Google етакчиси АҚШда энг кўп тўланадиган раҳбарга айланди

Google етакчиси АҚШда энг кўп тўланадиган раҳбарга айланди

Google етакчиси Сундар Пичаи АҚШда энг кўп маош тўланадиган раҳбарга айланди. АҚШнинг Қимматли қоғозлар ва биржа комиссияси томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, у жорий йилда компания акцияларидан тушган 199 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағга эга бўлган.

2015 йилнинг 2 октябрида Google компаниясига эгалик қилувчи Alphabet Inc. холдинги ташкил этилгач, жаноб Пичаи компанияга раҳбар этиб тайинланган эди.

43 ёшли Сундар Пичаига жорий йилнинг 3 февраль куни Alphabet холдингининг $199 миллион долларга тенг бўлган 273,328 дона акцияси топширилган. Акциялардан тушган навбатдаги мукофот пули билан бирга Пичай нархи тахминан $650 миллион долларга тенг акциялар эгасига айланди. Бу мукофот пуллари унга 2019 йилга қадар ҳар чоракда, босқичма-босқич ўтказиб берилади.

Шунингдек, Forbes нашрининг ёзишича, Google асосчилари Ларри Пейж ҳамда Сергей Брин $34.6 млрд. ва $33.9 млрд. доллар миқдоридаги маблағга эга.

Сундар Пичаи 1972 йилда Ҳиндистоннинг Мадурай штатида, инженер-электрик хонадонида туғилган. Ҳиндистоннинг Харагпур технологиялар институти (бакалавр), АҚШнинг Стэнфорд университети (магистр), шу билан бирга Пенсильвания университетларида таҳсил олган. У компанияга 2004 йилда келиб қўшилган. Раҳбарга айлангунига қадар Google Chrome, Chrome OS, шунингдек Google Drive каби дастурий маҳсулот ва лойиҳаларнинг менежменти бўйича масъул лавозимларда фаолият кўрсатган. У компаниянинг Gmail ҳамда Google Maps лойиҳаларининг ривожига катта ҳисса қўшган.

2015 йилда Cheniere Energy энергетика компанияси раҳбари Шариф Соуки йил давомида $141,949,28 доллар даромад олиб, АҚШда энг кўп маош тўланган раҳбарга айланган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!