Ҳиндистонни «Jio’лаштириш»: 1,3 миллиард аҳолини БЕПУЛ 4G-алоқа билан таъминлаб, интернетни 5 карра арзонлатган миллиардер!

  •   DiMaX
  •  2153
  •  17.12.2018 18:48

Ҳиндистонни «Jio’лаштириш»: 1,3 миллиард аҳолини БЕПУЛ 4G-алоқа билан таъминлаб, интернетни 5 карра арзонлатган миллиардер!

Нефтни қайта ишлаш билан шуғулланувчи Reliance Industries холдинги раҳбари Мукеш Амбани ўз ватани Ҳиндистонда илк VoLTE-коммуникациялари ва 4G-тармоғини таклиф этувчи Jio алоқа компаниясини ташкиллаштиришга 35 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлади. 2016 йили ташкил этилган ушбу уяли алоқа оператори бепул қўнғироқлар ва арзон мобил интернет таклиф этишдан ташқари, атиги 20 доллардан 4G-телефон ҳам сотади.

ЎҚИНГ: Ҳиндистонлик миллиардер: барчага текин 4G

Натижада Ҳиндистонда уяли алоқа хизмати нархлари кескин тушди; шунингдек, 1,3 миллиардлик аҳолига эга мамлакатнинг 99 фоиз ҳудудига 4G-интернет етиб борди. Мамлакат икки йил ичида трафик истеъмоли бўйича 155-ўриндан биринчи ўринга чиқиб олди!

Таҳлилчилар прогнозига кўра, 2020 йилга бориб Jio абонентлари сони 400 миллион нафарга етади, 2021 йилгача эса бу компания ярим миллиардлик фойдаланувчиси билан ҳинд телекоммуникация бозорининг етакчисига айланади. Аммо тиниб-тинчимас Мукеш бу билан ҳам чекланиб қолмоқчи эмас – у Jio базасида турли контент, хизмат ва рекламаларни пулловчи рақамли платформа ташкил этиб, Amazon ва Google билан рақобатга киришмоқчи.

Jio’ни ишга тушириш ва ғояларини амалга ошириш учун Мукеш олти йил мобайнида ўзининг нефть бизнесидан келаётган маблағларидан миллиардлаб долларни ўша пайтда «истиқболи йўқ» деб ҳисобланган йўналишга сарфлаган. Кейин эса фаол тарзда демпинг қилган – хизматларини бозорда рақобатчиларидан кўра арзон нархларда, шунингдек, уларда йўқ сервисларни ҳам таклиф этган.

Ака-ука миллиардерлар ҳақидаги ҳинд эртаги

Мукеш ва Анил Амбанининг отаси 1966 йили текстил саноати билан шуғулланувчи Reliance Industries компаниясини ташкил этганди. Кейинчалик у молия, телекоммуникация, энергетика, нефть ва бошқа соҳалар билан шуғулланувчи, умумий қиймати 110 миллиард доллардан ошган мамлакатдаги энг йирик холдинг даражасигача ўсиб чиқди.

2002 йили ота инсульт оқибатида васият қолдирмасдан оламдан ўтгач, ундан қолган империяни ака-ука ҳамкорликда бошқара бошлади. Отасининг «откриткадан арзон мобил қўнғироқлар» ҳақидаги орзусини амалга оширишни ўз бурчи деб билган Мукеш 2002 йилнинг декабрида CDMA стандартида хизмат кўрсатувчи Reliance Infocomm (RComm) телекоммуникацион компаниясига асос солди. Бу бозорда самарали фаолият юритиш учун у илғорроқ таклифлар бериши кераклигини тушунган Мукеш юқори тезликдаги CDMA стандартини танлади – у нафақат қўнғироқлар, балки тезкор интернет ва бошқа хизматларни ҳам таклиф этарди.

RComm алоқа оператори 2003 йилнинг 28 декабрида – Мукешнинг отаси туғилган кунида ишга тушди. Нархларнинг тезкорлик билан тушириб борилиши ҳамда янги контент-сервислари эвазига у тезда Ҳиндистон мобил хизматлар бозоридаги кучли учликка кириб олди.

2004–2005 йилларда Reliance активлари боис ака-ука орасида низо келиб чиқди: Анил операторни компания активлари асосида ноқонуний молиялаштиряпсан, дея Мукешни айбларди. Ака-уканинг орасидаги зиддиятга она аралашиб, уларни келиштириб қўйди.

Мукешнинг олдида икки йўл турарди: у ё мунтазам даромад келтириб турувчи нефтни қайта ишлаш бизнесини, ёки Rcomm’ни танлаши керак эди. У алоқа компаниясини Анилга қолдирди ва ака-ука ўзаро рақобатга киришмаслик ҳақида шартнома туздилар. Яъни, то 2010 йилгача бир-бирининг бизнеси соҳасида компания ярата олмас эдилар.

Reliance ходимларининг фикрича, бу икки ака-уканинг бизнесни юритишга бўлган муносабатлари тубдан фарқ қилади. Мукеш учун RComm ҳаёт-мамот масаласи бўлса, Анил бирмунча соддароқ ва очкўзроқ – у шунчаки бизнес юритиб, катта бойлик орттиришгагина қизиқарди. Мукеш ўзининг ҳар бир бизнесини майда-чуйдаларигача ишлаб чиқарди, ҳар бир жараённи ичкаридан назорат қилиш учун соатлаб йиғилишлар ўтказарди.

4G: Мукешнинг телекомга шиддатли қайтиши

2010 йили Мукеш Амбани яна телекоммуникацион бозорга қайтишга қарор қилди, аммо энди унинг бу борадаги ниятлари ҳам улкан эди. Jio компанияси шунчаки мобил оператор бўлибгина қолмасдан, Ҳиндистон бозорининг 50 фоизини эгалловчи, рақамли хизматларнинг барча турларини таклиф этувчи улкан платформага айланиши керак эди.

Келажакнинг интернетда эканига кўзи етган Мукеши Амбани энди овозли қўнғироқларга эмас, балки мобил трафикка борини тикди. Қўнғироқни у шунчаки БЕПУЛ қилиб қўйди, шу орқали йиғилган абонентлар эса интернет билан боғлиқ хизматлар ва сервисларга пул сарфлашга тайёр бўлишлари керак эди.

Мукеш ўз ватанидаги IT-бозорнинг асосий муаммоларидан бирини ҳал этишга, яъни – кишилар учун тезкор интернетга осон ва арзон улана олиш имконини тақдим қилишга бел боғлади. Ҳиндистоннинг бир миллиард аҳолиси унинг шаҳарларида истиқомат қилади, алоқа операторлари эса шаҳардан ташқари ҳудудларда ўз хизматларини ривожлантирмас эдилар. Умуман олганда, то Jio пайдо бўлгунига қадар бу улкан мамлакатнинг атиги 20 фоиз ҳудудигагина интернет кириб борган эди.

Jio тақдимот маросимида Мукеш бир воқеани гапириб берди: унинг қизи отасининг уйида ўтириб олганича курс иши устида ишларди. Бу – бутун дунёдаги энг қиммат уй бўлиб, Арабистон денгизи кўриниб турувчи тепаликка 27 қават қилиб қурилган бинодир. Унда қўшимча иншоотлар жудаям кўп – вертолёт майдончаси, уй кинотеатри, тренажёр зали, боғ, бассейн ва... бир тийинга қиммат интернет! Янги алоқа компанияси айни шу муаммони бутун Ҳиндистондан олиб ташлашга бел боғлаганди.

2010 йилнинг августида Мукеш мамлакатдаги VoLTE’ни қўллаб-қувватловчи 4G-частоталарга эгалик қилувчи Infotel Broadband Services компаниясининг 95 фоиз акцияларини сотиб олди (2013 йили бу ташкилот номи ҳам Reliance Jio Infocomm Limited’га айлантирилган). Ўша даврда ҳали ўн нафар ҳиндистонликдан биттасидагина мобил телефон бор бўлиб, энг йирик операторлар – Airtel ҳамда Vodafone India фақатгина учинчи авлод уяли алоқа тармоғини фаол ривожлантираётган эди.

Мукеш фикрича, LTE – тўртинчи авлод тармоғи 3G’га нисбатан анча юқори тезликни таъминлайди, бу эса контентдан янада қулай фойдаланиш имконини яратади: оқимли видео ва мусиқа, мессенжерлар ва ҳоказо. Шунингдек, у онлайн харидлар учун барқарор уланишларни таъминлаши ҳам тайин – 3G тармоғидаги уланишларнинг беқарорлиги онлайн буюртмаларни расмийлаштиришга халақит берарди. Бундан ташқари, VoLTE ҳам LTE частоталарида мулоқот қилиш имконини берар, натижада телефонда суҳбатлашиш давомида ҳам 4G ёки 3G тармоқларида интернет узлуксиз ишлаб тураверади.

Ҳиндистон телекоммуникация соҳаси раҳбарлари ва туҳлилчилари интернет тезлигини ошириш кераклигини тушунишар, аммо бунинг учун тўлашга тайёр мижозларнинг миқдори етарли эмас, дея шубҳаланишарди. Оддий ҳиндистонлик мобил алоқа учун ойига 2 АҚШ долларига яқин маблағ сарфларди ва уларнинг катта кўпчилиги овозли қўнғироқлардан фойдаланарди.

Рақобатчилар 4G тармоғини айрим шаҳарлардагина йўлга қўяётган бир даврда Амбани мамлакатнинг 18 минг шаҳри ва 200 минг қишлоғига – ҳатто электр токи ҳам етиб бормаган ҳудудларга ҳам бу технологияни етказишни истарди! Бунинг учун эса 200 мингтача уяли алоқа миноралари ва 212 минг километрча (Ер шарини 6 марта ўрашга етгулик!) шиша толали кабел керак бўларди. База станцияларининг ўрнатилишини тезлаштириш учун Jio уларнинг ҳажмини, қувватини ва ҳаракат радиусини кичрайтириб, дизайнини ўзгартирди. Улар энди пальмага ўхшаган бўлиб, арзонроққа тушар ва тезроқ ўрнатиларди.

Мана, янгиланган база станция минораларининг афзалликлари:

  • Янгиланган минора атиги 750 Вт қувват талаб этар ва буни батарея блоги ҳам етказиб бера оларди; одатий база станция минорасида эса бу кўрсаткич 2,5 кВт.га тенг.
  • Миноралар атроф-муҳитни ифлосламасди, шунингдек, унга қўшимча совутиш жиҳозлари ўрнатиш ҳам шартмасди, ҳамма қисмлари мачта ичига ўрнашарди.
  • Янгича миноралар 50 карра кам жойни эгаллаши ҳам фойда – улар ўрнатиладиган ер учун тўловдан анчагина тежалади.
  • Миноралар кичик қисмлардан иборат бўлиб, уларни ўрнатишга одатдагисидек бир неча кун эмас, балки 5–6 соат етарли эди.
  • Улар универсал бўлиб, минораларга кўча ёритқичлари, кузатув камералари, ҳавони назорат қилиш датчиклари ва ҳоказолар ҳам ўрнатиш мумкин.
  • Оддий минора 178-350 минг АҚШ долларига тушса, Jio минорасининг қиймати 140 минг доллардан ошмасди. Ҳаттоки бинолар томига ўрнатиладиган оддий миноралар ҳам улардан қиммат – 160-210 минг долларга тушади.
  • Янгиланган миноранинг сигнал узатиш майдони кичкина – 300-500 метрларга тенг. Табиийки, у 5000 метрга сигнал узатувчи оддий минорадан кўра кам энергия талаб этади.
  • Янги минора 4G ва 5G тармоқлари орқали узатиладиган маълумотларни шиша толаси ёрдамида қайта ишлай оларди.

Шунингдек, кабелларни муҳофаза этиш масаласи ҳам бор, Reliance бунинг учун собиқ ҳарбий хизматчилардан қўриқчилар ёллади, маҳаллий аҳолига эса минораларга қараб турганлиги учун ҳақ бериб борилди.

2016 йилнинг сентябрида Jio ишга туширилганида, компания барча телефон қўнғироқлари, SMS ва ҳатто мобил интернетни ҳам уч ойгача текин қилиб қўйди, кейин эса бу муддатни олти ойга узайтирди. Шундан сўнг фақатгина мобил интернет пулли қилинди, шундаям у рақобатчилари белгилаган нархлардан нақ 75 фоизга арзон эди.

Jio тариф режалари, 2016 йил

2016 йили Jio мамлакат аҳолисининг 95 фоизини қамраб олди, тармоқда зўриқиш билан боғлиқ илк муаммолар туғилиши билан компания яна ярим йилда 45 мингта база станциялари ўрнатди – энди аҳолининг 99 фоизида 4G-интернет бор! Кўплаб қишлоқлар аҳолиси учун Jio биринчи интернет-провайдер бўлди, мобил алоқа бозори эса бу компания фаолиятининг илк йилидаёқ бирданига 150 миллион фойдаланувчига ўсди.

Jio равнақи ва рақобатчилар муносабати

Jio компанияси ўз тармоғини қураётган пайтда Ҳиндистонда телекоммуникация компаниялари абонентларни паспортни текширган ҳолда ва яшаш жойи тасдиқлансагина рўйхатга ола билар эдилар. Амбани эса, ҳукумат алоқа компанияларига бармоқ изи ёрдамида рўйхатга олишга рухсат беришини кутди. Jio электрон рўйхатдан ўтказиш учун икки йиллик рухсат олгач, оператор ўз фаолиятини бошлади ва 250 миллион абонент тўплади.

Ҳиндистон телекоммуникация бозори, 2018 йил

2018 йилнинг сентябрида Ҳиндистон олий суди қарор чиқарди – унга кўра, шахсни рақамли тарзда аниқловчи Aadhaar дастуридан фақатгина давлат фойдаланиши мумкин. Телекоммуникация компаниялари эса қоғозли текширув асосида рўйхатга олиш тизимига қайтишди – бунда ҳар бир янги абонент учун 35 цент ўрнига 2 доллар харажат қилинарди.

Jio ҳаракатлари натижасида Ҳиндистонда мобил интернет истеъмоли мисли кўрилмаган даражада ўсди. Бу компания ишга тушганидан кейинги бир йил ичида дунёдаги ҳар қандай алоқа операторидан кўпроқ трафик ишлатди, мамлакат эса Google Play’дан иловалар юклаш сони бўйича АҚШдан ўзиб кетди. Mogran Stanley маълумотларига кўра, Jio фаолият бошлаганидан сўнгги икки йилда Ҳиндистонда фойдаланувчининг ойлик трафик ҳажми нақ 570 фоизга ошди.

Табиийки, янги алоқа операторининг бу юришлари рақобатчиларига жиддий зарба бўлди. Улар бир гигабайт мобил трафик нархини 3 доллардан 60 центгача туширишга мажбур бўлишди. Улар Jio’нинг нарх сиёсати монополияга қарши қонунчиликни бузмоқда, дея даъво қилишди, аммо Ҳиндистон ҳукумати 2017 йили масалани Jio фойдасига ҳал қилди – у чиндан ҳам ҳеч қанақа қонунни бузмаганди.

Мобил трафик нархи, рупий ҳисобида

Амбани олис келажакни кўзлаб иш тутади ва телекоммуникациялар бозорининг ярмини ўзига олишни мўлжалламоқда. Даромад келтириши нуқтаи назаридан, овозли қўнғироқ бозорининг қисқариб боришига қараб, трафик ҳажми кеометрик прогрессия кўринишида ўсади. Ўшанда иккита ва ундан ошиқ SIM-картага эга абонентлар самараси камроқ бўлган оператордан воз кечишади.

Ўзбекистондаги аксарият фойдаланувчилар сингари, Ҳиндистонда ҳам абонентлар ҳақи олдиндан тўланадиган тариф режаларидан фойдаланишади ва исталган пайти бошқа оператордан янги SIM-карта олиб, унга ўтиб кетаверишади. Jio нафақат дақиқалар, балки гигабайтлар бўйича ҳам манфаатли шартлар таклиф этаётгани боис, фақатгина овозли хизматлар таклиф этувчи бошқа операторларнинг абонентлари асосий SIM-карта сифатида Jio’ни танлайверишади.

Нарх борасидаги курашлар натижасида Ҳиндистонда битта мижоздан тушадиган даромад ҳажми ҳам анча тушди: 2016 йили операторлар ҳар бир абонентдан 2,5 доллар фойда кўрган бўлсалар, ҳозирда мазкур кўрсаткич 1,53 долларни ташкил этади. Jio’да бу қиймат бирмунча юқори – 1,89 доллар, аммо фаолиятини бошлаган пайтдагидан бери пастлаб келаётир.

Кейинроқ эса Jio яна битта ишга қўл урди – смартфоннинг бошланғич функцияларига эга бўлган ва 4G тармоқларида ишловчи янги турдаги «ақлли» телефонларни яратди. JioPhone деб номланган бу қурилмани фойдаланувчи атиги 22 доллар эвазига ижарага олади; агар смартфонни қайтарса, унга ўша пулиям қайтариб берилади! 2017 йилнинг сентябрида йўлга қўйилган ушбу акция туфайли компания Ҳиндистон смартфон бозорининг 47 фоизини эгаллаб, Samsung’дан ўзиб кетди. Шунингдек, Jio ўз смартфонларида қўлланаётган KaiOS операцион тизими ишлаб чиқувчисининг ҳам 16 фоиз акцияларини сотиб олди.

Jio ҳозир ҳам паст нархларни ушлаб турибди, бунинг оқибатида Ҳиндистондаги майда телекоммуникация компаниялари ёпилиб кетди, бозор етакчилари бўлмиш Vodafone India ҳамда Idea Cellular эса яшаб қолиш учун бирлашишларига тўғри келди. Telenor, Tata ва Docomo каби операторлар Ҳиндистонни тарк этишди, телекоммуникация хизматлари бўйича етакчи бўлган Airtel эса 2018 йил бошида банкротлик ҳақида ариза берди. У кейинги 15 йил ичида илк бора зиён кўргани ҳақида ҳисоботини эълон қилди.

Лекин Jio ҳаракатларидан энг кўп зарар кўрган компания унинг ўз «ака»си – Reliance Communications бўлди. У ўзининг 4G-тармоғини Jio инфратузилмасига ўтказишига, кейин эса қарзларини тўлаш учун 178 минг километрлик шиша толали кабелларини 417 миллион долларга сотишига тўғри келди. Rcomm мобил бизнесдан чиқиб кетиб, 50 минг нафар ходимини бўшатишга мажбур бўлди.

Хўш, иннайкейин-чи?

Jio ҳозирда контен хизматларини, шиша толали интернетни, IoT ва бошқа йўналишларни ривожлантириб, бозорда ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда. Иш бошлаганидан икки йил ўтиб у ўз нархларини пастлатди, овозли алоқани эса шунчаки текин қилиб қўйди.

Амбани режасига кўра, 2019 йилиёқ Jio бозорда биринчи ўринга чиқиб олади ва акционерлар ўзлари тикканларидан кўра кўпроқ даромад олишади. У Ҳиндистоннинг бориш қийин бўлган ҳудудларини ҳам 4G-тармоқ ва шиша толали интернет билан таъминлаяпти. Дарвоқе, Jio – шосселар ва темир йўл йўналишларида ҳам алоқа тармоғи бўлган Ҳиндистондаги ягона оператордир. Bharti Airtel, Vodafone Idea ва BSNL каби рақобатчилар бу синовдан ўта олмаганлар.

Шунингдек, Jio мамлакатда Япониянинг KDDI оператори билан VoLTE-роуминг борасида битим тузган биринчи оператор ҳам бўлди. Энди японияликлар Ҳиндистонга сафарларида бу компаниянинг юқори тезликдаги VoLTE-тармоғидан фойдаланишяпти.

Кўнгилочар контент

Jio стратегиясининг яна бир муҳим қисми – интернет орқали маълумотлар узатишда етакчи эканлигидир. Мукеш уни уяли алоқа оператори эмас, балки рақамли платформа сифатида тақдим этади. Компания қўшимча сервис ва иловаларни ҳам тақдим этиб келаётир ва уларнинг асосий қисми контентга тўғри келади.

Мана, Jio кўнгилочар контент-хизматлари рўйхати:

  • JioTV – 500 та каналдан тўғридан-тўғри трансляция қилувчи онлайн-ТВ.
  • JioCinema – Netflix’га ўхшаш, фақат Болливудли онлайн-кинотеатр.
  • JioChat – лаҳзалик хабарлар алмашиш иловаси, мессенжер.
  • JioMusic – мусиқа стриминг сервиси.
  • Jio4GVoice – VoLTE технологиясига эга бўлмаган 4G-смартфонларда ҳам уни ишга туширувчи илова.
  • JioMags – журналлар ва газеталар.
  • JioXpressNews – янгиликлар агрегатори.
  • JioSecurity – смартфонлар учун антивирус.
  • JioCloud – маълумотларни захиралаш учун «булутли» сақлаш жиҳози.
  • JioMoney Wallet – онлайн тўлов функцияли виртуал ҳамён.

Jio Ҳиндистонда ўз контент-сервисларини катта муваффақият билан жорий эта олган илк оператор бўлди. Бунда унга мос рақобатчи йўқлиги ҳам қўл келди – халқаро брендларнинг аксарияти энди-энди бу мамлакатга кириб келаётир. Ҳозирда Jio фойдаланувчиларининг 75 фоизи телеканалларни оддий телевизордан эмас, балки JioTV орқали томоша қилади ва компаниянинг бошқа сервислари орқали ҳам контентдан фаол фойдаланади.

JioPhone’да JioTV томоша қилиш

Jio сервислари қадам-бақадам тармоқдан мустақил бўла бошлаган: JioMusic мустақил Saavn стриминг иловаси билан бирлашган ва компания унинг 80 фоиз улушига эгалик қилиб, Ҳиндистондан ташқари бозорга ҳам чиққан.

Jio GigaFiber

2018 йилнинг 15 августида Jio янги тармоқ – GigaFiber’ни ишга туширди; бу – юқори тезликда кенг полосали интернет бўлиб, худди мобил алоқадаги каби қўшимча контент-хизматларига ҳам эга. GigaFiber ҳам 4G тармоғи инфратузилмаси базасида яратилган.

Бундан ташқари, Jio шиша толали кабел асосида уйлар ва офислар учун интернет хизматларини кўрсатувчи провайдерларни ҳам сотиб ола бошлаган. 2018 йил октябрда RIL уйларга тўғридан-тўғри кириб бора олиш учун иккита кабелли оператор – Den ва Hathway акцияларининг назорат пакетларини харид қилган.

Буюмлар интернети, «сунъий онг» ва электрон тижорат

Jio бошиданоқ 5G ва ҳатто 6G тармоқларига тайёргарлик кўрмоқда, улар келажакда – ҳайдовчисиз автомобиллар, «ақлли» уйлар ва шаҳарлар учун керак бўлади. Миллионлаб қурилмалардан келувчи ахборотларни қайта ишлаш учун нафақат юксак тезлик, балки узлуксиз ишлаш ҳам керак бўлади ва Jio ўз тармоқларида буни таклиф эта олади.

Бугунги кунда Jio машинавий таълим асосида рентген тасвирлари ва МРТ таҳлилини ривожлантирмоқда. Шунингдек, холдинг «сунъий онг» базасидаги Embibe таълим платформаси акцияларининг 73 фоизини ҳам сотиб олган.

Мукеш 2006 йили Ҳиндистондаги энг йирик ритейлерга айланган Reliance Retail’ни ишга туширди. 2018 йил июлида эса у Jio ва Reliance Retail’ни электрон тижорат бозоридаги янги иштирокчи сифатида бирлаштириш режасини эълон қилди.

Ҳиндистон телекоммуникациялар бозорига Jio таъсири

IndiaTimes нашри келтирган статистикага кўра, Jio фаолият бошлаганидан кейинги икки йил ичида Ҳиндистон уяли алоқа бозори қуйидаги ўзгаришларга учради:

  • Мобил трафик истеъмоли ҳар ойда 200 миллион гигабайтдан 3,7 миллиард гигабайтга етди.
  • 1 гигабайт мобил трафик нархи 3,5 доллардан 20 центгача пасайди.
  • Ҳиндистон мобил трафик истеъмоли бўйича 155-ўриндан биринчи ўринга чиқиб олди.
  • Уяли алоқа операторлари сони қисқарди – ўша пайтдаги ўнтача компаниядан ҳозир учтасигина рақобатга дош бериб «яшаб» турибди. 2018 йилнинг октябрида Bharti Airtel ўзининг 2,4 миллион абонентини йўқотди, Vodafone India ва Idea эса 2018 йил августида бирлашишди – уларнинг абонентлари тегишлича 2,6 ва 4 миллионга қисқарган эди. Jio эса 13,1 миллион нафар янги абонентга эга бўлди.
  • Ҳиндистондаги БАРЧА смартфонлар 4G-VoLTE тармоғини қўллаб-қувватлайдиган бўлди; агарда аппарат қисми бунга имкон бермаса, буни амалга оширувчи Jio иловаси бор!
  • Jio икки йилда 252,3 миллиондан ошиқ фойдаланувчига эга бўлди. Унинг ҳар бир абоненти бир ойда ўртача 10,6 ГБ трафик ишлатади ва 744 дақиқа овозли суҳбатлашади.

Булардан ташқари, Jio глобал корпорацияларнинг Ҳиндистон бозорига қизиқишларига ҳам таъсир кўрсата олади. Ҳозирданоқ Google, Facebook, Amazon, Walmart кабилар ўз маҳсулотларини бу мамлакат бозорида ривожлантиришга сармоя киритишмоқда. Табиийки, сармояларини оқлашлари учун уларга имкон қадар кўпроқ интернет фойдаланувчиси керак, буни эса айнан Jio таъминлай олади.

2018 йилнинг ёзида Reliance Industries капитализацияси 100 миллиард доллардан ошди, Jio’нинг ўзи эса 25 миллиардга баҳоналмоқда. Мукеш Ҳиндистоннинг 1,3 миллиардлик аҳолисига тезкор ва арзон интернет ҳамда янги технологияларни тақдим этиб, бойлар ва камбағалларнинг технологик имкониятларини тенглаштирди. Унинг телекоммуникация хизматлари бозорига қайтиш ҳақидаги таваккалга асосланган қарори ўзини тўлалигича оқлади.

Мукеш эса энди Airtel эмас, балки Google ва Netflix’га қарши рақобатга киришган – Jio базасида рақамли платформа шаклланиб бораётир. У ҳиндистонликларнинг одатий ҳаёт тарзини ўзгартиришда давом этади, шу билан бирга, ҳамиша истеъмолчига манзур, даромадли ва инқилобий бўлиб қолиш учун замонавий алоқа оператори қандай ривожланиши кераклигини ўз мисолида намоён қилаверади.

ЎҚИНГ: Ҳиндистон компанияси Ўзбекистонда мобиль телефонлар ишлаб чиқаради