Ҳамёнбоп Galaxy J3 (2018) ҳамда Galaxy J3 Pro 2018 смартфонлари Geekbench’да «қўлга тушди»

  •   DiMaX
  •  1676
  •  03.03.2018 16:41

Ҳамёнбоп Galaxy J3 (2018) ҳамда Galaxy J3 Pro 2018 смартфонлари Geekbench’да «қўлга тушди»

Жанубий кореялик гигантнинг ҳамёнбоп – Galaxy J смартфонлар туркуми яқинда яна иккита модел ҳисобига бойиши кутилаётир. Улар аллақачон Geekbench сервисининг маълумотлар базасида синовдан ўтказилган. Эслатиб ўтамиз, куни кечагина Galaxy J8 (2018) қурилмаси ҳақида ҳам хабар чиққан эди.

ЎҚИНГ: Galaxy J8 (2018): ҳамёнбоп смартфонлар бозорида кучли рақиб

Samsung Galaxy J3 (2018) моделининг кодли рақами бенчмаркда SM-J337A тарзида акс этган. Гаджет 2 гигабайтлик тезкор хотирага эга бўлиб, Android операцион тизимининг 8.0 Oreo талқини бошқаруви остида ишлайди. Унга якка кристалли Exynos 7570 тизими ўрнатилган; ўтган йилги Galaxy J3 (2017) модели ҳам шу процессорга таянган эди. Geekbench’даги якка ядроли тестда у 604, кўп ядроли синовда эса 1661 балл тўплаган:

Galaxy J3 Pro (2018) моделининг каталог рақами эса – SM-J337P бўлиб, шеригидан фақат процессори билан фарқ қилади. Яъни, ушбу Pro-модел жорий йилдаги Galaxy A8 (2018) смартфонларига қўйилган SoC Exynos 7885 процессори базасида ишлайди. Шунга яраша, унинг кўрсаткичлари ҳам юқори: бу қурилма якка ядроли синовда 650, кўп ядроли имтиҳонда эса 1799 очко тўплай олган:

Ушбу ҳамёнбоп смартфонларнинг тақдимот вақти ҳамда нархи ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

ЎҚИНГ: Сирли рўйхат: Samsung бу йил тақдим қиладиган смартфонлар

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.