Ҳамёнбоп ва ақлли 4K-телевизор – Redmi A55 тақдим қилинди

  •   DiMaX
  •  856
  •  19.09.2020 09:49

Ҳамёнбоп ва ақлли 4K-телевизор – Redmi A55 тақдим қилинди

Xiaomi ўзининг ўн йиллик юбилейида жаҳондаги илк шаффоф телевизор – Mi TV Lux Transparent Edition моделини тақдим этган эди. Унинг арзончи бренди эса куни кеча ўз ақлли телевизорларининг янги – Redmi Smart TV A туркумини чиқараётганини эълон қилган.

ЎҚИНГ: Xiaomi дунёдаги илк шаффоф телевизорнинг асосий сирини ошкор этди

Ва ниҳоят, мазкур туркумнинг илк вакили – Redmi Smart TV A55 моделини расман тақдим этди. Унинг номидан ҳам англашилиб турган 55 дюймлик дисплейи 3840х2160 пикселлик аниқликда тасвир узатади. Юпқа ромга эга бўлган экрани 4K HDR ҳамда тасвирни яхшилаш технологиялари билан бойитилган.

HDR ҳамда тасвирни интеллектуал яхшилаш технологиялари

Янги телевизор MIUI for TV 3.0 операцион тизимига эга; бу – Android TV тизимининг Xiaomi интерфейсли модификациясидир. Мазкур тизимдаги PatchWall технологияси фойдаланувчи кўпроқ нимани томоша қилаётганидан келиб чиқиб контент ва иловаларни тавсия этади.

ЎҚИНГ: 4K-телевизорлар савдосида юксалиш: бозорнинг ярмини иккитагина компания банд этди!

Redmi Smart TV A55 жамланмасида бошқарув пульти бор, лекин унинг ўрнига смартфондаги иловани қўлласа ҳам бўлади. Бу телевизор Mijia / Mi Home иловаси орқали Xiaomi экотизимининг бошқа гаджетлари билан синхронлашади. Мазкур қурилма орқали овозли буйруқлар ёрдамида ақлли уй қурилмаларини бошқариш имкони ҳам бор. Компания яна интерфейс бўйлаб навигацияни осонлаштирувчи янги – Minimalist Mode режимини ҳам намойиш этган.

Телевизорнинг аппарат таъминоти асосини 4 ядроли MediaTek 9632 процессори ташкил этади; уни 1,5 гигабайтлик тезкор ҳамда 8 гигабайтлик доимий хотира билан таъминлашган. Redmi Smart TV A55 корпусида иккитадан HDMI ва USB 2.0, шунингдек Ethernet, S/PDIF ҳамда AV-портлари мавжуд. Овознинг сифатли янграши учун телевизорга DTS стереотизими жорий этилган.

Xiaomi ушбу телевизори учун аллақачон ўз юртида 260 АҚШ долларига тенг нархда олдиндан буюртма ола бошлади. Redmi Smart TV A55 очиқ савдога 30 сентябрда чиқарилади, ўшанда унинг нархи 295 долларга кўтарилади.

ЎҚИНГ: Redmi бу маҳсулоти билан бозорни «портлатди»!