Ҳатто форматланган диск ва флешкадаги ўчиб кетган файлларни ҳам тикловчи еттита энг зўр дастур

  •   DiMaX
  •  15046
  •  10.09.2019 16:34

Ҳатто форматланган диск ва флешкадаги ўчиб кетган файлларни ҳам тикловчи еттита энг зўр дастур

Бугунги кунда кўплаб маълумотларни компьютер, ноутбук, смартфон ёки планшет хотирасида сақлашга одатланганмиз. Лекин эҳтиётсизлик сабабли ёки вирус ҳужуми оқибатида улар ўчиб кетиши мумкин, шунда файлларни тикловчи утилиталар кўмакка келади.

ЎҚИНГ: Excel'да сақлаб қолинмаган файлларни қандай тиклаш мумкин?

Энг аввало, бир нарсани тушуниб олиш муҳим: файлни дискдан ўчирганимизда, аслида унинг тизимдаги тавсифигина ўчириб ташланади. Ўша файлни ташкил этувчи байтлар жамланмаси эса жойида қолади ва токи устидан бошқа файл ёзилмагунича сақланиб туради. Шундай экан, бирор файл йўқолиб қолганида, аввало у жойлашган дискка бошқа, айниқса йирик ҳажмли файл кўчирмай туриш керак.

Қуйидаги компьютер дастурлари ана шундай – ўчиб кетган файлларни тиклашда қўл келади, айримлари ҳатто диск форматланганидан кейин ҳам топиб беришга қодир. Фақат бир жиҳатини ёдда тутинг: дастурларни ўша – файллар ўчиб кетган дискка эмас, бошқасига ўрнатганингиз маъқул. Акс ҳолда ўрнатилаётган дастур ўша ўчиб кетган файлнинг ўрнига ёзилиб, уни тиклаш имконини камайтиради ёки ҳатто йўққа чиқаради. Умуман олганда, булардан бирортасини ҳар эҳтимолга қарши ҳозирдан ўрнатиб қўйсангиз ҳам бўлаверади – кейинчалик керак бўлиб қолганида излаб юрмайсиз.

Хуллас, ўчган маълумотларни тикловчи энг яхши иловалар қуйидагилардир.

1. Recuva

Платформа: Windows.

Нархи: бепул, кенгайтирилган версияси 19,95 доллар.

Recuva бехосдан ўчириб юборилган, «Корзина»ни тозалаганда йўқотилган файлларни тиклаб беради. Ушбу дастур тасодифан форматлаб юборилган хотира қурилмаларидаги файлларни – фотоаппарат хотира картасидаги сурат, MP3-плеердаги қўшиқ кабиларни ҳам топиб сизга қайтариб бера олади. Recuva ҳар қандай хотира ташувчиси, ҳатто iPod хотираси билан ҳам ишлай олади.

Компьютерингизга уни мана бу ҳавола орқали юклаб олишингиз мумкин.

2. Disk Drill

Платформа: Windows, Mac.

Нархи: бепул, кенгайтирилган версияси 89 доллар.

Disk Drill – асосан Mac компьютерларида маълумотларни тиклашга мўлжалланган утилита, лекин Windows версияси ҳам бор. Бу дастур кўплаб турлардаги дисклар, файллар ва файл тизимларини қўллаб-қувватлаши билан эътиборга лойиқ. Ўчириб юборилган файлларни унинг Recovery Protection функцияси ёрдамида тиклаш, шунингдек, файллар дубликатларини топиш ва дискни тозалаш ҳам мумкин. Бироқ бепул версияси то Disk Drill ўрнатилгунига қадар ўчирилган файлларни тиклаб бермайди, шу боис ҳозироқ ушбу ҳавола ёрдамида уни ўрнатиб олганингиз маъқул.

3. TestDisk

Платформа: Windows, Mac, Linux, FreeBSD, OpenBSD, SunOS, DOS.

Нархи: бепул.

Очиқ кодли, ўта универсал ва кўп функцияли илова. Унинг интерфейси матнли, аммо тушуниб олиш қийин эмас.

TestDisk жуда кўплаб форматлардаги файллар билан ишлай олади. Бундан ташқари, ушбу дастурни LiveCD’га ёзиб қўйиб, операцион тизими бузилиб, компьютер ёнмай қолганида ундаги маълумотларни тиклаш учун қўллаш мумкин. Мазкур утилита шикастланган юкловчи секторни ёки йўқотилган ахборотларни тиклаб бера олади.

TestDisk жамланмасида PhotoRec дастури ҳам мавжуд – у дискдан ўчирилган файллар, фотосуратлар, мусиқа ва видеоларни тиклашга хизмат қилади. Мазкур серқирра утилитани мана бу ҳавола орқали ўрнатиб олишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Қандай қилиб Windows'ни кераксиз маълумотлардан тозалаш мумкин: 5 бепул восита

4. R-Undelete

Платформа: Windows, Mac, Linux.

Нархи: бепул версияси 256 КБгача ҳажмли файлларни тиклайди, кенгайтирилган версияси 79,99 доллар туради.

R-Undelete маълумотларни тикловчи қудратли дастурлар оиласи – R-Studio таркибига киради. Улар FAT12/16/32/exFAT, NTFS, NTFS5, HFS/HFS+, UFS1/UFS2 ва Ext2/Ext3/Ext4 файл тизимларига мансуб дисклар билан ишлай олади.

R-Studio иловаси нафақат локал дискдаги, балки тармоқ орқали ҳам йўқолган маълумотларни тиклаб бера олади. Ахборотларни тиклашдан ташқари, бу утилита бэкап яратиш, диск бўлимларини такомиллаштирилган нусхалаш ҳамда дисклардаги “ўлик” блокларни излаш каби вазифаларга ҳам қодир.

R-Undelete иловасини ўрнатиб олиш учун ушбу ҳавола ёрдамида унинг расмий сайтига ўтасиз.

5. Eassos Recovery

Платформа: Windows.

Нархи: синов режимида 1 ГБгача маълумотни тиклайди; тўлиқ версияси 69,99 доллар туради.

Мазкур утилита ўчиб кетган файллар, фотосуратлар, матнли ҳужжатлар ва яна 550 дан ошиқ форматлардаги файлларни тиклай олади. Илова жуда содда ва тушунарли интерфейсга эга.

Eassos Recovery дастурини мана бу ердан юклаб олишингиз мумкин.

6. Hetman Recovery

Платформа: Windows.

Нархи: бепул версияси топилган файлларни сақламайди; тўлиқ версияси 37,95 доллар туради.

Hetman ҳар хил турлардаги маълумотларни тиклаш учун утилиталар жамланмасини таклиф этади: дискнинг яхлит бўлими ёки алоҳида – фотосурат ва ҳужжатларни. Дастур барча қаттиқ дисклар, флеш-карталар, SD ҳамда microSD хотира карталари билан ишлай олади.

Мазкур иловани ушбу ҳавола орқали расмий сайтидан ўрнатиб оласиз.

7. Glary Undelete

Платформа: Windows.

Нархи: бепул; Glary Utilities таркибида 19,97 доллар.

Бу дастур ўчириб юборилган ҳар қандай файлни тиклаб бера олади, шу жумладан сиқилган, фрагментация қилинган ва ҳатто шифрланганларини ҳам. Ўчирилган файлларни топгач, орасидан фақат кераклиларини тиклаш учун фильтрлаш функцияси бор.

Glary Undelete утилитасини мана бу ҳавола ёрдамида юклаб олиш мумкин.

ЎҚИНГ: Android’дан йўқолган маълумотлар қандай қайта тикланади?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!