар ва ўқитувчилар учун яратилган шароит ва имкониятлар билан танишди.

Ўз навбатида, Бариш Йесугей Ўзбекистондаги ишлаб чиқувчилар билан ҳамкорликни ривожлантириш режалари тўғрисида гапириб берди. Унинг қайд этишича, корпорация бўлинмалари минтақадаги ишлаб чиқарувчиларга, жумладан, ахборот ҳамда техник қўллаб-қувватлашни ҳам ўз ичига олган турли хил ёрдам кўрсатмоқда. Ушбу йўналишдаги асосий иш «Google Developer Groups (GDG)» деб аталувчи йўналишда олиб борилади.

ЎҚИНГ: Инҳа университети талабалари Huawei’га ишга жойлашишлари мумкин

Таъкидлаш лозимки, тахминан икки ҳафта олдин «GDG Tashkent» гуруҳи тузилган эди. Мазкур ҳамжамиятнинг ташкил этилишига Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабалари ташаббус кўрсатишди. Ушбу гуруҳ Ўзбекистонда АТ таълим ва Googleнинг ечимларини ривожлантириш учун қатор тадбирларни амалга оширади. Бариш Йесугей ўзи ва унинг жамоаси «GDG Tashkent» фаолиятини қўллаб-қувватлаши тўғрисида гапирди.

Учрашув давомида томонлар «Google I/O», «Women Techmakers», «DevFest», «Google Launchpad Accelerator» ва шу каби турли хил тадбирларни ўтказиш орқали АТ соҳаси учун мутахассисларни тайёрлаш ҳамда қизларни АТ-соҳасига жалб этиш масалаларини муҳокама қилишди.

Томонлар ишчи тартибда ҳамкорликнинг мумкин бўлган йўналишлари бўйича муҳокамаларни давом эттиришга келишиб олдилар. Бариш Йесугей Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг ўқув бинолари билан танишди.

ЎҚИНГ: Тошкентда «сунъий онг» бўйича болалар учун Google’нинг бепул курси очилмоқда

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!