Ҳоким ўринбосари: Тошкент каналлари атрофида Wi-Fi ҳудудлар ташкил этилади

  •   DiMaX
  •  844
  •  13.02.2019 18:25

Ҳоким ўринбосари: Тошкент каналлари атрофида Wi-Fi ҳудудлар ташкил этилади

Президентимиз пойтахтимиздаги каналлар атрофини обод сақлаш, бу ерларда одамлар дам оладиган, болалар чўмиладиган сўлим ва хавфсиз ҳудудлар ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, Каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ҳаёт Иноғамов ЎзА мухбирига бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берган.

ЎҚИНГ: Пойтахтимизда «Ақлли тармоқлар» лойиҳаси тақдим этилди

– ...Президентимизнинг 2018 йил 17 августдаги «Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида»ги фармонига асосан Тошкент шаҳридан ўтадиган каналлардан фойдаланиш ва бошқариш ҳамда уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш тизими яратилди, – дейди Ҳ.Иноғамов. – Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси ташкил этилди.

Бошқарма томонидан амалга оширилган ва энди бажарилиши режалаштирилаётган ишларга тўхталар экан, ҳоким ўринбосари, жумладан, шундай деган:

– Эксперимент тариқасида шу йил баҳор мавсумида Бўзсув канали ўзанида моторли қайиқларда сайр қилиш хизмати йўлга қўйилади. Шунингдек, магистрал каналларга туташ ҳудудлар ҳам ободонлаштирилади, дам олиш масканлари барпо этилади. Жумладан, 137 километрлик магистрал каналларнинг 22 километрдан ортиқ бўлган туташ ҳудудларида сайилгоҳлар ташкил этилади.

Бу сайилгоҳларда шаҳар аҳолисининг дам олиши, ҳордиқ чиқариши, югуриш ва велоспорт билан шуғулланиши учун шароитлар яратилади. Мавжуд имкониятлар ва сувнинг таркиби таҳлил қилиниб, чўмилиш ҳавзалари ташкил этилади. Канал бўйларига энергия тежовчи ёритгичлар, Wi-Fi ҳудудлар, китоб кафе, шахмат-шашка ўйнаш ва расм чизиш учун аллеялар ташкил этилади.

Бир сўз билан айтганда, бу саъй-ҳаракатлар шаҳримизнинг туристлар учун жозибадорлиги ошишига ҳамда аҳоли дам олиши ва ҳордиқ чиқариши учун «Сув бўйи сайилгоҳлари» инфратузилмаси яратилишига хизмат қилади.

ЎҚИНГ: Тошкент автобусларида GPS тизими ва «MyBus Tashkent» иловаси яна ишга тушадими?

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!