Ҳамёнбоп 5G-смартфон – Honor X10 намойиш қилинди

  •   DiMaX
  •  3813
  •  20.05.2020 15:56

Ҳамёнбоп 5G-смартфон – Honor X10 намойиш қилинди

Huawei корпорациясининг Honor бренди бугун – 20 май санасида ўзининг навбатдаги 5G-смартфонини тақдим этди. Honor X10 русумли бу қурилма бестселлер бўлиш учун барча имкониятларга эга.

ЎҚИНГ: ТОП-10: Энг кучли ҳамёнбоп смартфонлар (AnTuTu рейтинги, 2020 йил апрель)

Honor X10 экрани диагоналига 6,63 дюймлик бўлиб, Full HD+ форматида, яъни 2400х1080 пикселлик аниқликда тасвир узата олади. Унинг кадр янгиланиш частотаси 90 герцлик, сенсор қатламининг янгиланиш частотаси эса 180 герцни ташкил этади.

Смартфоннинг экрани корпус олд юзасининг 92 фоизини эгаллаган ва унда тирқиш ёки кемтик йўқ. Селфи-камера бўлса корпуснинг юқори қиррасидан чиқувчи механизмга ўрнатилган ва ундаги датчикнинг аниқлиги 16 мегапикселга тенг.

Honor X10 бош камераси уч модулли бўлиб, асосий датчик сифатида 40 мегапикселлик Sony IMX600 сенсори (диафрагмаси f/1,8) қўлланган. Аниқроғи, бу – ўтган йилги Huawei P30 Pro флагманида ишлатилган камерадир. Янги смартфонда унга 8 МПлик (диафрагмаси f/2,4) ўта кенг бурчакли датчик ҳамда 2 МПлик (диафрагмаси f/2,4) макрокамера ҳамроҳ бўлган.

ЎҚИНГ: Android’нинг умуман кераги йўқ: Harmony OS ва «яширин камера»ли Huawei Mate 40’ни илк бор «жонли» кўрамиз!

Huawei янги моделида ўзининг Kirin 820 5G процессорини қўллаган, яъни у бешинчи авлод уяли алоқа тармоқларида ишлай олади. Honor X10 тезкор хотираси 6 ва 8, флеш-хотираси эса 64 ва 128 гигабайтлик вариантларда таклиф этилади.

Смартфоннинг аккумулятори 4300 мА/соатлик бўлиб, 22,5 ваттлик асосда тезкор қувватлана олади. Ишлаб чиқарувчининг даъвосича, Honor X10 батареяси ўйин режимида 11 соатгача автономликни таъминлашга қодир.

Қурилма энг янги – Android 10 операцион тизим талқини устига қурилган Magic UI 3.1 график қобиғига эга. Нархлари эса тезкор/ички хотирасига кўра қуйидагича:

6/64 гигабайтлиги – 267 доллар;

6/128 гигабайтлиги – 309 доллар;

8/128 гигабайтлиги – 337 доллар.

Honor X10 ўз ватанида тўрт хил – кўк, қора, зарғалдоқ ва кумушранг тусли корпусларда 25 май куни сотувга чиқади. Кейинроқ унинг Huawei Enjoy Z 5G модели сифатида глобал бозорга ҳам тақдим этилиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: AnTuTu янги рейтингда ҳар кимнинг жойини кўрсатиб берди (2020 йил май)