Ҳамёнбоп флагман – Galaxy S21 FE икки хилда чиқади: 4G-версияси янада арзон!

  •   DiMaX
  •  1839
  •  13.02.2021 14:27

Ҳамёнбоп флагман – Galaxy S21 FE икки хилда чиқади: 4G-версияси янада арзон!

Samsung бу йилги флагманлар туркумида Galaxy S21 ҳамда Galaxy S21 Plus ҳамда Galaxy S21 Ultra моделларини тақдим этган. Ушбу серияда энди нисбатан арзон – Galaxy S21 FE смартфони чиқади.

ЎҚИНГ: Samsung Galaxy S21 ва Galaxy S20 смартфонлари ўртасидаги фарқлар билан танишамиз

Samsung Galaxy S21 FE (ёки Samsung Galaxy S21 Fan Edition) аллақачон Ҳиндистоннинг расмий регулятори – BIS сертификациясидан ўтган. Унинг маълумотлар базасида сақланиб қолган қайдлар эса телефоннинг айрим хусусиятларини ошкор этади.

Уларга кўра, Galaxy S21 FE модели Qualcomm компаниясининг янги – Snapdragon 870 процессори базасида тайёрланган. Уни харидорлар доимий хотираси 128 ёки 256 гигабайтлик вариантларда сотиб олишлари мумкин бўлади; тезкор хотирасининг ҳажми эса ҳар иккала ҳолатда ҳам 8 гигабайтга тенг.

Galaxy S21 Fan Edition диагоналига 6,5 дюймлик, аниқлиги FullHD+ форматли, янгиланиш частотаси 120 герцлик экран билан жиҳозланган. Дактилоскопик датчик ҳам дисплейга интеграция қилинган. Смартфон таннархини (ва якуний ҳисобда нархини ҳам) пастроқ қилиш мақсадида, унда текис (четлари қайрилмаган) дисплей ва пластикдан ишланган орқа паанел қўлланиши кутилмоқда.

Смартфон бош камераси 12 мегапикселлик кенг бурчакли сенсорни, яна шундай аниқликдаги ўта кенг бурчакли модулни ҳамда 3 карралик оптик зум учун телеобъективли 8 мегапикселлик датчикни ўз ичига олади. Селфи учун унда 32 мегапикселлик олд камера қўлланади.

Samsung Galaxy S21 FE аккумулятори 4500 мА/соатлик ток сиғимига ҳамда тезкор қувватлаш технологиясига эга. Қурилма бирйўла Android 11 операцион тизим талқини билан тақдим этилади, фақат санаси ҳозирча номаълум.

Бундан ташқари, Galaxy S21 FE смартфонининг бешинчи авлод уяли алоқа тармоқларини қўлламайдиган – 4G-версияси ҳам чиқади. Samsung уни ўзининг Exynos 990 процессори билан таъминлайди ва янада арзонроқ баҳолайди.

ЎҚИНГ: Ҳақиқий Samsung фанати бўлиш сизга қанчага тушади?

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!