Ҳали тақдим этилмаган Redmi 5 Plus янги рендерларда: ёнлари ромсиз ва қўшалоқ камерали

  •   DiMaX
  •  2615
  •  06.11.2017 11:31

Ҳали тақдим этилмаган Redmi 5 Plus янги рендерларда: ёнлари ромсиз ва қўшалоқ камерали

Хитойнинг Weibo ижтимоий тармоғида Xiaomi компаниясининг ҳозирча расман намойиш этилмаган Redmi 5 Plus қурилмасининг янги рендер-суратлари тарқалди. Бу тўғрида Gizmochina нашри хабар берган.

Мазкур суратлар аввалроқ тарқалган айрим хабарларни тасдиқлайди, деб ёзилади хабарда.

Аввало, Xiaomi таваккал қилиб, ўрта нархдаги ромсиз смартфон ишлаб чиқаришга қўл урибди. Бу эса фойдаланувчиларнинг қимматбаҳо флагманларга интилишларини бирмунча сусайтириши турган гап. Тўғри, ромсиз экран ҳозирда урфга кирган бўлиб, кўпгина компаниялар шундай дизайнда турли смартфонлар ишлаб чиқаришга ўтишган. Бироқ экран томонларининг ўзаро нисбати 18:9 ни ташкил этувчи, қиммат бўлмаган ва сифатли гаджет топиш осон иш эмас.

ЎҚИНГ: Xiaomi'нинг "йил тренди"га мос янги смартфонлари ва нархлари маълум бўлди

Қолаверса, Redmi 5 Plus камераси, худди қимматбаҳо моделлардаги каби, қўш модулли бўлади. Тик жойлашган объективларнинг шундоққина остида жойлашган LED-чақноқ ва дактилоскопик сканер телефонга ўзгача бир чирой ҳам бахш этган.

 Бироқ бу девайснинг тақдимот вақти ҳамда ички хусусиятлари ҳақида аниқ бир маълумот ҳозирча чиқарилмаяпти. Тахминларга кўра, «хитойча Apple»нинг мазкур телефони Snapdragon 625 (ёки 630) процессорига, 3 гигабайт тезкор ва 32 гигабайт ички хотира эга бўлади. Шунингдек, айрим инсайдерлар Redmi 5 Plus моделида қўшимча хотира картаси учун жой бўлишини таъкидлашса, бошқалари эса, Xiaomi шу доимий хотиранинг ўзи билан чекланади, дейишмоқда.

ЎҚИНГ: Xiaomi’нинг селфисеварларга совғаси – Redmi Y1 ва Redmi Y1 Lite тақдим этилди