Honor 10: "Малика"нинг ярим нархли флагмани

Honor 10:

У жуда жозибадор ва келишган. Honor 10 ҳақидаги тавсифни ана шундай бошлашни маъқул кўрдик.

Honor бренди 15 май куни Honor 10 деб ном олган компаниянинг янги флагман смартфонини тақдим қилди. "Aurora Glass Design" услубидаги дизайн, "пешонаси"да кесиғи бор ҳамда Kirin 970 процессори, "сунъий ақл" технологиясига эга бўлган смартфон бир қарашдаёқ диққатни тортади.

Буни қарангки, девайс орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас "Малика"га ҳам ташриф буюришга улгурди. Huawei компаниясининг «қизи» ҳисобланган Honor арзон нарх эвазига нисбатан кучли смартфонлар тайёрлаши билан ном қозонган. Буни исботлаш учун Honor 10 моделини яқиндан ўрганиб кўрдик. Кучли флагман процессор, илғор камера ҳамда чиройли корпус эвазига 450 долларлик смартфонга эга бўлиш ҳаммага ҳам маъқул келади.

Дизайн ва ўзига хослик

Honor флагманларининг Huawei флагманларидан фарқини Skoda ҳамда Volkswagen автомобилларидаги фарққа қиёслаш мумкин – ҳар иккала модел платформаси бир хил, бироқ уларнинг номи жарангдор, яъни бренд номи машҳурроқ.

Смартфон эргономикаси ёки корпус шаклдорлиги ҳам кўнгилдагидек: смартфон қўлда қулай жойлашади. Уни бир қўл билан ҳам бемалол бошқариш мумкин. Корпуснинг йиғилиши сифатли ҳамда корпус яхлик.

Huawei флагманлари "P" (P9/P10/P20) ҳамда "Mate" (Mate 8/Mate 9/Mate 10) туркумларида ишлаб чиқарилади. Honor флагманлари эса «рақамли» (Honor 8/Honor 9/Honor 10) ҳамда "V" туркумда (Honor V8/Honor V9 ва Honor V10). Номдаги рақамлар сони қанча кўп бўлса, смартфон шунчалик кучли бўлади.

Алоқа имкониятлари

Алоқа масаласида Huawei смартфонлари ҳали панд бермаган. Бугун биз ўрганаётган смартфон ҳам бундан мустасно эмас. Суҳбат динамигида овоз сифати аниқ ва тиниқ, хириллашлар йўқ. Микрофон эса мақтовга лойиқ. ҳатто энг яхшиларидан бири.

Huawei анъанани бузмаган ва корпусда аудио қулоқчин учун туйнукни қолдирган. Бироқ қўшимча хотира картаси учун алоҳида бўлмача йўқ. Компания очиқчасига «128 Гбайт хотира сиғими сенга етарли эмасми?» демоқчи бўлган.

Смартфонда NFC модулининг йўқлиги чинакам камчилик. Аммо айни пайтда унинг ўрнини босадиган кўплаб дастурлар ҳам чиқиб кетди.

Жумладан, Honor 10 "сендвич" усулида олд ва орқа панеллари пишиқ шиша билан муштарак қилинган. Шиша остида эса металл панеллар мавжуд. Орқа панел шишадан тайёрланган.

Ён томондаги металл синчлар эса Huawei P20 Pro флагманидаги каби смартфонга ҳашам бағишлайди. Шу билан бирга, бу моделнинг кўриниши ихчам. Смартфон ўлчами Samsung Galaxy S8/S9 телефонини эслатиб юборади, экран диагонали ҳам шунча. Фақат Самсунг флагманида бармоқ изи сканери орқа панелда. Huawei эса 5.8 дюймли экранни ҳамда ультра товушли бармоқ изи сканерини олд панелга жойлаштирган.

Бироқ Honor 10 корпус масаласида "қовун тушириб" қўяди – сувдан ҳимоя йўқ, стереодинамиклар йўқ (лекин моно-динамик ҳам жуда сифатли ишлайди, Galaxy S8 моделидан яхши, Huawei P20 модели билан ҳам баҳслаша олади). Аммо бу – Honor, Huawei эмас.

 

Дисплей ва бошқа жиҳатлар

5.84 дюймли FHD+ экран Huawei P20 моделининг экранига ўхшаб кетади. Бу дисплей олд панелнинг 82.6 фоиз қисмини эгаллаб олган. Ён, тепа ва пастки ромлар анча юпқалашган.

Дисплей ҳам AMOLED/OLED эмас, IPS матрицали. Нархи билан солиштирадиган бўлсак, экран ёрқинлиги ҳамда ранг-тасвирни узатиши фойдаланувчини хурсанд қилади. Экраннинг пикселлар сиғими Full HD.

Экранда сурат намойиши ёрқин ва контраст юқори. Оқ тус оқ, қора тус ҳам ўзича тўйинган ва тасвирда табиий акс этади. Созламалар орқали ранг ҳароратини белгилаш ҳам мумкин. Дисплей OLED экранга ўхшагиси келади, бироқ бундай эмас. OLED бўлганида смарфтон имкониятлари янада ошар эди.

Биринчидан, OLED экран анча энерго тежамкор. Иккинчидан, бу турдаги экранда “AlwaysOnDisplay”, яъни экранда мунтазам фаол бир қисмни жорий қилиш мумкин.

Аудио қулоқчинлар орқали мусиқани тинглаш ниҳоятда завқли. Сабаби, АК4376A номли Hi-Fi аудиочип ўз вазифасини аъло даражада бажаради.

Илғор самарадорлик

Huawei ишлаб чиқараётган Kirin 970 имкониятларига кўра олдинги йилги Snapdragon 835 моделини эслатиб юборади. Унга нисбатан бугунги кунда Samsung Exynos 9810 ёки Qualcomm Snapdragon 845 чиплари анча кучли.

Шу билан бирга, нейронли чипнинг самарадорлиги кўпчилик учун маъқул. Бу процессор айрим жиҳатларда Samsung ва Sony каби ишлаб чиқарувчиларнинг флагманларини ҳам ортда қолдиради.

Маълумотларни 10 нанометрли техник жараёнда қайта ишлайдиган кучли, 8 ядроли Kirin 970 процессори сунъий ақл технологияси асосида ўз-ўзини ўқитиб, янги жиҳатларни ўрганиб бориши билан ўзига хос. График тасвирлар учун эса Mali-G72 MP12 видео картаси масъул. Смартфон 4 гигабайтли тезкор ҳамда 64/128 гигабайтли доимий хотира билан таъминланган.

Хитойлик бу ишлаб чиқарувчи платформанинг ишлаш тезкорлиги тушиб кетмаслиги учун ҳам моделларига Quad HD ёки 4K сиғимли экранларни қўйишмайди.

Шундай бўлса ҳам, Honor 10 самарадорликда етакчи смартфонлардан бири эканига шубҳа йўқ.

Смартфон Android 8.1 Oreo операцион тизимининг ўзлаштирилган EMUI 8.1 талқини бошқарувида ишлайди.

3,400 мА соат ток сиғимли аккумулятор эса куч-қувватга масъул. Honor 10 модели, шунингдек 5V/4.5A технологияси бўйича тезкор қувват олиш имкониятига эга бўлган. Яъни, 25 дақиқада қувватини 50 фоизга тўлдириб олади. 

қлли" камера ўзини оқлайди

Huawei – фотосурат олишни боплайдиган смартфон ишлаб чиқарувчи энг пешқадам хитойлик компания. Huawei P20 флагмани сурат олишда Apple iPhone X, Samsung Galaxy S9 ёки бошқа хоҳлаган мобил алоқа воситасини уялтиради. Honor 10 ҳам сурат олишда ўзининг рақибларини ер тишлатади.

Honor 10 процессорида суратни қайта ишлайдиган алоҳида қисм бор. Камера унга тасвирни кўрсатиши билан бу қисм автоматик равишда суратни сифатли қилиб муҳрлайди ва қайта ишлайди.

Honor 10 олд камераси имкониятларини Huawei P20/P20 Pro флагманларининг олд камераларидан олган – ёмон эмас, бироқ бу борада Galaxy S8/S9/Note8 селфи камералари сифатлироқ ишлайди.

Камераларда олинган суратларга ўзингиз баҳо беринг:

Смартфоннинг орқа панелида 16 мегапикселли RGB (рангли) сенсор ҳамда 24 мегапикселли монохром (оқ-қора) сенсор мавжуд. Уларнинг ёруғлик тақсимловчи линзаси f/1.8 стандартли. Бош камера ҳам "сунъий ақл" тизимига эга бўлган.

Бу камера 500 тадан зиёд манзарани 22 та тоифа бўйича ажрата олади ва шунга кўра сурат олади. Мисол учун, осмон, ўсимлик, одамларни, шаршарани суратга олиш вақтида камера манзарани билади ва шунга кўра ўзини ўзи созлайди.

Селфи учун Honor 10 моделига 24 мегапикселли камера сенсори ўрнатилган. Бу сенсор қиёфани 3D ўлчамда сканер қилади. Honor брендининг маълум қилишича, селфи камера юздаги юзлаб ўзига хос жиҳат ва белгиларни таний олади. Шунингдек, олд камерада ҳам орқа фон ғира-шира қилинган суратлар олиш мумкин.

Смартфон ёруғлик паст шароитда ҳам ёрқин ва деталларга бой суратлар олиш имконига эга.

 

Аккумулятор ва қувватлаш

Honor 10 йирик аккумулятори билан мақтана олади! Samsung 3000 мА соат "қувват тоши" билан S9 моделида чекланган бир пайтда, "қаҳрамонимиз" 3400 мА соат сиғимли аккумуляторни таклиф қилмоқда.

3400 мА соат электр қуввати фаол фойдаланганда сизга 1 кунга етади. Тунда эса смартфон 6% қувватини йўқотади. Қувватлаш учун USB-C порти мавжуд. Super Charge тезкор қувватлаш технологияси ҳам мавжуд. Қуйида смартфоннинг 0% дан 100% гача қувват олиш хронологияси билан танишинг:

15 минут - 13%
30 минут - 30%
45 минут - 47%
60 минут - 63%
75 минут - 78%
90 минут - 91%
100 минут - 97%
105 минут - 98%
110 минут - 100%

Huawei P20 моделида бўлгани каби, мазкур смартфон орқа панели ҳам шишадан тайёрланган бўлса-да, у симсиз қувват олиш имконига эга эмас.

Honor 10 (COL-39) техник жиҳатлари:

Операцион тизим

Android 8.1 Oreo

Экран

5,84”, 2280x1080 (19:9), IPS, 432 ppi

Процессор

HiSilicon Kirin 970, 8 ядро (4x Cortex-A53 1,8 ГГц + 4x Cortex-A73 2,36 ГГц), 10 nm FinFET+

Видео карта

Mali-G72 MP12

Оператив хотира

4/6 Гбайт (Ўзбекистонда ҳозирча 4 Гбайт талқин)

Доимий хотира

64/128 Гбайт

Алоқа

4G (LTE Cat.13), 3G, Wi-Fi (IEEE 802.11 b/g/n/ac), Bluetooth 4.2, GPS, ГЛОНАСС, ИҚ-порт, NFC

Камералар

Бош камера: 16 Мп, автофокус, диафрагма f/1.8, видео 3840x2160, ёрдамчи сенсор: 24 Мп, монохром, автофокус йўқ, диафрагма f/1.8

Олд камера: 24 Мп, автофокус йўқ, диафрагма f/2.0

Аккумулятор

3400 мА соат, ажралмас

Ўлчамлари

149.6x71.2x7.7 мм

Вазни

153 грамм

Ўзбекистондаги нархи

Ўртача 450 АҚШ доллари

Ўзига хосликлари

Смартфон фирманинг овозли бошқарув тизимини ҳам қўллаб-қувватлайди. Телефон блокировкада бўлганида ҳам смартфонга вазифа бериш мумкин. Бунинг учун, “Ok, Google” дейишҳам шарт эмас. Мисол учун, контактдаги одамларга қўнғироқ қилиш учун "Ҳой, оғайни, фалончига қўнғироқ қил" дейиш кифоя. Шунингдек, смартфонни қаердалигини билмасангиз, "Ҳой, оғайни қаердасан?" десангиз, смартфон овоз беради.

Шунингдек, энди экранни иккига бўлиб, бир вақтнинг ўзида икки иловадан фойдаланиш мумкин.

Чиройли смартфон таассуротли суратлар олади

Honor 10 олд камераси "ақлли" эканини ҳисобга олсак, у юзга қараб туриб тизимни блокировка қилиш функциясига эга бўлган. Бунинг учун диспелйни юқорига кўтариб, камерага қаралса кифоя.

Galaxy S9 ёки iPhone X флагманлари билан Honor 10 моделини таққослаш -- ақлга зид бўлиб туйилиши мумкин, бироқ нархига қарайдиган бўлсак, 450 АҚШ долларига бундай яхши девайснинг савдога чиқарилгани харидорни хурсанд қилади.

Бундай нархга камида икки йил аввалги, Samsung Galaxy S7 каби, флагманларни харид қила оласиз.

Honor 10 ўзининг нархида сотилаётган рақиблари орасидаги кучли девайс.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

 Афзаллиги

 Камчилиги

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!