Ҳаж технологияси: Маккадаги ҳаёт ва мамот тиқилинчлари қандай бошқарилади?

Ҳаж технологияси:  Маккадаги ҳаёт ва мамот тиқилинчлари қандай бошқарилади?

Ҳар йили Саудия Арабистонининг аҳолиси бир ҳафта давомида уч миллионга кўпаяди.  Чунки Зулҳижжа ойининг дастлабки 10 кунида бутун дунёдан мусулмонлар ҳаж ибодатини адо этиш учун Макка шаҳрига келади.  Аҳолининг қисқа муддат ичида бу қадар кўпайиб кетишига дунёнинг кўплаб шаҳарлари тайёр эмас.  Аммо замонавий Макка шаҳрининг қурилишида шу нарса ҳисобга олинган.  Шунга қарамай,  бу ерда ҳам баъзан фалокатли тиқилинчлар юз бериб туради.  Бу йилги ҳаж мавсумида Мино водийсида юз берган фожеада 700 дан зиёд одам ҳалок бўлгани бунга бир мисол.

Бу каби фожеаларнинг олдини олиш учун ҳаж ибодати билан боғлиқ иншоотлар қурилишига Саудия Арабистони ҳукумати дунёнинг энг яхши архитектор ва дизайнерларини таклиф этади.  Ҳаж арконлари билан боғлиқ тиқилинч муаммоларини бартараф этишда қандай архитектура ва дизайн усулларидан фойдаланилган? Бу мақолада шу мавзу ёритилади.

Ҳожилар учун махсус қурилган аэропорт

 

Bryan Christie Design

Bryan Christie Design

Қирол Абдулазиз аэропортидаги анъанавий бадавий чодирларига ўхшатиб қурилган Ҳаж терминали бир миллион кв. метрга яқин майдонни эгаллаб,  томи тефлон полимери ва ойнали пластмасса билан ёпилган.  Йўловчилар юкларини иқлими назорат қилинадиган бўлинмадан олишади.  Ҳавонинг табиий алмашинуви энг оптимал таъминланган очиқ жойдаги кутиш залида эса,  ташқарида ҳаво 50 даража иссиқ бўлса ҳам,  ҳарорат 25 градусдан ошмайди.

Ҳар куни 600 тонна ахлат пневматик қувурларда тортиб олинади

Mecca_Illustration-482x482

Brown Bird Design

Масжидни қайта қуришга сарфланган 20 миллиард доллардан ортиқ харажат ичида муҳим бир муаммони бартараф этиш ҳам кўзда тутилган:  ҳар куни йиғиладиган 600 тонна ахлатни бир ёқли қилиш.  Шу мақсадда Маккадаги масжид атрофида 400 та пневматик қувур ўрнатилган.  У ерга ташланган чиқит ер ости қувурлари орқали сўриб олиниб,  1,5 км.  наридaги ахлат марказига олиб бориб ташланади.  У ердан юк машиналарига юкланиб,  махсус ахлат майдонларига олиб кетилади.

Кўпроқ одамни қабул қилиш учун масжидни кенгайтириш лойиҳаси

Bryan Christie Design

Bryan Christie Design

Макка шаҳридаги Масжид ал-Ҳаром Каба атрофида қурилган ва мудом катталашиб бораётган ибодатхона бўлиб,  ҳаж мавсуми унда бир пайтнинг ўзида 2-3 миллион одам йиғилади.  Ҳар йили бу ерга ҳажга келган ҳар бир мусулмон Кабани икки бор етти маротаба айланиб чиқиши керак.  Одам кўплигидан,  баъзан,  айрим зиёратчилар Каба томигача чиқиб кетади.  Бу муаммони бартараф этиш учун Генслер фирмаси дизайнерлари ёлланган.  Улар Каба атрофида саккиз ёнли махсус платформа ишлаб чиқишди.  Натижада тиқилинч камайиб,  одамлар оқими тезроқ ва кўпроқ ўтишига имкон яратилди.

0,01 фоиз зиёратчилар учун меҳмонхона

Brown Bird Design

Brown Bird Design

2017 йилда қуриб битказилиши кутилаётган Абраж Кудай меҳмонхонаси дунёдаги энг катта отел бўлади.  У 12 минора,  10 минг хона,  70 ресторан,  4 та вертолёт қўниш майдончаси,  дўконлар маркази ва автобус бекатидан иборат.  Бешта қавати саудийлар қироллик оиласи учун ажратилган.  Меҳмонхона ўта бой зиёратчилар учун мўлжалланган.  Кўҳна ва исломий шаҳар учун шундоққина Кабанинг тепасида бундай ҳашаматли меҳмонхонанинг қурилаётгани жуда ғалати.

100 минг ойнали пластмасса ўтовларидан иборат шаҳар

Ҳажнинг муҳим арконларидан бирини бажариш учун кўплаб зиёратчилар Мино водийсида тунайди.  Узоқ йилллар бу ерда ҳожилар учун оддий пахта матодан тикилган ўтовлар бўларди.  Аммо 1997 йил юз берган даҳшатли ёнғин 300 га яқин одамни ҳаётдан олиб кетгач,  Саудия ҳукумати оловга чидамли муқобил ўтов излашга тушди.  Натижада ҳаво салқинлатгич билан таъминланган,  тефлон билан қопланган 100 мингта  ойнали пластмасса чодирлар бунёд этилди.  Минода,  шунингдек,  махсус касалхоналар ва тез тиббий ёрдам марказлари ҳам ташкил этилди.  Аммо Мино водийси ҳануз ҳаж мавсумининг хавфсизлик энг беқарор бўлган ҳудуди ҳисобланади.  700 га яқин ўлимга сабаб бўлгна бу йилги фожеа ҳам шу ерда рўй берди.

fiberglass-1024x768

Bryan Christie Design

Шайтонга тош отиладиган кўприкка янги қаватларнинг қўшилиши

Ҳажнинг учинчи куни зиёратчилар Жамарот кўпригига келиб шайтонга қарата еттита тош отишади.  Бу ерда илгари ҳам бир неча бор фалокатли тиқилинчлар юз берган.  Чунки Жамарот кўприги ҳожилар энг кўп йиғиладиган жой ҳисобланади.  Тиқилинчларни камайтириш мақсадида охирги йилларда Жамарот кўприги беш қаватли қилиб қурилди.  Энди одамлар тош отиладиган устунларга осонроқ етиб боради.  Одамларнинг келиш ва кетиш йўлаклари ҳам алоҳида-алоҳида қилиб ажратилган.  Сўнгги фожеада Жамарот кўпригига олиб келадиган икки йўлакдаги одамлар бир жойда туташиб,  катта тиқилинчни юзага келтиргани айтилмоқда.

“Wired” сайти материаллари асосида тайёрланди.