Ҳали расман намойиш этилмаган янги iPhone’ларни ҳозироқ харид қилиш мумкин!

  •   DiMaX
  •  2070
  •  08.09.2018 11:12

Ҳали расман намойиш этилмаган янги iPhone’ларни ҳозироқ харид қилиш мумкин!

Қурилмаларнинг расмий тақдимотидан аввал суратлари, техник жиҳатлари ва нархи ҳақидаги маълумотлар интернетда тарқалишига кўникиб қолганмиз. Аммо кейинги пайтларда янги гаджетлар намойишдан аввал савдога ҳам чиқарилаётгани қизиқ.

ЎҚИНГ: Тақдим этилмаган Google Pixel 3 XL аллақачон «қора бозор»да сотиляпти! (+«жонли» видео ва суратлар)

Apple корпорацияси бу йилги бир қатор янги қурилмаларининг намойишини 12 сентябрдаги тадбирига белгилаганидан хабардорсиз. Улар қаторида иккита премиал iPhone XS ҳамда битта ҳамёнбоп iPhone XC смартфонлари ҳам бор.

Аммо Руминиядаги йирик Quick Mobile дўкони аллақачон уларни савдога ҳам чиқарган ва харид саҳифасида айфонларнинг хусусиятларини ҳам ёзиб қўйган. Шу маълумотларнинг ҳақиқийлигига қаттиқ ишонган бу ритейлер айни дамда iPhone Xs, iPhone Xs Max Plus ҳамда iPhone 9 деб номланган моделлар учун олдиндан буюртма ола бошлаган.

Айтиб ўтиш керакки, куни кеча хитойлик инсайдерлар тарқатган маълумотларда айфонлар бошқачароқ номланган эди.

ЎҚИНГ: Apple’нинг янги гаджетлари: нарх, хусусият ва суратлари тақдимотдан бир ҳафта аввал чиқиб кетди

Quick Mobile онлайн дўконда iPhone Xs ва iPhone Xs Max Plus смартфонларини доимий хотираси 64 ГБ, 256 ГБ ва 512 ГБ бўлган модификацияларда харид қилиш мумкин. Улар OLED-экран, 4 ГБ ҳажмли тезкор хотира, Face ID юз сканери, қўшалоқ асосий камера билан жиҳозланган, корпусининг роми эса жарроҳлик пўлатидан ишланган.

iPhone 9 деб номланаётган ҳамёнбоп модел эса фақат 64 ГБ ҳамда 256 ГБ.лик хотирага эга вариантларда таклиф этилмоқда. Унинг тезкор хотираси ҳажми 3 ГБ.га тенг, Face ID қиёфа сканерига эга, корпуси эса алюминий ромли.

Таъкидлаб ўтиш ўринлики, мазкур арзон айфоннинг (номи бошқача) сифатли олинган «жонли» расмлари ҳам чиққан.

ЎҚИНГ: Учта рангдаги ҳамёнбоп iPhone XC’ни илк «жонли» суратларда кўрамиз!

Quick Mobile дўкони сайтига кўра, ҳар учала русумдаги айфонни қора ёки оқ рангли корпусларда олиш мумкин. Уларнинг барчаси Qi стандартига кўра симсиз қувватлаш технологиясига эга, корпусларининг орқа қопқоғи эса шишадан ишланган. Бу йилги iPhone’ларнинг бирортаси ҳам 5G тармоғини қўллаб-қувватламайди. Барча моделларда 8 ядроли Apple A12 процессори қўлланган.

iPhone Xs моделига дўконда 899 АҚШ доллари, iPhone Xs Max Plus’га эса 999 доллар миқдорида нарх белгиланган. iPhone 9  эса бирмунча арзон – 749 доллар туради. Quick Mobile дўкони буюртмаларни сентябрнинг иккинчи ярмидан етказиб бера бошлашини маълум қилаётир.

ЎҚИНГ: iPhone XS: 2 миллиард йиллик материалдан ясалган корпус

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.