Google'нинг илк букламафони – Pixel Fold расмий тизери чиқарилди (видео)

Google'нинг илк букламафони – Pixel Fold расмий тизери чиқарилди (видео)

Бир неча ойлик эмас, бир неча йиллик миш-мишлардан сўнг, ваниҳоят, Google ростдан ҳам букланадиган смартфон чиқариши расман тасдиқланди – компания ўзининг илк букламафони тизерини чиқарди.

Google ўзининг анчадан бери кутилаётган Pixel Fold букламафонининг илк тизер видеосини чиқарди ва унда биз қурилма дизайни билан танишишимиз мумкин.

"Fold" қўшимчасидан маълумки, Pixel Fold худди Galaxy Z Fold каби китобга ўхшаб очилиб-ёпилади. Букламафоннинг орқа томонидаги камера панели компаниянинг ҳозирги Pixel смартфонлариникига ўхшаш, бироқ у ён томонларга бирлашиб кетмаган, балки камера ороли сифатида ажралиб туради. Бундан ташқари, тизер охирида Pixel Fold'нинг 5.8 дюйм эканлиги айтилган ташқи экрани Always-On Display хусусиятига эга эканлигини ҳам кўришимиз мумкин.

Шунингдек, тизер Pixel Fold'нинг ички экрани ҳам кўрсатилган. Аввалроқ 7.6 дюймли бўлиши айтилган асосий дисплей сезиларли даражада қалин рамкага эга ва ички селфи камера ҳам шу рамка орасида жойлашган.

Google букламафоннинг техник хусусиятларини ошкор қилганича йўқ, лекин олдинги хабарларда қурилма Tensor G2 чипсетида ишлаши айтилган эди. Қолаверса, унинг нархи Galaxy Z Fold 4 дан 100 АҚШ долларига арзон ёхуд 1699 АҚШ доллари бўлиши таҳмин қилинмоқда.

Google Pixel Fold расман 10 май куни ўтказилиши кутилаётган Google I/О тадбирида тақдим қилиниши кутилмоқда.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!