Ҳали тақдим этилмаган Android Q тизимидаги янги имкониятлар билан танишамиз!

  •   DiMaX
  •  1769
  •  17.01.2019 15:28

Ҳали тақдим этилмаган Android Q тизимидаги янги имкониятлар билан танишамиз!

Google компанияси ўзининг мобил операцион тизим талқинларини аввал ички доирада синаб кўришидан хабарингиз бор. Жумладан, Android’нинг навбатдаги версияси ҳозирда шунақа тест қилиняпти.

ЎҚИНГ: Xiaomi аллақачон арзонроқ смартфонида Android Q тизимини синаб кўрмоқда!

Айни шу – Android Q талқинида ишлайдиган Pixel 3 XL смартфони  XDA-Developers ресурси дастурчиларининг қўлига тушиб қолган. Натижада улар мазкур талқиндаги асосий ўзгаришларни кенг жамоатчиликка маълум қилишган.

  1. Тўқранг режим билан қувватни тежаймиз

Ўнинчи авлод Android тизимининг асосий янгиликларидан бири – Dark Mode, яъни тўқранг (тунги) режим ҳисобланади. Ушбу режим тунда ишлашни қулайлаштириш билан бирга, аккумуляторнинг қувватини (айрим ҳолларда 60 фоизгача) тежаш имконини беради.

Тўғри, Android Pie талқинида шундай функция бор, аммо у фақат лаунчер рангинигина ўзгартиради. Янгича Android’да эса бу режим созламаларга ҳам, барча стандарт иловаларга ҳам тегишли бўлади. Дарвоқе, бундай имконият OnePlus смартфонларида аллақачондан бери мавжуд.

  1. Смартфонни компьютерга айлантирамиз

Android Q’нинг яна битта қизиқ ва амалий аҳамиятли ўзига хослиги Desktop Mode функциясидир. Афсуски, XDA-Developer дастурчилари ҳозирча уни синаб кўра олишмаган.

Созламаларида таъкидланишича, бу – қўшимча дисплейлар билан ишлаш учун жорий этилаётган тажрибавий режимдир. Номидан ҳам кўриниб турибди – Google компанияси Samsung DeX ҳамда EMUI Easy Projection сингари компьютер режимини тайёрламоқда. Яъни, смартфонни док-станция орқали мониторга улаб, ундан компьютер сифатида фойдаланиш мумкин бўлади!

ЎҚИНГ: Android 9 Pie’га ўтмоқчимисиз? Ёдда тутинг: орқага йўл йўқ!

  1. Иловаларнинг рухсатларини назоратга оламиз

Android Q талқинида турли иловаларнинг тизим функцияларига рухсатларини чеклаш тизими такомиллаштирилган. Энди смартфон фойдаланувчиси қайси дастур ўзининг жойлашувини аниқлаётгани, қўнғироқлар ёки SMS-хабарлар тарихига мурожаат этаётгани ҳақида янада кўпроқ маълумот олиши мумкин.

Агарда бирор илова шу каби шахсий маълумотларга кўп мурожаат этаётган бўлса, фойдаланувчи унинг рухсатини чеклаши мумкин.

ЎҚИНГ: Google Play’да йирик тозалаш: қўнғироқ ва хабарларингизни «кўрувчи» иловалар ўчирилади!

  1. Яна бошқа янги имкониятлар

Юқоридагилардан ташқари, Android Q’нинг дастурчилар учун созламалари орасида ўйинлар учун драйверни танлаш имкони ҳам мавжуд. Бунинг қандай ишлаши ҳозирча номаълум, лекин барибир қизиқ.

Яна янги талқинда Always on display функцияси ҳам тизимнинг ўзига татбиқ этилмоқда. Демак, Android Q тизимли барча смартфонларда блокланган экраннинг ўзига ҳам заставка кўринишидаги соатни ҳамда билдиришномаларни чиқиб турадиган қилиш мумкин бўлади.

Шунингдек, Android 10 талқинида экраннинг ўзидан видео ёзиб олиш учун ички жиҳоз ҳам жорий этилмоқда.

ЎҚИНГ: Смартфон дисплейидагиларни компьютерга симсиз узатишнинг энг осон йўли

Android Q Developer Preview биринчи версияси баҳорнинг бошларида чиқиши кутилмоқда. Фойдаланувчилар учун ушбу тизимнинг тақдимоти эса дастурчиларга мўлжалланган Google I/O 2019 кўргазмасида намойиш этилади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!