Ҳамёнбоп смартфонлар учун иккита енгил Android-браузер

  •   DiMaX
  •  1485
  •  14.02.2019 15:44

Ҳамёнбоп смартфонлар учун иккита енгил Android-браузер

Ўзбекистонда ўрта нархли ва ҳамёнбоп смартфонлар қимматларидан кўра кўпроқ оммалашган. Улар учун иловалар танлашда тезкор хотираси унча катта бўлмаслиги, процессори ҳам нархига яраша эканини ҳам ҳисобга олишга тўғри келади.

ЎҚИНГ: Ҳамёнбоп смартфонларнинг процессорлари қанақа бўлади?

Бугун айнан шундай смартфонлар фойдаланувчиларига маъқул келадиган иккита браузерни тавсия этмоқчимиз. Уларнинг функционаллиги бошқаларидан кам бўлмаса-да, ўзи хотирада кам жой олади ва тизим ресурсларини ҳам кўп банд этмайди.

Via браузери

Ушбу илованинг ўрнатилувчи файли ҳажми атиги 888 килобайтни ташкил этади! Ўрнатилганидан сўнг ҳам у смартфонингиз хотирасида атиги 2 мегабайт жой олади. Via браузери Chromium WebView движоги базасида ишлайди.

Мазкур иловада интерфейсни созлаш, жонга тегувчи рекламани блоклаш каби имкониятлар, трафикни тежаш функцияси ва ҳатто инкогнито режими ҳам бор. Қўшимча плагинлар ўрнатиш орқали унга яна юклашлар менежери ва QR-код сканери каби жиҳозларни қўшиш мумкин.

Via браузерини мана бу ҳавола орқали ўрнатиб олиш мумкин.

ЎҚИНГ: Мусулмонларга мўлжалланган энг қулай браузер билан танишинг!

Opera Mini

Opera Software компанияси дастурчилари томонидан Android учун тақдим этилган браузернинг мини-версияси. Унинг ўрнатилувчи файли ҳажми 8 мегабайт келади, ўрнатиш учун эса телефонингиз хотирасида 21 мегабайт бўш жой керак.

Умуман олганда, Opera Mini браузери кўпчиликка ҳали тугмачали мобил телефонлар ва Java-иловалар давридан бери таниш. Унда Opera браузерларининг трафик тежаш функцияси мавжуд: саҳифаларни экранга чиқаришдан аввал ўз серверига юклаб, ҳажмини кичрайтириб, сўнг узатади. Булардан ташқари, ушбу иловада юклашлар менежери, рекламани чеклаш функцияси, қурилмалар орасида синхронизация қилиш имконияти ҳамда тунги режим ҳам бор.

Смартфонингизга Opera Mini браузерини ушбу ҳавола ёрдамида юклаб олсангиз бўлади.

ЎҚИНГ: Opera браузеридаги бепул VPN’дан фойдаланиш бўйича батафсил қўлланма

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!