Honor 9 Lite: Huawei 180 долларлик "ромсиз"ни тақдим қилди

Honor 9 Lite: Huawei 180 долларлик

Ромсизлик — бу йилги флагманларга ва ўрта нархли смартфонларга хос бош тренд бўлди. Huawei ҳам бу тенденциядан қолиб кетгиси келмаяпти ва шундай тамойилдаги бир неча смартфонларни тақдим қилди.

Хитойлик смартфонсоз ўзининг Honor 9 моделини шу йилнинг 12 июнида намойиш этган эди. Унинг Lite версияси ҳам чиқаётгани ҳақида кўп гап-сўзлар тарқалди.

Кеча тақдим қилинган Honor 9 Lite модели ҳам дисплей атрофини ўраб олган юпқа ромлари билан диққатга сазовор. Huawei қўш сенсорли бош камера технологиясини ҳам усталик билан ўзлаштирган ва бу гаджетида татбиқ қилган. Ҳатто, бу гал селфилар учун ҳам 2 та камера модули ўрнатилган.

Тезкор бармоқ излари сканери, фирманинг 8 ядроли, 2,36 ГГц частота тезлигида ишлайдиган Kirin 659 чипсети, 3/4 Гб тезкор ҳамда 32/64 Гб доимий хотираси билан Honor 9 Lite фойдаланувчини хурсанд қилади. Шунингдек, microSD бўлмачасига сиғими 256 гигабайтгача бўлган хотира флешкасини ўрнатиш мумкин.

Honor 9 Lite'нинг аккумулятори 3000 мА соат сиғимли токни жам қилади. Смартфон Android 8.0 Oreo операцион тизимининг ўзлаштирилган EMUI 8.0 талқинида фаолият кўрсатади.

Honor 9 Lite дисплейининг диагонали 5,65 дюйм, сиғими эса 2160х1080 белгига тенг. Экран томонларининг нисбати 18:9 га тенг ва у IPS матрицали. Тўғриси, ҳар дюймда 428ppi пикселнинг бўлиши барча фойдаланувчиларни бирдек хурсанд қилади.

Honor 9 Lite корпуси ҳар икки томондан 2.5D шаклидаги, кўзгу каби жилодор шиша панеллар билан қопланган. Смартфон қора, кул ранг, оқ ҳамда кўк рангли корпусларда ишлаб чиқарилмоқда.

Huawei бу смартфонида бир оз "қовун туширган" жойлари бор. Мисол учун, ўртача нархли бошқа моделлари каби, бу гал ҳам Honor 9 Lite NFC модулидан маҳрум бўлган. Бу эса фойдаланувчини тўловларни яқин масофадан туриб контактсиз тўлаш каби имкониятдан маҳрум қилади. Бироқ, ҳамма ҳам бу функцияга зарурат сезмайди.

Бош камера модулларининг сиғими: 13 Мп + 2 Мп. Унда PDAF ва HDR каби технологиялар жорий қилинган. Олд камера ҳам худди шундай сиғимдаги 2 та сенсорларга эга бўлган.

Honor 9 Lite сотувга 26 декабрдан бошлаб чиқарилади. Унинг арзон, яъни 3/32 Гб хотирага эга талқини $182, ўрта модификацияси, 4/32 Гб хотирали версияси $228 ҳамда юқори, яъни 4/64 Гб хотира талқинидагиси $273 АҚШ долларидан сотилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!