Ҳамёнбоп ва кучсизроқ смартфонлар учун саккизта «енгил» илова

  •   DiMaX
  •  2139
  •  19.06.2018 11:06

Ҳамёнбоп ва кучсизроқ смартфонлар учун саккизта «енгил» илова

Мобил қурилмалар ривожланиб, кучайгани сайин улар учун ишлаб чиқилаётган иловалар ҳам такомиллаштирилиб бораётир. Аммо бу дастурларнинг аксариятини нисбатан эски моделлардаги ҳамда ҳамёнбоп (ички хусусиятлари пастроқ) смартфонлар «кўтара олмаслиги» мумкин.

ЎҚИНГ: Энг арзон смартфонлар: уларга қандай процессорлар қўйилади?

Шу боис ҳам ишлаб чиқувчилар айрим иловаларнинг нисбатан «енгил» версияларини тақдим этишган – уларда фақат энг керакли функцияларгина қолдирилган бўлади. Бугун Android-смартфонларга мосланган шундай «енгил» дастурлардан айримларини кўриб чиқамиз.

БРАУЗЕРЛАР

  1. Opera Mini

Энг оммабоп браузерлардан бирининг енгиллаштирилган талқини. Лўнда интерфейсидан ташқари, Опера Мини бир нечта ёқимли функцияларга эга. Масалан, рекламаларни блоклаш, трафикни тежаш, десктоп Опера билан синхронлашиш кабилар.

Opera Mini иловасини ушбу ҳавола орқали смартфонингизга юклаб олишингиз мумкин.

  1. Яндекс.Браузер Лайт

«Яндекс» компанияси браузерининг мухлислари учун унинг «енгил» Андроид-иловаси ҳам яратилган. Унинг ҳажмиям икки мегабайтдан салгина ошади, тизим ресурсларини ҳам кўп талаб этмайди. Яна бир қулай томони – «Яндекс.Браузер Лайт» иловасини бевосита смартфоннинг ўз хотирасига эмас, балки microSD-картага ўрнатиш имкони ҳам мавжуд.

Андроид-смартфонингизга «Яндекс.Браузер Лайт» браузерини мана бу ҳавола ёрдамида ўрнатиб оласиз.

  1. UC Browser Mini

UC Browser иловасини кўпчилик ишлатади, аммо унинг мини-версияси янада ихчам. Ҳажми бир мегабайтдан салгина ошса ҳам, бу мини-браузер кўп яхши функцияларга эга. Жумладан – тезкор юкловчи, инкогнито режими ва тунги – тўқранг мавзу кабилар.

UC Browser Mini браузерини кўчириб олиш учун мана бу ҳавола орқали ўтасиз.

ЎҚИНГ: Смартфондан ўчириш керак бўлган 5 та илова

ИЖТИМОИЙ МУЛОҚОТ ИЛОВАЛАРИ

  1. Skype Lite

Барчага маълум ва машҳур «Скайп»нинг лайт-версияси, у техник жиҳатлари кучсиз қурилмалар учун махсус ишлаб чиқилган. «Енгил» бўлишига қарамасдан, тўлақонли Skype’нинг энг керакли барча функцияларини бажара олади.

Skype Lite иловаси мана бу ҳавола ёрдамида юклаб олинади.

  1. Facebook Lite

Бу – Facebook клиентининг «енгил» талқини. У смартфон ресурсларини ва қувватини камроқ сарфлайди. Ҳатто интернет тезлиги паст бўлса ҳам «оддий» версияга нисбатан тезроқ ишлай олади.

«Енгил» Facebook дастурини ушбу ҳавола орқали кўчириб олиш имкони бор.

  1. Messenger Lite

Кўпчилигимиз фойдаланаётган Facebook Messenger’нинг «парҳезбоп» версияси. Ҳажми 10 мегабайтдан камроқ бўлган бу «енгил» мессенжер Android операцион тизимининг 2.3 – Gingerbread’дан бошланган барча версияларига тушади. Энг керакли функциялар – қўнғироқ, хабарлар, видеоалоқа функциялари мавжуд.

Messenger Lite дастурини Google Play каталогидан мана бу ҳавола орқали юклай оласиз.

СМАРТФОНГА ХИЗМАТ КЎРСАТУВЧИ ИЛОВАЛАР

  1. Dr.Web Light

Таниқли антивируснинг «тарошланган» – кераксиз қўшимча функциялари олиб ташланган версияси. Файл тизимини реал вақт режимида сканерлаб, текшира олади, товламачи-блокловчилар қулфлаб қўйган қурилмани еча олади. Яна буларнинг барчасини тизимга ортиқча юк солмасдан эплайди.

Dr.Web Light иловасини ушбу ҳавола ёрдамида смартфонингизга юклаб олишингиз мумкин.

  1. Clean Master Lite

Смартфоннинг хотирасини тозаловчи ва тезкор хотирасини бўшатувчи Clean Master дастурининг лайт-талқини. Ҳажми 5 мегабайтдан салгина ошади, аммо ўз ишини пухта бажара олади, ҳатто антивирус функцияси ҳам бор.

Смартфонингизни «енгиллаштириб» турувчи Clean Master Lite иловасини мана бу ҳавола орқали юклаб оласиз.

Айтиш керакки, юқоридаги «енгил» иловалар ўзларининг тўлақонли талқинларига нисбатан смартфон хотирасини, тизим ресурсларини ва аккумулятор қувватини камроқ сарфлайди.

ЎҚИНГ: Қайси Android-иловалар батарея қувватини энг кўп сарфлайди?