Ҳали тақдим этилмаган Nokia 8.1 сирларию суратлари фош бўлди

  •   DiMaX
  •  811
  •  29.11.2018 10:37

Ҳали тақдим этилмаган Nokia 8.1 сирларию суратлари фош бўлди

HMD Global компанияси декабрнинг бошида учта смартфонини намойиш этишини яқинда эълон қилганди. Булар Nokia 8.1, Nokia 7.1 Plus ҳамда Nokia 2.1 Plus моделлари бўлиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: Дубай, 5 декабрь: Nokia бирйўла учта смартфон тақдим этади!

Хабар берганимиздек, булар орасида Nokia 8.1 смартфони аввалроқ Хитойда тақдим этилган Nokia X7 моделининг халқаро версияси бўлиши тахмин қилинганди. Манбалар кечагина эълон қилган реклама суратлари ҳам буни тўлиқ тасдиқлади. Уларда тасвирланган қурилма дизайни ҳамда тавсифланган техник хусусиятлари Nokia X7’ники билан бир хил.

Nokia 8.1 моделининг кодли номи – Phoenix; унинг диагонали 6,18 дюймлик экрани 2246х1080 пикселлик тасвир аниқлигига эга. Смартфон ўрта тоифадаги Qualcomm Snapdragon 710 чипига эга бўлиб, Android 9.0 Pie тизим талқини бошқаруви остида ишлайди.

Муҳим жиҳатларидан бири – ушбу модел Android One дастурига киради.

ЎҚИНГ: Барча Nokia смартфонлари эгалари учун ажойиб сюрприз бор!

Ушбу смартфоннинг 3400 мА/соатлик аккумуляторига 18 ваттлик тезкор қувватлаш технологияси жорий этилган.

Корпусининг орқа панели ўрта қисмида 12 ва 13 мегпикселли датчикларни ўз ичига олган бош камера тикка жойлашган. Унинг чап томонига фоточақноқ, остига эса бармоқ изи сканери ўрнатилган. Селфи-камера эса 20 мегапикселлик якка сенсордан иборат бўлиб, дисплейнинг юқори қисмидаги «кемтик»дан ўрин олган.

Nokia 8.1 уч хил – қизил, тилларанг ва мовий тусли корпусларда тақдим этилиши кутилмоқда. Унинг стандарт версиясида тезкор ва доимий хотира ҳажми тегишлича 4 ва 64 гигабайтни ташкил этади. Шунингдек, унинг тегишлича 6 ва 128 гигабайтлик қимматроқ варианти ҳам чиқарилади.

5 декабрда Дубайда тақдим этиладиган бу смартфонларнинг нархлари ҳозирча номаълум. Ушбу бренднинг айрим мобил қурилмалари эса Terashop.uz интернет-дўконимиздан онлайн усулда сотиб олиш имкони бор.

ЎҚИНГ: Атиги 24 долларлик, аммо қуввати нақ уч ҳафтага етувчи Nokia 106 тақдим этилди!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!