Google «Хариталар»дан ҳайдовчилар учун хушхабар бор!

  •   DiMaX
  •  999
  •  29.09.2020 10:52

Google «Хариталар»дан ҳайдовчилар учун хушхабар бор!

Барча Android-смартфонлардаги Google сервислари орасида Maps, яъни «Хариталар» иловаси мавжуд. Қидирув гиганти ушбу иловасига махсус «автомобилбоп» интерфейс қўшяпти.

ЎҚИНГ: Google «Хариталар»нинг янги дизайнини тақдим этди

Компания Google Maps иловасида янги функцияни – махсус Car Mode режимини синаб кўрмоқда. Номидан ҳам англашилиб турганидек, бу – автомобилни бошқариш чоғида харита иловасидан фойдаланишни қулайлаштирувчи янгича интерфейсли режимдир.

Автомобил режими Android Auto иловаси интерфейсини эслатади, лекин бунда фақат смартфонларга мўлжалланган Google Maps иловасининг ўзи қўлланади.

Car Mode режимида Google «Хариталар» иловасининг интерфейсида асосий экрани ўзгаришсиз қолса-да, пастки панели бошқача кўриниш олган. Унда иккита тугмача мавжуд – чап томонида Google Assistant овозли ёрдамчисини чақириш учун микрофон ҳамда ўнгда менюга кириш тугмачалари.

ЎҚИНГ: Google Maps ва бошқа хариталар масштабини битта бармоқда бошқариш мумкин!

Меню тугмачасини босганда очиладиган янги экран эса Android Auto интерфейсига жуда ўхшаш. Унда қўнғироқлар, хабарлар, подкастлар, YouTube Music ва бошқа сервислар учун йирик тугмачалар акс этган.

Мазкур сервисларга кирганда ҳам улар Android Auto интерфейсига ўхшаб йирикроқ тарзда кўринади. Пастки панелнинг ўрта қисмида эса ҳамиша илованинг бош экранига қайтиш учун Google Maps логотипи жойлашган.

Google айни дамда «Хариталар» иловасининг автомобил режимини айрим юзерларгагина тақдим этган. Кенг фойдалаувчилар оммасига уни Google Maps’нинг навбатдаги янгиланиши билан тарқатишади.

ЎҚИНГ: Қулай бўлиши учун смартфон бошқарув пунктини экраннинг пастига кўчирамиз

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!