Google’нинг сахийлиги тутди: Chrome хатосини топиб, 150 минг долларгача мукофот олинг!

  •   DiMaX
  •  881
  •  22.07.2019 12:22

Google’нинг сахийлиги тутди: Chrome хатосини топиб, 150 минг долларгача мукофот олинг!

Қидирув гиганти ўз браузерининг ҳимоясидаги заифликни топган дастурчиларга бериладиган рағбатлантириш мукофоти миқдорини 2-3 баробарга оширди. Пул миқдори амалга оширилган иш ҳажмига, аниқланган нуқсоннинг хавфлилик даражасига ҳамда бажарилган ҳисоботнинг сифатига боғлиқ.

ЎҚИНГ: Google ва Huawei бу смартфон эгаларининг ҳар бирига 400 доллардан тўлайди!

Шундай қилиб, браузер ҳимоясидаги аниқланган оддий нуқсон учун максимал мукофот миқдори энди 15 минг АҚШ долларига тенг. Аввал бу кўрсаткич 5 минг доллар эди, яъни – тўлов нақ уч каррага оширилган!

Агарда аниқланган заифликдан фойдаланган ҳолда ҳимояни бузиб кирувчи дастурий таъминот намунасини ҳам қўшиб батафсил ҳисобот жўнатсангиз, Google энди бунинг эвазига 30 минг долларгача мукофот беришга тайёр (аввал 15 минг доллар эди).

Chromebook ёки Chromebox қурилмаларида Chrome OS тизимида меҳмон режими орқали ҳимояни бузиб кириш имконини берувчи нуқсонни аниқласангиз – ошиғингиз олчи! Google энг йирик миқдордаги рағбатлантириш пулини айнан шундай дастурчилар учун ажратган – максимал мукофот миқдори нақ 150 минг доллар (олдин 100 минг доллар бўлган)!

Айтиш керакки, компания топилган нуқсонлар учун рағбатлантиришни кўзда тутувчи Google Chrome Vulnerability Rewards Program дастурини 2010 йили жорий этган. Ўшандан буён Google ўз браузерида аниқланган заифликлар ҳақида саккиз ярим мингдан зиёд мактуб олган ва улар учун жами беш миллион АҚШ долларидан ошиқ мукофот пули тўлаган.

ЎҚИНГ: «Google қабристони»га бир назар: унда нималар «дафн этилган»?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!