Ҳали тақдим этилмаган Samsung Galaxy S8 Active суратлари тарқалди

  •   DiMaX
  •  1552
  •  19.07.2017 14:11

Ҳали тақдим этилмаган Samsung Galaxy S8 Active суратлари тарқалди

Смартфонлар бозорида етакчиликка интилиш ишлаб чиқарувчиларни янги-янги ғоялар сари ундаши аниқ. Жуда бўлмаганда, мавжуд қурилмаларнинг бирмунча ривожлантирилган талқинларини ишлаб чиқариш амалиёти ҳам қўлланади. Жумладан, март ойи охирида Galaxy S8 флагманини тақдим этган, тез орада Galaxy Note 8 модели тақдимотига тайёргарлик кўраётган Samsung яна бир – Galaxy S8 Active гаджетини ҳам тайёрлаётгани хусусида хабарлар бор.

Кечагина Amazon сайтида айни шу Samsung Galaxy S8 Active қурилмасининг суратлари пайдо бўлди. Уларни гаджетлар учун аксессуарлар, жумладан, экранларга ҳимоя плёнкаларини сотувчи OTOMON компанияси сайтга жойлаган.

Geeky Gadgets сайти хабарига кўра, S8 Active ўзининг «аждоди» – Galaxy S8 моделидан бир нечта параметрларига кўра фарқланади: дисплей чеккаси қайрилма эмас, чегаралари эса бирмунча кенгроқ кўринади. Гаджетнинг олд томони тасвирига қараганда, ҳар эҳтимолга қарши смартфон чеккалари мустаҳкамланган бўлади. Уни ўчириб-ёқиш ҳамда блоклаш/блокдан чиқариш тугмачаси ўнг ёнида, овозни созлаш ва Bixby ёрдамчисини чақириш тугмачалари эса – ўнг ёнида жойлаштирилган.

Маълумотларга кўра, девайснинг орқа панели кўринишидан Galaxy S8 моделига ўхшаб кетади, аммо унга нисбатан анча мустаҳкам ва ишончлироқ бўлади. Афтидан, бу смартфон экстремал шароитларда ҳам фойдаланишга мўлжаллаб чиқарилмоқда.

Бошқа хусусиятларига келсак, Galaxy S8 Active гаджетига диагоналига 5,8 дюйм ўлчамли QHD-дисплей ўрнатилади. Унинг тезкор хотираси 4 гигабайт, ички хотираси эса 64 гигабайт ҳажмга эга. Смартфон «юраги» бўлиб Snapdragon 835 чипи хизмат қилади; шунингдек, Exynos 8895 процессори ўрнатилган варианти ҳам чиқарилиши мумкин.

Қурилмага Android 7.0 Nougat тизим версияси ўрнатилган ҳолда ишлаб чиқарилади, шунингдек, унда Samsung’нинг ўз фойдаланувчи интерфейси ҳам ишлайди.

Samsung Galaxy S8 Active моделининг ишлаб чиқарилиш санаси хусусида ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Унинг нархи эса 699 дан 749 долларгача атрофида бўлиши тахмин қилинаётир.

Таъкидлаб ўтиш ўринлики, Samsung ўзининг олдинги флагмани – Galaxy S7 моделининг ҳам Active модификациясини ишлаб чиқарган. У зарбага чидамли дисплейи, аккумуляторининг сиғими катталиги, орқа панелига резина ўрнатилганлиги, бурчакларидаги махсус бамперлари, сенсор тугмачалар ўрнига механик тугмачалар ўрнатилганлиги билан ажралиб туради.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!