Google хитойликлар учун қасос олди!

  •   DiMaX
  •  1465
  •  04.06.2020 12:06

Google хитойликлар учун қасос олди!

Куни кеча биз Remove China Apps иловаси чиқибоқ хитга айланганлиги ҳақида ёзган эдик. Номидан ҳам англашилганидек, у смартфондан хитойча дастурларни ўчиришга ёрдам беради. Аммо бу дастур тезда Play Market’дан йўқолиб қолди!

ЎҚИНГ: Android-иловани смартфонга ўрнатмасдан ишлатиб кўрамиз

Ушбу илова OneTouch AppLabs компанияси (Ҳиндистон) томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, асосан ҳиндистонликлар орасида ўта оммалашганди. Бунга эса «филлар ўлкаси» аҳолисининг хитойликларга нисбатан ғарази, коронавирус тарқалишида уларни айбдор деб билганлари, шунингдек, икки мамлакат орасидаги сиёсий келишмовчиликлар ҳам асосий сабаблардандир.

Remove China Apps иловасини Ҳиндистоннинг таниқли шахслари ҳам илгари суриб, аудитория фикрига таъсир ўтказишган. Йога гуруси (устози) Баба Рамдев ўз смартфонидан Хитой иловаларини ўчираётгани видеосини Twitter’да улашиб, бошқаларни ҳам шундай қилишга ундаган. Ҳиндистон шоу-бизнеси юлдузлари хитойликларнинг TikTok иловасини намойишкорона ўчира бошлашди; буни эса таъсирга эга сиёсатчилар, шу жумладан Ҳиндистонда иқтидорда бўлган партия спикери ҳам мақтаган.

ЎҚИНГ: Ҳиндистонни «Jio’лаштириш»: 1,3 миллиард аҳолини БЕПУЛ 4G-алоқа билан таъминлаб, интернетни 5 карра арзонлатган миллиардер!

Хулласи калом, Remove China Apps иловасининг Ҳиндистон бўйлаб реклама кампанияси туфайли TikTok, UC Browser ва бошқа хитойлик дастурчилар маҳсулотлари хорижда ўз аудиториясини йўқота бошлади.

Бу эса Хитой томонининг – нафақат дастурчилар, балки ҳукумат миқёсидаги ҳақли эътирозига сабаб бўлди. Жумладан, ҳукумат газетаси – Global Times ёзишича, Ҳиндистон мазкур мамлакатга нисбатан оқилона бўлмаган усулларда ҳамла қиляпти; бу эса расмий Пекин томонидан тегишли чоралар кўрилишига олиб келиши мумкин.

Ушбу можароларга барҳам бериш учун Google компанияси Remove China Apps иловасини ўз дўконидан олиб ташлади. Бу эса Play Market сиёсатига ҳам тўғри келадиган оқилона қарор бўлди; зеро, унинг қоидаларига кўра, иловалар бошқа дастурларнинг ишлашига халақит бермаслиги лозим. Ҳиндистонликларнинг иловаси эса бошқа дастурларни номақбул сабабга кўра, яъни – хитойлик дастурчилар ишлаб чиққани учунгина зарарли, деб ҳисоблар эди.

Бундан яна шу ҳам англашиладики, оддий бир илова ҳам турли мамлакатлар орасида сиёсий қурол бўлиб хизмат қилиши, миллатлар аро низоларни қўзғаши мумкин экан.

ЎҚИНГ: Яна битта оммабоп сервис «Google қабристони»га кетяпти (+видео)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!