ҲАФТА ЯКУНЛАРИ: Galaxy S10’ни 5G’да ишлатиб кўрсатишди; Sony’нинг шаффоф телефони, Google мессенжерларини ёпяпти, энг зўр ўнта Android-смартфон...

  •   DiMaX
  •  2069
  •  08.12.2018 16:48

ҲАФТА ЯКУНЛАРИ: Galaxy S10’ни 5G’да ишлатиб кўрсатишди; Sony’нинг шаффоф телефони, Google мессенжерларини ёпяпти, энг зўр ўнта Android-смартфон...

Дунё бўйлаб ахборот технологиялари соҳасида кўплаб янгиликлар бўлади. Имкон қадар шулардан қизиқларини сизларга етказишга ҳаракат қиламиз, аммо барчасини қамраб ола билмаслигимиз табиий ҳолат.

Шундан келиб чиқиб, якунига етаётган ҳафтада технологиялар борасида юз берган энг муҳим воқеаларнинг қисқа дайжестини эътиборингизга ҳавола этаётирмиз.

  1. Жанубий Кореяда аллақачон 5G тармоғи ишга тушди ва Samsung унда ҳали тақдим этилмаган Galaxy S10’ни ишлатиб кўрсатди.

Шиддат билан ривожланиб бораётган Жанубий Корея дунёда биринчи бўлиб, 1 декабрда бешинчи авлод уяли алоқа тармоғини тақдим этди. Учта маҳаллий оператор – SK Telecom, KT ҳамда LG Uplus компаниялари керакли жиҳозларни ўрнатиб, илк 5G-сигналларини юборишди. Ҳозирча бу тармоқдан фақат корпоратив мижозларгина фойдалана оладилар, оддий аҳоли учун эса бешинчи авлод уяли алоқа тармоғи келаси йил мартдан ишга тушади. Шунгача бозорга бир нечта 5G-смартфонлар тақдим этилади.

Табиийки, жаҳондаги етакчи смартфонсоз саналмиш Samsung шундай воқеани ўтказиб юбормаслиги аниқ эди. Мазкур компания 5G тармоғини ўзининг ҳали расман тақдим этилмаган смартфони – Galaxy S10 флагманида синаб кўрди. Инсайдерлар ушбу синов жараёни акс эттирилган видеолавҳани интернетга чиқариб юборишган ва биз уни қуйидаги мақоламизда берганмиз:

ЎҚИНГ: ЭКСКЛЮЗИВ ВИДЕО: 5G тармоғида ишлаётган Galaxy S10’ни «жонли» томоша қиламиз!

  1. Sony тайёрлаётган буклама смартфон шаффоф ҳам бўла олади!

Япониялик етакчи технологик компаниялардан бири бўлмиш Sony антиқа технологиялар учун иккита патент олди. Улардан бири буклама қурилмаларга тегишли бўлса, иккинчисида шаффоф дисплей тасвирланган.

Иккинчи патентдаги гаджетнинг иккита экрани бор – олд ва орқа томонларида. Улардан бири барча дисплейлар қатори нурни (яъни, тасвирни) узатадиган бўлса, иккинчиси ёруғликни (тасвирни) ўзига олади (худди камера объективи каби) ва наригисига узатади. Натижада девайснинг ўзи буткул шаффоф бўлади – нариги томонидаги тасвир буёқдаги дисплейда тўлалигича акс этади. Патентга кўра, смартфоннинг ҳар иккала дисплейи ҳам асосий (акс эттирувчи) ва «кўрувчи» (суратга олувчи) бўла олади; бу айни пайтда қайси томони билан ишлатилаётганига боғлиқ бўлади.

ЎҚИНГ: БУНАҚАСИ БЎЛМАГАН: Sony шаффоф буклама смартфон тайёрлаяпти!

  1. Huawei P20 ва P20 Pro смартфонлари Android 9.0 Pie асосидаги EMUI 9 прошивкасига янгилана бошлади.

Ушбу апдейт хитойлик гигантнинг мазкур флагманлари эгаларига бир қатор янги имкониятларни бахш этади. Жумладан, бу смартфонлар энди тўлиқ экранли ишоралар орқали бошқарилиши мумкин. Булардан ташқари, энди тизимнинг экрандаги тегинишларни сезиши 25,8 фоизга тезлашган. Шунингдек, Huawei P20 ва P20 Pro флагманлари иккинчи авлод GPU Turbo технологиясига ҳам эга бўлди.

Айни дамда Android 9.0 Pie асосидаги EMUI 9 прошивкалари фақат Хитойдагина тарқатилмоқда, аммо бошқа мамлакатлардаги фойдаланувчиларга ҳам бу апдейт яқин орада келиб қолади.

  1. Xiaomi компанияси Redmi 4X ва Redmi 4A учун глобал MIUI 10 прошивкасини тақдим этди.

Бунда ҳар иккала моделда ҳам операцион тизим Android 7.1 Nougat версиясида қолган, фақатгина график қобиқ янгиланган, холос. Умуман олганда, бунда тизимнинг интерфейсигина ўзгарган: билдиришномалар панели ҳамда овоз баландлиги созлагичи Android 9 Pie услубига ўтказилган, охирги қўлланган иловалар менюси вертикал тус олган, стандарт иловалар янгиланган.

Redmi 4X учун янги прошивка ҳажми 316 МБ бўлиб, октябрь ойидаги хавфсизлик янгиланишларини ҳам ўз ичига олади. Redmi 4A учун тақдим этилган янгиланиш эса 268 МБ бўлиб, фақат июль ойигача бўлган хавфсизлик патчларига эга.

ЎҚИНГ: РАСМАН: Xiaomi ҳеч қачон MIUI 10’гача янгиланмайдиган 20 та моделдаги смартфонларини эълон қилди

  1. Google корпорацияси Hangouts ҳамда Allo мессенжерларини ёпмоқда.

Hangouts сервиси 2013 йили тақдим этилган бўлиб, Google Play’да аллақачон бир миллиард мартадан ошиқ юкланган. Айни дамда у алоҳида сервис сифатида мавжуд бўлиб, Gmail ва бошқа айрим Google маҳсулотларига жорий этилган. Гарчи аниқ вақтлари айтилмаётган эса-да, Hangouts сервиси 2020 йилда тўлиқ тугалланиши кутилмоқда. Шундан сўнг унинг Hangouts Chat ҳамда Hangouts Meet вариациялари бизнес учун иловалар тўплами – G Suite доирасида «яшаб» қолиши айтилган.

Шунингдек, қидирув гиганти Allo мессенжерини ҳам тугаллаши хабар қилинмоқда. 2016 йилнинг ўртасида тақдим этилган ушбу илова 2019 йилнинг март ойида ёпилиши айтилаётир. Шундан сўнг унинг айрим функциялари Messages сервисига ўтказилади ва Google уни такомиллаштиришга янада кўпроқ эътибор қаратади.

  1. Galaxy S10+ тақдимотидан аввал унинг клонини «жонли» кўрсатишди.

Хитойликларнинг чаққонлигига қойил қолмай илож йўқ – Samsung ҳали намойиш этиб улгурмаган флагманининг клонини яратишибди. Худди рендерларда кўрсатилаётган Galaxy S10+ каби, унинг ҳам бош камераси горизонтал жойлашган. Қадоғи ҳам жанубий кореялик гигантнинг маҳсулотлари услубида.

Аммо унинг қалбаки эканлигини пайқаш қийин эмас – бунга қуйидаги мақоламизга жойланган видеода ўзингиз ҳам гувоҳ бўлишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: «ЖОНЛИ» ВИДЕО: Аллақачон «хитойча» Samsung Galaxy S10+ чиқди!

  1. Xiaomi корпорацияси ZMI билан ҳамкорликда ZMI Aura повербанкини тақдим этди.

Xiaomi ZMI Aura пластик корпусга эга бўлиб, сиғими 20 000 мА/соатни ташкил этади. Унинг анъанавий microUSB, замонавий USB Type-C портлари ҳамда 27 ваттлик тезкор қувват олувчи иккита кирувчи USB-тирқиши мавжуд. LED-дисплейга эга ушбу портатив аккумулятор Хитойда 5 декабрь куни, 29 АҚШ долларига тенг нархда савдога чиққан.

  1. Gizmochina портали Samsung Galaxy S10’нинг сифатли суратларини эълон қилди.

Расмларга кўра, ушбу флагманнинг асосий камераси горизонтал жойлашган бўлиб, юрак уриши частотаси датчиги ҳамда фоточақноқ, шунингдек дактилоскопик датчик билан бирга яхлит блокда жойлашган. Galaxy S10 корпусининг пастки қиррасида замонавий USB Type-C порти ҳамда стандарт 3,5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши кўзга ташланади. Олд панелига келсак, экраннинг ён томонлари умуман ромсиз, фақат пастки ва юқори қисмида энсиз ҳошиялар мавжуд.

Шуниси ҳам борки, юқоридаги суратлардагидан фарқли тарзда, Samsung Galaxy S10 моделларида экранда селфи-камера учун «тирқиш» очилганлиги ҳақида хабарлар кўпроқ чиқмоқда.

ЎҚИНГ: Учталик камерали Samsung Galaxy S10 иккита «жонли» суратда!

  1. «Тешик» экранли смартфонни биринчи бўлиб тақдим этишга учта смартфонсоз ҳаракат қилмоқда.

Умуман олганда, дастлаб Samsung ўзининг Galaxy A8s моделида олд камера учун экранда «тирқиш» очаётганини эълон қилганди. Аммо «тирқиш»ли дисплейга эга илк смартфонни тақдим этаётганини биринчи бўлиб Huawei расман эълон қилган, тағин бошқалардан «бир қадам олдинда» эканини айтиб мақтанган ҳам эди. Шундай бўлса-да, жанубий кореялик компания «отни қамчилаб» қолди...

Хулласи калом, Samsung Galaxy A8s модели 10 декабрда, Huawei Nova 4 смартфони 17 декабрда, Lenovo Z5S эса 18 декабрда намойиш этиладиган бўлди.

  1. AnTuTu энг кучли Android-смартфонларни эълон қилди.

Бу галги рейтингда ҳам Huawei флагманлари энг юқори ўринларни банд этган – буларнинг барчаси Kirin 980 процессорининг шарофатидир. Умуман олганда, энг самарадор тўртта смартфон ҳам хитойлик техногигантга тегишли: Mate 20, Mate 20 X, Huawei Mate 20 Pro ва Honor Magic 2.

Кучли ўнталикка кирган бошқа смартфонлар билан танишиш ва барчасининг AnTuTu’да олган балларини кўриш учун қуйидаги мақоламизга ўтишингиз мумкин:

ЎҚИНГ: AnTuTu рейтинги: 2018 йил декабргача энг зўр Android-смартфонлар!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.