Ҳамёнбоп камерофон – Vivo V20 SE намойиш қилинди

  •   DiMaX
  •  769
  •  25.09.2020 09:45

Ҳамёнбоп камерофон – Vivo V20 SE намойиш қилинди

Samsung компанияси янги – Galaxy F номли арзон камерофонлар туркумига асос солганлиги ҳақида ёзган эдик. Мазкур сериянинг илк вакили – Galaxy F41 модели эса октябрнинг бошида чиқади.

ЎҚИНГ: Samsung тақдим этмасиданоқ Galaxy F41 арзон камерофонининг расм ва хусусиятларини Google сотиб қўйди

Бу орада эса Хитой компаниялари уни доғда қолдиришди: Vivo аллақачон ўрта нарх тоифасига мансуб камерофонини тақдим этди. Vivo V20 SE русумли бу смартфон намойиши Малайзияда бўлиб ўтди.

Vivo V20 SE камерофони диагоналига 6,44 дюймлик AMOLED-экранга эга, унинг тасвир аниқлиги эса Full HD+ форматида (2400х1080 пикселлик). Дисплейнинг ўзига дактилоскоп ҳам интеграция қилинган, унинг томчисимон кемтигида эса 32 мегапикселлик олд камера мавжуд. Смартфоннинг бош камераси бўлса тўртбурчак блокдаги 48 + 8 + 2 мегапикселлик сенсорларни ҳамда фоточақноқни ўз ичига олади.

ЎҚИНГ: Ўз эгасини рози қилган ТОП-10 смартфон (AnTuTu рейтинги, 2020 йил август)

Янги камерофоннинг аппарат таъминоти асосини Qualcomm Snapdragon 665 процессори ташкил этади. Vivo V20 SE тезкор/доимий хотираси эса тегишлича 8/128 гигабайтлик ҳажмга эга. Компания уни 33 ваттлик тезкор қувват олувчи 4100 мА/соатлик аккумулятор билан жиҳозлаган.

Vivo V20 SE корпусининг ўлчамлари 161х74х7,83 миллиметрга тенг, вазни эса 171 грамм тош босади. Унда замонавий USB Type-C порти билан бирга стандарт – 3,5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши ҳам сақланиб қолган. Симсиз интерфейслардан эса 4G VoLTE, Wi-Fi (802.11 ac), Bluetooth 5, GPS ҳамда ГЛОНАСС, шунингдек FM-радио мавжуд.

Компания мазкур маҳсулотини Android 10 операцион тизими устига қурилган Funtouch OS 11 график қобиғи билан таъминлаган. Vivo V20 SE кўк ва қора тусли корпусларда, 237 АҚШ долларига тенг нархда сотилмоқда.

ЎҚИНГ: Huawei’га қарши санкциялар сабабли Xiaomi, Oppo ва Vivo қандай фойда кўраётганини биласизми?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!