Ҳаккерлар танловда Apple, Microsoft ва бошқа таниқли тизимларни бузиб ташлашди

Ҳаккерлар танловда Apple, Microsoft ва бошқа таниқли тизимларни бузиб ташлашди

Анъанавий Pwn2Own номли ҳаккерлар ўртасидаги танловнинг 2017 йилги мусобақаларида канадалик Ванкувер жамоаси юзлаб одамлар гувоҳлигида Microsoft’нинг Windows ва Apple’нинг MacOS операцион тизимларини бузиб киришга муваффақ бўлдилар. Бу тўғрида TechWorm нашри хабар тарқатган.

Мусобақанинг илк кунида жамоа MacOS тизимининг “ожиз нуқта”си орқали тизимга кириб, қурилмадаги маълумотларни олишга эришган. Жамоа мутахассислари бунинг учун 10 минг долларга эга бўлишди. Шунингдек, Chaitin Security Research Lab командаси ҳам MacOS тизимининг ҳимоясини буза олгани учун шунча маблағ билан тақдирланган.

Windows операцион тизимини бузишга муваффақ бўлган 360 Security ҳамда Team Sniper жамоасининг ҳар бирига 15 минг доллардан мукофот пули берилган.Умуман олганда, бу мусобақа маблағ фонди бир миллион долларни ташкил этади.

Шу билан бирга, Team Sniper ва Sword Team жамоалари Microsoft Edge браузери тизимини буза олишгани учун 55 минг доллардан пул олишган. Chaitin Security жамоаси эса Mozilla Firefox браузерининг, 360 Security Safari браузерининг ахборот хуружларига ожиз нуқтасини аниқлашгани учун 35 минг доллардан пул олишган.

Pwn2Own — 2007 йилдан бошлаб жаҳондаги энг кучли ҳаккерлар иштирокида ўтказиладиган CanSecWest ахборот хавфсизлиги анжумани доирасидаги халқаро турнир. Унинг қоидаларига кўра, иштирокчилар белгиланган вақт мобайнида муайян қурилма ва дастурнинг ҳимоя тизимининг ожиз жойини аниқлаб, тизимга киришлари керак бўлади. Натижада, бу дастур ишлаб чиқарувчиси ўз маҳсулотининг вирус ва кибер ҳужумларга ожиз бўлган жиҳатларини билиб олади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.