Ҳаммага керак бўлувчи энг фойдали 20 та сайт билан танишамиз

Ҳаммага керак бўлувчи энг фойдали 20 та сайт билан танишамиз

Интернетда фойдали веб-сайт топиш осон эмас. Халқаро тармоқда миллиарддан ортиқ сайтлар мавжуд бўлиб, уларнинг аксариятини фойдали деб бўлмайди.

ЎҚИНГ: Видеомонтаж осон бўлиши керакми?

Албатта, фойдали ва оммабоп сайтлар ҳам талайгина ва уларни билиб қўйиш ҳеч қачон зарар қилмайди. Қуйида сизга керак бўлиши мумкин бўлган энг керакли 20 та сайт билан танишамиз.

1. Student.com

Агар халқаро талаба бўлсангиз ва коллеж/университетингиз яқинидан ҳамёнбоп турар-жой қидираётган бўлсангиз, ушбу сайт сизга қўл келади. Сайтда юзлаб шаҳарлардаги турар-жойларни топиш мумкин. Сайтдан фойдаланиш бутунлай текин.

2. Inner Body

Кўплаб бошқа маълумотлар билан бирга ушбу сайт инсон анатомиясини интерактив усулда ўрганиш имконини беради. Инсон танасининг турли тизим ва қисмларини осон ўрганиш ниятида бўлсангиз, сайтга ташриф буюринг. Inner Body, шунингдек, тиббий синовлар, тиббий маҳсулотлар ва теле-медицина кабиларни ҳам таклиф қилади.

3. CleanPNG

Ушбу сайт сизга орқа фонсиз юқори сифатли PNG расмларни тақдим этади. Брошюра, баннер, вебсайт ва ҳ.к. ларда ишлатишингиз мумкин бўлган миллионлаб PNG расмларни айнан шу ердан топасиз. Сайтда ҳеч қандай чеклов мавжуд эмас, регистрация талаб қилинмайди.

4. Pixlr

Pixlr ёрдамида Photoshop ёки GIMP каби дастурларсиз, браузерингизнинг ўзидан туриб расмларни таҳрирлашингиз мумкин. Ушбу хизматдан фойдаланиш осон. Агар қўшимча функцияларга мурожаат қилмасангиз, сайтдан текин фойдаланасиз. Ҳеч қандай мураккаб асбобларсиз, Pixlr'дан исталган браузер ва қурилмада фойдаланиш мумкин.

5. Pixabay

Кўплаб оддий фойдаланувчилар учун Shutterstock сингари сайтлар қимматлик қилади. Pixabay эса бунга муқобил бўла олади. Сайтда икки миллиондан ортиқ роялти-фри (муаллифлик гонорари тўланмайдиган) расмлар, иллустрациялар, видеолар ва вектор графикалар бор. Уларни текинга юклаш мумкин.

Элементар дизайн билан шуғулланувчилар ёки бирор лойиҳа учун текин сток фото қидираётганларга Pixabay қўл келади.

6. Privnote

Privnote ёрдамида ўқилганидан кейин ўчиб кетувчи қайдлар жўнатиш мумкин. Бу кимгадир махфий маълумот жўнатаётганингизда қўл келади.

Сайтда бир қатор функциялар мавжуд бўлиб, хабар қачон ўчиб кетишини белгилашингиз, қўшимча ҳимоя учун хатга пароль қўйишингиз ва хат йўқ қилинганидан кейин электрон почта орқали хабар берилишини белгилаб қўйишингиз мумкин.

7. Skyscanner

Саёҳат қилаётганда пул тежашни ким ҳам хоҳламайди? Рейс бронь қилаётганингизда бу сайт қўл келади, чунки у сизга қатор критерияларга асосан энг арзон чипталарни кўрсатиб беради. Ушбу усул ҳар бир авиакомпания сайтига алоҳида-алоҳида кириб чиқишдан кўра анча вақтни тежайди.

Чипталар билан биргаликда сайт меҳмонхона ва автомобиль ижараси чегирмаларини ҳам кўрсатиб беради.

8. Spotahome

Агар ўртача узоқ ёки узоқ муддатга уй ёки квартира ижарага олмоқчи бўлсангиз, мана шу сайтни эслаб қолинг. Spotahome'да уйларга виртуал саёҳат қилишингиз ва уларнинг HD расмларини кўришингиз мумкин.

Айни дамда, сайтда Европанинг кўплаб шаҳарларидаги уйлар ва квартиралар рўйхати келтирилган. Агар сиз ҳам қадимий қитъага кўчиб кетаёган ёки узоқ муддатга жўнаб кетаёган бўлсангиз, эслаб қолинг: Spotahome.

9. Down for Everyone or Just Me

Қайсидир сайтга кира олмаяпсизми? Фақат сиз киролмаяпсизми ёки бошқалардаям шу муаммоми? Буни билиш учун Down for Everyone or Just Me сайтидан фойдаланинг. Сайтга кириб, муаммоли саҳифа URL'ини киритинг. Агар бу сайт орқали ҳам кўзланган саҳифа очилмаса, демак, муаммо фақат сиздамас. Сайтга, шунингдек, қисқароқ downfor.io манзили орқали ҳам кирса бўлади.

10. Bachelorstudies

Ушбу веб-сайт мамлакат, тил, нарх, вақт ва ҳ.к. лар борасидаги танловингизга асосланиб, сизга мос бакалавр курсларини топиб беради. Сайтда, шунингдек, янги қўшилган курслар ва энг оммабоп йўналишлар рўйхати ҳам бор.

ЎҚИНГ: Талабага керак бўлган 9 бепул илова

11. Ninite

Янги Windows компьютерни созлаётганда сизга, албатта, Ninite сайти керак бўлади. Бош саҳифада энг оммабоп дастурлар бор. Юклаб олмоқчи бўлган барча дастурларингизни танлаб, тугмани босинг. Ninite уларнинг ҳаммасини ўрнатиб берувчи файлни қурилмангизга юклайди. Агар MacBook ишлатсангиз, macapps.link сайтидан фойдаланинг.

12. Lucidchart

Lucidchart сайти сизга диаграмма ва жадваллар яратиш имконини беради.

Сайтдан фойдаланиб, маълумотларни чиройли диаграммаларга айлантириш мумкин. Сиздан ҳеч қандай махсус дастурни ўрнатиш талаб қилинмайди; браузернинг ўзидан ишлайсиз. Текин режада учтагача ҳужжат билан ишлаб, ҳамкасблар билан ҳамкорлик қилиш мумкин. Қўшимча функциялар керак бўлса, пуллик режага ўтсангиз бўлади.

13. Eat This Much

Eat This Much автоматик диета тузиб беради. Қанча калория истеъмол қилмоқчи эканингиз ва кунига неча марта таомланишни режалаштираётганингизни киритинг. Сервис сизга диета режасини тузиб беради. Сайт сизга ҳар ҳафта қандай мева-сабзавот сотиб олишингиз кераклиги ҳақида email жўнатиб туради, таомларни қандай тайёрлаш кераклигини ўргатади ва маълумотларингизни янгилаб боради.

14. JustWatch

Кино ва телекўрсатувлар ишқибозларига JustWatch жуда қўл келади. Сайтнинг энг фойдали функцияси қайси кинони қаерда кўриш мумкинлигини айтиб беришидир. Сайт, шунингдек, сизга қайси киноларни кўриш борасида ҳам тавсиялар бериб боради.

15. HowLongToBeat

Видео ўйинларни охирги босқичгача ўйнашга анча вақт кетиши мумкин. Қанча вақт кетишини эса сизга мазкур сайт кўрсатиб беради. Ўйнамоқчи бўлган ўйинингизни HowLongToBeat'да қидиринг ва ўйинни тугатиш учун қанча вақт кетишини билиб олинг.

16. Fast.com

Жорий тармоқ уланиш тезлигига қизиқяпсизми? Унда, Netflix яратган fast.com сайтини очинг, жорий уланиш тезлигини билиб олинг. Бу уяли алоқа нуқталари, уйингиз ёки текширмоқчи бўлган бошқа тармоқлар учун ишлайди.

Тўғри, мазкур вазифани бажарадиган бошқа сайтлар ҳам бор, лекин браузерга fast.com деб ёзиш ҳар қандай қурилмада осон ва содда.

17. FlightStats

Жаҳонгашта, талаба, бизнесмен бўласизми — бундан қатъи назар, ушбу сайт исталган парвоз маълумотларини кузатиш имконини беради. Парвоз рақамини киритиб, реал вақт режимида самолёт қаерда учиб кетаётганини билиб олинг.

18. Every Time Zone

Мамлакатлар ўртасидаги вақт тафовутини ҳисоблаб чиқиш кўпчилик учун осон эмас. Ушбу сайт айни дамда дунёнинг йирик шаҳарларида соат неча бўлганини таққослаб кўрсатади.

19. PDF Escape

Ушбу онлайн PDF муҳаррири ортиқча иловаларни ўрнатмасдан туриб PDF файлларни таҳрирлаш имконини беради. Унинг ёрдамида файлларни аннотация қилиш ва PDF бланкаларни тўлдириш мумкин.

20. Infogram

Мазкур веб-сайт билан чиройли инфоргафикалар, шунингдек, жадвал, ҳисобот ва ижтимоий тармоқ учун визуал қўлланмалар яратиш мумкин. Замонавий муҳаррир ёрдамида маълумотни қизиқарли усулда тақдим этишингиз мумкин бўлади.

ЎҚИНГ: Интернет ҳақида қизиқарли фактлар

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.