Ҳиндистонлик миллиардер: барчага текин 4G

Ҳиндистонлик миллиардер: барчага текин 4G

Ҳиндистоннинг энг бой кишиси ҳисобланадиган Мукеш Амбани 5 сентябрь куни Reliance Jio номли 4G тармоқда хизмат кўрсатадиган операторни ишга туширди. Лойиҳага миллиардер томонидан 20 млрд АҚШ доллари миқдорида сармоя сарфланган. Мамлакатнинг 80% ҳудудини қоплаган 4G тармоқ 5 сентябрдан эътиборан ўз фаолиятини бошлаган. Энг қизиғи, истаган абонент ушбу оператор тармоғи хизматларидан йил охиригача бепул фойдаланиши мумкин. Кейинчалик эса мобил интернет учун ойлик тўлов бор-йўғи 149 рупийни (2,25 доллар) ташкил қилади. Бу ҳақда CNN нашри хабар берган.

Амбани мазкур оператор орқали ҳиндистонликлар ҳаётини “рақамлаштиришга” ваъда берган. CNN маълумотига кўра, Ҳиндистондаги бешта ёшдан фақат биттаси интернетдан фойдалана оларкан, жуда ҳам кам қопламдаги Wi-Fi тармоқлари мавжуд, қишлоқ ҳудудларида эса мобил тармоқнинг ишлаши қониқарли эмас. Миллиардер айнан мана шу сабаблар туфайли мазкур лойиҳага қўл урган.

Ҳақиқатан ҳам, шу кунгача Ҳиндистон аҳолисининг кўплиги ва фойдали инвестиция шароити билан гигант компанияларнинг диққатини тортиб келмоқда. Масалан, Google мамлакатдаги вокзаллар бўйлаб текин Wi-Fi тармоқларини ташкиллаштирган, Facebook эса сервиснинг текин версиясини ишга туширишга ҳаракат қилган.

Маълум қилинишича, Reliance Jio бутун мамлакат бўйлаб 100 000 дан ортиқ телекоммуникация антенналарини ўрнатиб чиққан. Амбанининг айтишича, мобил оператор айни пайтда 18 000 та шаҳар ва 200 000 та қишлоқларни тармоқ қоплами билан таъминлаган.

Албатта, бундай шиддатли компаниянинг телекоммуникация бозорида пайдо бўлиши Ҳиндистондаги бошқа мобил операторларни шошириб қўйди. Улар ўз мижозларини сақлаб қолиш учун тариф режаларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлишди. Мисол учун Airtel 3G ва 4G хизматлари учун тарифлар нархини 80%га арзонлаштирган, Vodafone эса тариф режасига киритилган интернет ҳажмини 70%га кўпайтирган.

Бугун Деҳли шаҳрида ўтказилган  мобил интернет синовларида Reliance Jio’нинг юклаб олиш тезлиги 21 мегабит/сонияни қайд этган. Шубҳасиз, бундай йирик сармоя киритилган компания бутун Ҳиндистон ҳудудида сифатли алоқани таъминламай қолмайди. Энг асосийси, оператор тарифлари жуда арзон нархда абонентларга таклиф қилинмоқда.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.