Ҳамёнбоп рекордчи: Galaxy M51 нақ 7000 мА/соатлик аккумулятор билан чиқяпти!

  •   DiMaX
  •  6975
  •  22.08.2020 09:54

Ҳамёнбоп рекордчи: Galaxy M51 нақ 7000 мА/соатлик аккумулятор билан чиқяпти!

Samsung арзон смартфонлар туркумидаги Galaxy M21, Galaxy M30s ҳамда Galaxy M31 моделларини нақ 6000 мА/соатлик аккумулятор билан жиҳозлаган. Улардан сўнг Galaxy M31s телефони ҳам шундай «бели бақувват» бўлиб чиққан.

ЎҚИНГ: Атиги 128 долларга уч камерали, 6000mAh батареяли ва ўйинбоп процессорли смартфон чиқди!

Жанубий кореялик техногигантнинг Galaxy M туркумидаги навбатдаги смартфон эса бу борада рекорд ўрнатади. Яъни, Galaxy M51 смартфонининг аккумулятори «автономлик монстрлари» дея мақталган юқоридаги моделларникидан ҳам устун – нақ 7000 мА/соатлик ток сиғимига эга!

Шу билан бирга, PriceBaba ресурси ўз манбаларига таяниб, Samsung Galaxy M51 моделининг бошқа техник хусусиятларини ҳам эълон қилган. Унга кўра, бу смартфон диагоналига 6,7 дюймлик Super AMOLED экран билан таъминланган. Дисплейда тасвир аниқлиги Full HD+ форматида, яъни 1080х2400 пикселлик.

Galaxy M51 корпуси ўлчамлари 163,9х76,3х9,5 миллиметрга тенг бўлиб, вазни 213 грамм тош босади. Компания яна унда янги авлод – Bluetooth 5.0 интерфейсини ҳамда USB 2.0 Type-C портини ҳам қўллаяпти.

ЎҚИНГ: Realme C15 чиқди – квадрокамерали ва батареяси 6000 мА/соатлик арзон смартфон!

Аввалроқ маълум бўлишича, Galaxy M51 модели Qualcomm Snapdragon 730G процессори базасида ишлайди, уни аллақачон Geekbench сервисида синаб ҳам кўришган. Samsung уни 6 ёки 8 гигабайтлик тезкор ҳамда 128 гигабайтлик доимий хотира билан таклиф этади.

Galaxy M51 квадрокамераси 64 + 12 + 5 + 5 мегапикселлик датчиклардан иборат. Компания уни Android 10 операцион тизими асосида тайёрланган One UI 2.1 график қобиғи билан таъминлаяпти.

Эслатиб ўтамиз, Galaxy M51 аллақачон Samsung расмий сайтига ҳам чиққан. Унинг техник хусусиятлари борасидаги асосий маълумотлар эса ундан ҳам аввал АҚШнинг Федерал алоқа комиссияси – FCC базасида берилган эди.

Samsung ушбу моделини кузнинг бошида (айрим маълумотларга кўра – 4 сентябрь куни) Ҳиндистонда намойиш этиши кутилмоқда. Девайснинг нархи ҳозирча номаълум, лекин юқоридаги техник жиҳатларига қараганда, унчалик арзон бўлмаслиги турган гап.

ЎҚИНГ: Бор-йўғи 107 долларга улкан экран ва 6000 мА/соатлик аккумуляторли смартфон чиқди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!