Honor 8X ишлатиш сизга обрў келтирадими? (+фото ва видео)

Honor 8X ишлатиш сизга обрў келтирадими? (+фото ва видео)

Ўрта тоифадаги буджет смартфонлар ишқибозлари учун Huawei Honor (инг. Honor — обрў) 8Х смартфонини тақдим этади. Девайс компаниянинг бундай тоифадаги ягона қурилмаси эмас. Умуман олганда, Хитой компанияси бу турдаги смартфонлар билан бозорни тўлдириб юборган.

Нафис дизайнли Honor 8Х катта экран, иккита камера, тоифасига мос Kirin чипи ҳамда етарлича катта сиғимли аккумуляторга эга. Худди шу характеристикалар Honor Play, Note 10, View 10; Mate 20 Lite, nova 3, nova 3i, Y9 ва бошқа смартфонларда ҳам бор. Хўш, унда, Ҳонор 8Х'нинг ўзига хослиги нимада? Келинг, қуйида смартфонни таҳлил қилиб чиқиш билан ушбу саволга жавоб топамиз.

Mate 20 серияси қурилмаларига флагман Kirin 980 чипи ўрнатилиши бошланиши билан аввалги 970 флагман модели автомотик равишда ўрта тоифа процессорлари қаторига тушиб қолди. Демак, энди ўрта тоифадаги Kirin 970'нинг кўпроқ смартфонларга ўрнатилишини кутсак бўлади. Ваҳоланки, негадир ўрта тоифа Honor 8Х'да бу процессор ўрнатилмади.

Honor 8Х 6,5" 1080p ўлчамдаги катта экранга эга, экраннинг юқори қисмида селфи камера ва карнай учун панель ўрнатилган.

Орқа томонда ёруғ диафрагма ва Тунги режим функциясига эга, сифатли портретлар олишга қодир қўш камера ўрнатилган. Бу модул жорий йил бошида флагман P20 сериясида тақдим қилинганди.

Техник маълумотлар:

Корпус: алюминий ҳошия;

Ўлчамлари: 160.4х76.6х7.8 мм;

Оғрирлиги: 175 г.

Дисплей: 6.5“ IPS LCD, 1,080х2,340px, 19.5:9 нисбат, 396ppi.

Орқа камера: асосий: f/1.8 апертурага эга (фокус узунлиги 27 миллиметрга тенг) 20 мегапикселли модул; фазани аниқловчи фокус; 2 мегапикселли сатҳ камераси;

Олд камера: 16 мегапикселли, f/2.0 апертурага эга модул;

ОТ: Android 8.1 Oreo, EMUI 8.2;

Процессор: Kirin 710 чипи: саккиз ядроли асосий процессор (4х2.2 Ггц Cortex-А73 & 4х1.7 Ггц Cortex-А53), Mali-G51 MP4 график процессори;

Хотира: 6/4 ГБ тезкор хотира, 64/128 ГБ доимий хотира, microSD учун уя;

Аккумулятор: 3750 мА/соат, 5V/2А қувватлагич;

Алоқа тури: Dual SIM; Wi-Fi a/b/g/n/ac, Bluetooth 4.2; NFC; microUSB 2.0; 3.5 мм аудио жек.

Нархи: 1 760 000 сўм (сотиб олиш)

Қўшимча кўрсаткичлар: Histen 5.0; иккиталик микрофон, бармоқ изи сканери (орқа томонда).

Юқоридаги кўрсаткичлардан девайс етарлича функционал эканлигини кўриш мумкин. Ваҳоланки, бу ерда ўзига хос, ажралиб турувчи ҳеч қандай жиҳат йўқ. Honor 8Х Huawei'нинг бошқа ўрта тоифа смартфонлари билан техник жиҳатдан деярли бир хил. "Бошқалардан фарқ қилмаса, нима учун бу қурилмани сотиб олиш керак?" деган табиий савол туғилади. Ана энди, нархига эътибор беринг. Шунда, ҳаммаси тушунарли бўлади. Демак, ҳамёнбоп харид қилмоқчи бўлсангиз, қаҳрамонимизни ҳам эътибордан четда қолдирманг. 

Мана, қурилма билан қисқача танишиб олдик. Келинг, энди уни қутидан очиб кўрамиз.

Қадоқ таркиби

Honor 8Х ҳамёнбоп смартфон бўлганлиги учун унда баъзи жиҳатлардан воз кечилган. Буни қутидаги тўплам кўрсатиб турибди. Қоғоздан ишланган қутида microUSB кабели ҳамда 10W лик қувватлагич адаптер бўлади. 

Шунингдек, Huawei сизга шаффоф силикон ҳимоя ғилофи ҳам тақдим этади.

ЎҚИНГ: Ниҳоят, HongMeng операцион тизимли илк гаджет намойиш этилди!

Дизайни

Honor'дагилар 8X'га синалган ва оммабоп сендвич ойнаси (икки томони шиша) дизайнини қўллашган. 8Х ҳамёнбоплар сирасига кирса ҳам, компания унда шунчаки олдинги дизайнлардан фойдаланиш билан чегарланмади. 

Honor 8Х кўплаб жиҳатлардан "мосуво" этилган бўлса-да, дизайн булар сирасига кирмади. Телефонда сўнгги тенденция дизайнларидан қочилмаган бўлса ҳам, ишлаб чиқарувчи уни ўзига хос ноёб қилиш усулини топган. Бачканалашиб кетмаган ҳам.

Олд панель 6,5" катталикдаги LCD экран ва унинг юқорисидаги камера тирқишидан иборат. Тирқишда барча зарур элементлар: марказда карнай, чапда бир нечта датчиклар ва ўнг томонда 16МП селфи камера жойлаштирилган. Жуда кичик ва ёруғ бўлмаган билдиришномалар учун LED чироқ ҳам шу ерда.

Пастки ромдан бошқа барча ромлар ўрнатилган LCD дисплей учун ниҳоятда ингичка, бироқ бу ҳозирда барча "edge-to-edge" (у четдан-бу четгача чўзилган) дисплейлар учун одатий ҳолдир. Панельнинг айнан мана шу қисмида дисплейни назорат қилувчи элемент жойлашган бўлиб, уни олиб ташлаш ўта қимматга тушади. Ишонмасангиз, iPhone XR'нинг нархини текшириб кўринг.

Honor ўзининг расмий саҳифасида бу ҳақда маълумот бермаган бўлса-да, экранни қирилишлардан сақлайдиган олд шиша Gorilla Glass 3 бўлиши керак. Шиша юпқа бўлиб, четлари жуда нозик 2.5D номинальга эга. 

Орқа томон дизайнида эса ишлаб чиқарувчи ўзининг бор маҳоратини ишга солиб, креатив бўлишга ҳаракат қилган. Бу, албатта, ўз сўзини айтди. Юқори қисмида қўшкамера модули жойлашган панельнинг чап томони қолган қисмлардан фарқли текстурага (бу ерда силлиқлик даражаси назарда тутилмоқда) эга бўлиб, унчалик товланувчан эмас. Мана шу жиҳат уни бошқа Huawei/Honor смартфонларидан ажратиб туради. Смартфон 4 хил: қора, кўк (кўпчилик ёқтирган), қизил ва пушти рангларда сотувда мавжуд.

Қўш камералар битта "уя"да жойланмаган. Ҳар иккисининг атрофида бирини бошқасидан ажратиб турувчи металл айлана мавжуд. Афсуски, ушбу икки объектив корпусдан анча бўртиб чиқиб туради. Шу учун, телефонни текис юзага қўйганда яхши ўрнамайди.

Орқа панель шишаси Gorilla Glass бўлмагани боис юзада чизилишлар тез ҳосил бўлади. Шу учун қурилмадан ғилофсиз фойдаланиш яхши фикр эмас; айнан мана шу учун қадоқдаги силикон ғилоф керак бўлади.

Смартфон рамкаси алюминийдан қилинган.

Honor 8Х'да барча керакли нарсалар - 3.5 мм аудио жек, иккита SIM карта ва microSD учун уя ҳамда microUSB порти мавжуд. microUSB порти ўрнатилгани бироз ҳафсалани пир қилади, аммо Huawei Kirin 6 сериясидаги процессорлардан воз кечишига қанча вақт кетганини инобатга олиб, яқин ўртада бу тоифа телефонларида USB-C порти қўйилишини кутмасак ҳам бўлверади.

Honor 8Х'нинг ўлчамлари катта: 160.4х76.6х7.8 мм, оғирлиги эса 175 граммни ташкил қилади. Смартфон Huawei Mate 20 каби катталикда бўлса, вазн жиҳатидан ундан бироз енгилроқ.

Хўш, келинг энди экран билан яқиндан танишамиз. Қани, кўрайлик-чи, курашда ўзини қанчалик яхши намойиш қиларкан.

 

ЎҚИНГ: Кутиб олинг: Huawei P Smart Z!

Синовлар: дисплей, аккумулятор автономлиги, карнай ва овоз сифати

Дисплей

Honor 8X'га резолюцияси 1,080х2,340 пиксел бўлган 6,5“ IPS LCD дисплей ўрнатилган. Пиксел зичлиги 396 пиксел/дюйм бўлиб, бу тасвирларнинг анча аниқ кўринишини таъминлайди. Экран нисбати ҳам анча кенг/узун: 19.5:9. Corning компаниясининг Gorilla Glass 3 шишаси эса уни дарз кетишдан ҳимоялаб туради.

Экраннинг максимал ёруғлик миқдори 430 нитга тенг. Бу бугупги кун смартфонлари кўрсатаётган энг яхши кўрсаткич эмас, албатта, лекин Honor 8X'нинг тоифасига нисбатан яхши натижа, деса бўлади. 1:1234 номиналли контраст нисбати ҳам анча яхши.

Синовлар жараёнида инсайдерлар 2.4 нитли минимал ёруғлик кўрсаткичини олишган.

Қуёшли жойдаги тиниқлик даражаси мақташга арзирли эмас, яъни телефондан ташқаридаги ёруғликда фойдаланишга уриниш бефойда. Қуёш нурлари тўғрима-тўғри экранга тушса, ҳеч нарсани кўриб бўлмайди.

Мана, ранглар аниқлигига ҳам навбат етиб келди. Дисплей режимларининг кўплиги кишини чалғитиб юборади, шу учун бу ҳақда фақат қисқача тўхталиб ўтамиз.

Қадоқдан биринчи марта олиб ишлатганингизда смартфон Vivid (режими) + Default (ранг ҳарорати) га созланган бўлади. Мутахассислар ўртача deltaE 7.5 га тенг эканлиги, оқ нуқтада максимал оғиш миқдори эса 12 га тенглигини аниқлашган (кўкка томон оғади). Бунда экранда нима тасвирланаётган бўлса ҳам, кўк ранг анча сезиларли даражада кўзга ташланади.

Агар сиз учун ранглар аниқлиги муҳим бўлса, шунчаки экранни Normal (режими) + Warm (ранг ҳарорати)га созлаб қўйинг. Бу борадаги маълумотлар якуни сифатида айтишимиз мумкинки, кўк нуқтада ўртача deltaE'си 3.7, максимал оғиш даражаси эса 9 га тенг бўлган Honor 8X сизга етарлича аниқ ранглар гаммасига эга бўлиш имконини беради. 

Аккумулятор автономлиги

Қаҳрамонимизга ўрнатилган 3,750 мА/соат сиғимга эга аккумулятор 10W (5V/2А) ли қувватлаш технологиясини қўллаб қувватлайди. Компания тақдим қилган қувватлагич аккумуляторга ярим соат ичида 29% қувват беради.

Аккумулятор автономлиги борасидаги синовларда Honor 8X аъло натижа қайд этган. Видео синовларда қувват 12 соатдан кўпроққа етган бўлса, Wi-Fi билан web-бравзинг вақти 11 ярим соатга тенг бўлган. 3G орқали овозли қўнғироқларда аккумулятор бир ярим кунгача чидаш бергани ҳам ёмон эмас. Бунга қўшимча, аккумуляторнинг автоном ишлаш вақти 96 соатга тенг.

Карнай

Honor 8X'га битта карнай ўрнатилган бўлиб, у ҳам қурилманинг қуйисида. Овоз баландлиги синовларида карнай жуда яхши баҳо олган. Овоз сифати ҳам яхши, лекин охирги пайтлардаги бошқа телефонларникидан афзалроқ эмас.

Овоз сифати

Honor 8Х ташқи овоз кучайтиргич билан кайфиятимизни кўтарди. Бунда қурилма етарлича баланд ва ўта аниқ овоз ишлаб чиқар олди. Аммо...

Қулоқчинларда эса овоз баландлиги ўртачадан ҳам пастлаб кетди.

ЎҚИНГ: "5G Fighting Championship": Galaxy Note 10 5G vs. Galaxy S10 5G

Android 8.1 юзасида EMUI 8.2 интерфейси

Honor 8Х Android 8.1 да ишлайди, юзасида худди Honor 10 ва Honor Play'ларда бўлгани каби EMUI 8.2 интерфейси ўрнатилган. EMUI худди лаунчердек деган гап, шу учун оддий, содда ва ўзингиз ўрганган Android дизайни ва бошқарувини хоҳласангиз, бошқа смартфонларни кўриб чиқишингизни маслаҳат берган бўлардик. EMUI'нинг янги v8.2 версиясида Face Unlock функцияси ва галерея иловаси такомиллаштирилган ҳамда Party Mode (Базм режими) қўшилган бўлиб, бу билан мусиқани бир неча қурилма орқали синхронлаштириш имкони мавжуд, яъни, масалан, битта қўшиқни бир вақтнинг ўзида бир нечта карнайда тинглаш имконига эга бўласиз.

Экран тепасидаги тирқиш панелни ёқтримасангиз, созламалардан уни "яшириб" қўйишингиз мумкин. Бошқача қилиб айтганда, смартфон сизга тирқиш атрофига қора рангли сатр чиқариб, экранда гўё тирқиш йўқдек кўриниш ҳосил қилиш имконини беради. Бироқ шуни унутмангки, бундай хусусият LCD экранда AMOLED'дагидек лаби ишламайди — тирқиш бутунлай "беркитилмайди".

Компания ўрнатган режимда, EMUI 8'да иловалар тугмаси бўлмайди — интерфейс худди iPhone'даги каби бир даражалидир. Бироқ Android'нинг одатий тузилишини афзал кўрсангиз, созламалардаги Дисплей параметрлари бўлимидан буни ўзгртиришингиз мумкин. Шунингдек, жуда қулай бўлган қидирув функцияси ҳам мавжуд бўлиб, керакли файлларни бош экраннинг бўш қисмини паст томон чертиш билан функцияни ишга туширсангиз бўлади.

EMUI'да, бундан ташқари, одатдагидек, Magazine Lock Screen (Журнал блок экрани) функцияси ҳам мавжуд бўлиб, бунда ҳар сафар блокланган экранни ёққанингизда, обой (экран расми) ўзгариб туради.

Huawei'нинг EMUI'идаги бир қатор жиҳатлар, масалан, юзга очиш (унчалик ишончли эмас), смарт экран айланиши ва экранни ёқиш учун кўтариш (lift to wake)ни ўзингизга мослаштириб олиш имконини яратади. 

Хоҳишингизга кўра, мавжуд қатор мавзулардан бирини танласангиз ҳам бўлади.

Билдиршномалар панели ҳам одатдагидек. 

Бир вақтда бир неча иловадан фойдаланиш (multitasking) ҳам стандард равишда очилади. "Яқинда фойдаланилган иловалар" тугмасини босиб бир неча сония ушлаб турсангиз, бўлинган экран фаоллашади.

Телефон менежери (Phone Manager) иловасида хотира омборини кешдан тозалаш, аккумулятор параметрлари, блокланган рақамлар, Avast асосидаги вирус сканери ҳамда мобил интернет кабиларни топасиз.

Смартфонга Huawei Health иловаси аввалдан ўрнатилган бўлади. Иловани Google Fit билан синхронлаш ва қадамларни санаш мумкин. Компания ўрнатган стандард иловалар орасида қайдлар ва файллар иловалари ҳам бўлади. 

EMUI'нинг 8.2 версиясидаги Галерея иловасига сунъий онг қўшилган. Илова эндиликда расмларингизни сиз автоматик равишда гуруҳлаб беради. Бунда илова геожойлашув теглари, сана, воқеа ва б. дан фойдаланади.

Honor'дагилар FM радиони ҳам унутишмаган.

Базм режими функцияси Party Mode иловасида мавжуд бўлиб, бу EMUI 8.2'нинг энг эътиборли жиҳатларидан.

Ишлаши. Синтетик тестлар

Honor 8Х Hauwei'нинг ўзи чиқарган ўрта тоифа Kirin 710 чипи ўрнатилган иккинчи смартфон (чип самардорлиги ҳақида аккумулятор ҳақидаги бўлимда аллақачон тўхталиб ўтдик) бўлиб, 4х2.2 Ггц Cortex-А73 & 4х1.7 Ггц Cortex-А53'лардан иборат саккиз ядроли асосий процессори (CPU) бор. График процессори (GPU) эса Mali-G51 MP4'дир. Қуйидаги синовлар смартфоннинг 4ГБ оператив хотирали талқинида амалга оширилган. Баъзи ўринларда 6ГБ'лисидан фойдаланилган.

Huawei'дагилар олдинги 65x чипларидан воз кечишгани қувонарли ҳол. Honor 8Х'га ўрнатилган Kirin 710 чипи айнан мана шу 65x чипларининг бугунги истеъмолчи талабига мос равишда CPU ва GPU'си кучайтирилган авлоди, десак ҳам бўлади.

Якка ядроли CPU синовлари натижаларига эътибор берсак, Honor 8Х Snapdragon 660 чипи ўрнатилган Realme 2 Pro'ни доғда қолдиргани ва S636 чипли Redmi Note 6 Pro'дан эса анчайин олдинда эканлигига гувоҳ бўламиз. Бироқ Kirin 970'да ишловчи Honor Play эса қаҳрамонимиздан кучлироқлигини ҳам тан олмасдан илож йўқ, сабаби у флагман-да.

«Куч — бирликда», деганларидек, барча ядролар бир бўлиб синовдан ўтганда Realme 1'нинг Helio P60'ига мос рақиб бўлди, Honor Play'дан ҳам ўта катта фарқ қилмайди. Қолган рақибларни эса "чангида қолдирди". Юқорида ҳам таъкидланганидек, Kirin 710 аввалги серия Kirin 659'нинг (Mate 10 Lite, Honor 7Х'ларга ўрнатилган) анчайин такомиллаштирилган талқинидир.

График синовларида эса бизнинг қаҳрамонга Honor Play'дан бошқа кучлироқ рақиб топилмади. GFX Car Chase синовида эса Honor 8Х график процессори Realme 2 Pro'даги Snapdragon 660 чипининг Adreno 512 GPU'си билан деярли ўхшаш натижа қайд этди.

Чиплар ўртасидаги аниқ фарқни AnTuTu 7 синови кўрсатиб берди. Унга кўра, Honor'нинг 8Х'и Helio P60'да ишловчи Realme 1 билан бир қаторда тура олиши, S660'ли Realme 2'дан устунлиги, эски Kirin чипли девайсларга эса ўта кучли рақиб эканлиги исботланган.

Шундай қилиб, сўнгги серия ҳамёнбоп Kirin чипи Snapdragon 660 билан бир хил даражада кучли процессор экан. Катта босим остида ишлаётганда ҳам Honor 8Х унчалик қизиб кетмайди ва ишлашда "қийналаётгани" ўта камдан-кам ҳолларда сезилади.

Сунъий онгга эга орқа камера

Honor 8X'га 20 мегапикселли асосий орқа камера, бунга қўшимча 2 мегапикселли сатҳ камераси ўрнатилган. Асосий модулнинг апертураси f/1.8 бўлиб, фокус узунлиги 27 миллиметрга тенг. Фокус яхшироқ чиқиши учун фаза аниқланишидан ҳам фойдаланилади. Паст ёритилган ҳудудда тавирга олиш учум LED чироқ ҳам бор.

Сунъий онг (инг. Artificial intelligence — AI) алгоритми 22 хил категориядаги манзара ва объектларни таний олади ва тасвир параметрларини шунга кўра автоматик созлайди. Ваҳоланки, реал эффектда, одатдагидек, контраст ўта ошириб юборилади, ранглар ҳам ҳаддан ташқари кўп кучайтириб юборилади. Аммо бу унчалик ҳам катта муаммо эмас: эффектни осонгина ўчириб/ёқиб қўйиш мумкин. Лекин барча AI тасвирлари резолюцияси 12 мегапиксел бўлиши жуда ғалати.

Шунингдек, Тунги режим ҳам мавжуд бўлиб, бу билан сифатли тасвирлар ҳосил қила оласиз.

Камера иловаси
Камера иловаси

 

AI режими
Тунгги режим
Ўзгарувчан диафрагма

 

Яқинда чиқарилган Huawei смартфонидан фойдаланганлар учун Камера иловаси интерфейси таниш: ҳар галгидек тартибсиз. Ойнанинг қуйи қисмида режимлар қатори мавжуд бўлиб, чапдан ўнгга ҳаракатлантириш билан улардан бирини танлаш мумкин. Юқори ва пастга томон свайплар билан камераларни олд камерадан орқа камерага ва аксинча ўтиш имкони мавжуд эмас. Махсус тугмача орқалигина буни амалга ошириш мумкин. Тасвир кўринаётган майдонни бармоғингиз билан икки томонга тортиб, тасвир яқинлиги/узоқлигини созлашингиз мумкин.

Режимлар

 

Pro режими

Pro режими ҳам мавжуд бўлиб, унда ISO (50 дан 3200 гача) тасвирга олиш тезлиги (1/4000с дан 8с гача), экспозиция компенсацияси (1/3 тўхташ босқичида -4 дан +4EV гача) ва оқ баланс (преустановкалар ва ёруғлик ҳарорати) каби параметрларни ўзининг созлашингиз мумкин.

Сунъий онг воситасида дефокусланган фонлар оммалаша бошлагандан сўнг, эндиликда Huawei ва Honor'ларга ҳам Портрет, ҳам Диафрагма режимлари қўшилмоқда. Диафрагма режимида f/0.95 дан f/16 гача бўлган оралиқдаги диафрагма имитацияларидан бирини танлашингиз мумкин. Расмга олиб бўлганингиздан сўнг, хоҳласангиз Галерея иловаси орқали тасвир диафрагмаси ва фокусини ўзгартиришингиз ҳам мумкин. 

Портрет режимида эса фонни блурли ёки блурсиз қилишингиз, имитацияланган ёруғликни ўзгартиришингиз ҳамда 0 дан 10 гача бўлган оралиқда гўзаллаштириш элементини қўшишингиз мумкин.

Тасвир сифати

Кун ёруғида олинган тасвирлар сифати турлича. Аксариятида контраст яхши, ранглар ҳам аниқ, динамик диапозон ҳам ўзига яраша. Аммо резолюцияланган деталларнинг энг яхши ҳам ўртача сифатли. Барглар тасвирга олинганда эса сифат ўта қониқарсиз. 

Агар AI режимини танласангиз, расмларингиз 12 мегапиксел қилиб сақланади. Яхшиямки, Honor 8Х'да AI P20 даги каби эмас. Тўғри, яшил объектлар ва мовий осмон сатурацияланиб кетади, бироқ ҳаддан ташқари кўп эмас. Тасвирлар сифати 12 мегапикелга туширилгани боис объект аниқроқ кўринади, лекин шунда ҳам барг уюми тиниқ тасвирланмайди.

Паст ёритилган майдонда сунъий онг режимидан фойдаланмай олинган 20 мегапикселлик расмлар хира, 100% яқинлаштирилганда эса умуман сифатсиз чиқади.

AI режимида олинган қуйи ёруғликдаги 12 мегапикселлик тасвирлар ҳам хира, ранглар эса ўта тўқ. Лекин шунда ҳам сунъий онгсиз олинган расмлардан кўра маълум даражада тиниқроқ. Демак, қоронғу жойларда AI режими билан оддий режимлардагидан оз бўлса ҳам юқорироқ сифатли кадр олса бўлади.

Honor 8Х энг қиммат Huawei P ва Mate смартфонларидек узоқ экспозицияли расмлар олишга қодир. Бу тунги вақтда фойда беради, фақат объект тез ҳаракатланмаётган бўлса, албатта.

Тунги режим билан олинган кадрлар етарлича деталга эга, хиралик даражаси ҳам ўта юқори эмас, ранглар эса аниқ тасвирланган. Бу режим билан олинган расмлар 8 мегапикселли бўлиб сақланади.

Портретлар

Honor 8Х'да 2 мегапикселли иккинчи сатҳ камераси ҳам бўлиб, тасвир чуқурлигини ўлчаб, Портретлар ҳосил қила олади. Портрет расмлар 8 мегапиксел бўлиб сақланади. Уларнинг деталга бой, жуда яхши сифатли ва ўткир бўлиб чиқиши, албатта, кутилмаган эди. Расмга тушаётган шахсни фондан ажратиб олиши ҳам яхши ишлайди. 

Блур даражасини ўзгартира олмайсиз, лекин гўзаллаштриш даражаларидан исталганини танлаш имкони бор.

Ўзгарувчан диафрагма

Диафрагма режимида тасвир сақлангандан сўнг фокусни ўзгартириш ҳамда f/0.95 ва f/16 диапозон оралиғидаги апертураларни имитация қилиш имкони мавжуд. Бу режимда камера объект/субъектни фондан яхши ажрата олади. Шундай қилиб, ушбу режим сизга сифатли тасвирлар ҳосил қилиш имконини беради.

f/1.0
f/1.0
f/2.0
f/4.0
f/11

 

Селфилар

Селфи олиш учун Honor 8Х'да 16 мегапикселли ўзгармас фокусга эга камера қўйилган. Очиғи, бизга қолса, ўн олтининг бир нечта мегапикселини автофокус функцияси билан айирбошлаган бўлардик. 

Смартфонни ўзингидан етарлича тўғри даражада масофада жойлаштирсангиз, олинган селфингиз деталларга бой бўлиб чиқади. Ранглар ҳам аниқ, динамик диапозон эса селфи камера учун етарли даражада мақтарли бўлиб чиқади.

Портрет режими ҳам мавжуд. Ҳар сафар орқа камерадан олд камерага ўтганингизда камера компания ўрнатган созламаларга кўра, автоматик равишда мана шу режимда ишга тушади (бу бироз ғалати). Фон блурини ёқишингиз ёки ўчиришингиз ҳам мумкин. Шунингдек, режимда 0—10 гача бўлган гўзаллаштириш даражаси ҳам бор.

Видео ёзув

Максимал видео резолюцияси 1080p га тенг.

Honor 8Х максимал даражада 1080p резолюцияли 30 кадр/с (60 кадр/с ли варианти ҳам мавжуд) видео ёзиш қобилиятига эга. Бироқ видеолар стабилизацияланмайди. 

Доимий параметр асосида видео тасвирлар h.264 кодекида кодланади. Истасангиз, h.265 ни ҳам танлай оласиз. Овоз ўзгармас равишда стерео форматда, 192 кбит/с тезликда ёзилади. 

1080p/30fps форматдаги видеолар сифатли, деталга бой. Контраст ҳам чакки эмас, ранглар ёрқин. Бироқ, масалан, баргларни видеога туширсангиз, тасвир сифатли чиқмайди. Ахир, қаҳрамонимиз флагман эмас-да.

Якуний хулосалар

Honor 8X арзон ва кўп жиҳатларга эга ўрта тоифа смартфондир.

У ўзининг edge-to-edge экрани, кўзни қамштирувчи дизайни, юқори резолюцияли қўш камераси, Тунги режими ва ишончли аккумулятори билан мақтана олади. Тўғри, Honor 8X билан 4K видеолар олиб бўлмайди, бироқ камеранинг бошқа жиҳатлари унчалик ҳам ёмон эмас.

Смартфон бу нарх атрофидаги девайслар орасида энг кучлиси бўлмаслиги мумкин, лекин энг сифатсизи ҳам эмас. Ўйин ўйнайсизми, видео ёки селфи оласизми, тунда ажойиб тасвир ҳосил қилмоқчи бўласизми, қаҳрамонимиз буларнинг барчасини қийналмасадан уддалай олади. Аккумулятори эса бу вазифаларни анча узоқ муддат бажаришингизни таъминлаб беради. 

Рақиблар

Honor 8X ўтган йилги Honor 7X'нинг анчайин янгиланган талқинидир, бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ёки буни Huawei Mate 20 Lite'нинг каттароқ экран, ўзгача селфи камера ва арзонроқ нахрдаги рибренд тақлини, десак ҳам хато бўлмас.

Лекин 8X'дан 400 000 сўм атрофида қимматроқ бўлган Honor Play смартфони ҳам бор ва нархининг ҳамёнбоплиги билан унинг "йўлига тўғоноқ бўлиши" мумкин. Honor Play экран, камера, аккумулятор автономлиги борасида 8X билан бир хил, бироқ унда флагман тоифа Kirin 970 чипи ўрнатилган. Ҳа, айтганча, у яна металлдан ишланган.

Galaxy A7 (2018) смартфони ҳам муносиб рақобатчи. Унда 6 дюймли Super AMOLED экран, Honor 8X'никидек кучли процессор ва учта камера мавжуд. Лекин камчилиги, унинг пластик корпуси ва 3,300 мА/соатли аккумуляторидир. А7 ҳам 400 000 ча қимматроқ. 

Realme 2 Pro ҳам яхши муқобил. Томчи камерали 6,3" дисплей, кучли Snapdragon 660 чипи, сифатли камера ва 4K видео ёзув функцияси каби мақтарли жиҳатлари бор. 1 500 000 сўм атрофидаги нархи билан Honor'дан арзонроқ. 

Агар аудио порт ва microSD уясисиз телефон ҳам бўлаверади десангиз, Xiaomi Mi A2 энг яхши муқобилдир. У Snapdragon 660 чипи, Honor'никидан яхшироқ асосий ва селфи камераси, тезроқ қувватлана олиши билан мақтана олади.

Бундан ташқари Mi A2 Lite, Oppo F9 ва Nokia 7.1 (бироз қимматроқ) лар ҳам эътиборга лойиқ вариантлар сирасига киради.

ЎҚИНГ: Huawei билан Google зўр режа тузганди, лекин Трамп унинг «илдизига болта урди»!

Хулоса

8.4балл

Дизайн

Нархи

Ишлаши

Процессор

Камера

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Terashop.uz 1 830 000 сўм Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • Жиловдор дизайн
  • Яхши контрастли катта экран
  • Етарли даражада аккумулятор автономлиги
  • Сифатли тасвирлар олиш имкони
  • Тоифаси учун кучли процессор

 Камчилиги

  • Тезкор қувватлашнинг йўқлиги
  • microUSB порт
  • 4K видеолар олиб бўлмаслиги
Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!