HDR ва Dolby Vision нима ва улар қандай вазифани бажаради?

HDR ва Dolby Vision нима ва улар қандай вазифани бажаради?

Сўнгги йилларда дисплейлар юқори сифатли сурат ва видеоларни тасвирлаш имкониятига эга бўлмоқда ҳамда улар учун янгидан янги технологиялар яратилмоқда. Бироқ технологияларнинг барчаси ҳам HDR ёки High Dynamic Range (Юқори динамик диапазон) каби тасвирга катта таъсир ўтказгани йўқ. 

HDR тасвир сифатини сезиларли даражада ўзгартириши мумкин. Бошқача қилиб айтганда, HDR функцияси тасвирга унинг Full HD (1080p) дан 4K ёки 8K форматга ўтишдан кўра кўпроқ таъсир кўрсатди.

HDR ўзи нима?

HDR - бу видео контент яратувчиларига юқори ёрқинлик ва рангларнинг аниқлиги тақдим этувчи ҳамда яхши контрастли видеолар яратиш имконини берувчи технология. HDR кўпинча кинотеатрларда қўлланилсада, у смартфон, телевизор ва планшетларда тобора оммалашиб бормоқда.

Умумий олганда HDR'нинг беш хил тури мавжуд. Уларнинг иккитаси статик, учтаси динамик формат қаторига киради. Статик форматдаги HDR10 деярли барча HDR'ни қўллаб-қувватловчи дисплейларда учрайди. 

Статик форматда HDR контентини кўрсатиш учун зарур бўлган маълумотлар видео давомида бир мартта аниқланади. Видео бошланиши билан бу маълумотлар ўзгармайди. 

Динамик форматнинг энг кўп тарқалган тури бу HDR10+ ҳисобланади. Статик форматлардан фарқли ўлароқ, динамик формат томоша қилаётган видеога мослашиши мумкин, яъни ҳар бир саҳнага қараб HDR элементларини кўпайтиради ёки қисқартиради. HDR'ни бу тарзда яратиш учун эса кўпроқ маълумот керак бўлади. 

Dolby Vision нима?

Dolby Vision - бу Dolby Labs томонидан ишлаб чиқилган динамик HDR формат. Тасвирни саҳнама-саҳна (ҳатто кадрма-кадр) асосида созлаш орқали бу функция юқори даражадаги ранглар аниқлигини тақдим этади. Экрандаги ҳар бир тасвир оптималлаштирилган бўлиши учун у доимий равишда тасвирга ўзгаришлар киритади. 

Dolby Vision оддий HDR10'га қараганда юқори ёрқинлик даражасини тақдим этади. HDR10 максимал 1000 нит ёрқинлик даражасини қўллаб-қувватласа, бу кўрсаткич Dolby Vision'да 10,000 нитни ташкил қилади. 

Худди шундай устунлик ранглар аниқлигида ҳам мавжуд. HDR10 контент 10 бит маълумотлардан фойдаланган ҳолда рангларнини танлаш имконини беради, Dolby Vision'да эса бу 12 битгача оширилган. Бу рақамлар орасида унчалик катта фарқ йўқ дейишга шошилмаслик керак. Икки бит ҳам катта фарқларни юзага келтиради. 10 бит билан битта асосий рангнинг 1024 турини танлаш мумкин. Бу бир миллиарддан ортиқ рангларни тақдим этади. 12 битда эса битта асосий рангнинг 4096 та турини танлаш мумкин, бунда умумий 68 миллиарддан ошиқ ранглар келиб чиқади. 

ЎҚИНГ: Ўтган ойда дунё бўйлаб энг кўп юклаб мобил ўйинлар 

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!