Ҳар 25 нафар фойдаланувчидан биттаси гаджетлар туфайли бахтсиз ҳодисага учрайди

Ҳар 25 нафар фойдаланувчидан биттаси гаджетлар туфайли бахтсиз ҳодисага учрайди

GoCompare таққослашлар сайти томонидан 18-35 ёшдаги мобиль алоқа воситалари фойдаланувчилари ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари мобиль алоқа воситаларидан фойдаланиш оқибатида ҳар 25 нафар британияликдан бири бахтсиз йўл ҳодисасига учрашини кўрсатмоқда.

Сўровда жами 2 минг қатнашчи ўсмир иштирок этган. Уларнинг 30 фоизи ёнма-ён турган яқинлари ва ҳамкасблари билан реал эмас, ижтимоий тармоқ ва мессенжерларда суҳбатлашишни афзал кўришларини, 36 фоизи эса кун давомида жонли суҳбатдан кўра кўпроқ онлайн суҳбат қуришларини таъкидлашган.

Айниқса, смартфон ва планшетлардаги ижтимоий медиа иловалар, тармоқ ва мессенжерлар ёш инглизларнинг ҳаётига катта хавф туғдирмоқда. Улар айнан мана шу ресурслардан фойдаланишлари натижасида кутилмаган фалокатларга дучор бўлишаётганини тан олган.

Ҳар юз иштирокчидан 73 нафари мобиль алоқа воситалари ва ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар орқали яқинлари билан мулоқот уларга самарали ҳаёт тарзини тақдим қилаётганини айтган бўлса, 31 нафарининг фикрича, ижтимоий тармоқ ва бошқа замонавий алоқа воситаларидан кўп фойдаланиш уларни тобора ёлғизлик гирдобига тортиб кетмоқда.

Сўров иштирокчиларининг 42 фоизининг тан олишича, оила аъзолари ёки дўстлари мобиль қурилма воситаларини фойдаланиш ёки текшириб кўриш учун олиб туришганида уларнинг бундан жаҳллари чиқиб, асабийлашар эканлар.

Респондентларнинг 50 фоизидан ошиқроғи мобиль қурилмаларисиз турмуш тарзларини тасаввур қила олмасликларини, уларсиз беором бўлишларини қайд қилишган. 27 фоиз иштирокчилар эса смартфон ва гаджетлардан фойдаланиш вақтини қисқартиришлари зарурлигини айтишган.

“Замонавий қурилмаларнинг ҳаётимизга хавф туғдираётгани чиндан ҳам жиддий муаммо. Сўнгги вақтларда гаджетлардан фойдаланиш оқибатида саломатлигига шикаст етаётган мижозлар сони ошиб бормоқда,” дейди суғурта компанияси вакили Бен Уилсон.

Американинг The Huffington post интернет нашрининг ёзишича, автомобилни бошқариш жараёнида мобиль алоқа қурилмаларидан фойдаланаётган ҳайдовчиларнинг бахтсиз йўл ҳодисасига учраш эҳтимоли бошқаларникидан 23 маротаба юқорироқ бўлар экан.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!